Артур Бетербиев, Жанибек Алимхонулы ва Тайсон Фьюри каби юлдузларни мағлуб этган боксчиларимиз ҳақида биласизми?
Профессионал бокс ва ҳаваскор йўналишнинг ўртасида катта фарқ борлиги бу факт бўлса-да, барибир ҳаваскорда олинган мактаб профда ҳам ўз сўзини айтади.
Профессионал йўналишда ажойиб натижалар қайд этган, Артур Бетербиев, Сергей Ковалёв, Каллум Смит, Мигель Котто, Жанибек Алимхонулы, Билли Диб, Жош Келли каби боксчилар ҳам ҳаваскор боксда тобланишган.
Ҳа, профессионал боксни ларзага солаётган кўплаб боксчилар ҳам ҳаваскорда ўз одимларини бошлаган-ку, нега айнан бу боксчилар санаб ўтилди, деган савол туғилиши табиий...
Бунинг ўз сабаби бор ва биз бу борада сўз юритамиз. Демак, профессионал боксда чемпионлик камарларини қўлга киритган ушбу боксчилар ҳаваскор йўналишда айнан ҳамюртларимиз томонидан мағлуб этилган эди.
Муҳаммадқодир Абдуллаев - Мигель Котто;
Биринчи Олимпиада чемпионимиз Сиднейдаги Олимпия ўйинларининг саралаш босқичида Котто устидан ғалаба қозонган. Пуэрто-Рико вакили кейинчалик профессионал боксда WBC, WBО, WBА чемпионлик камарларини қўлга кирита олган эди.
Аббос Атоев - Артур Бетербиев;
Профессионал бокснинг ярим оғир вазн тоифасида собиқ мутлақ чемпион Бетербиев 2007 йилги жаҳон чемпионати финалида Атоев томонидан мағлуб этилган.
Аббос Атоев - Каллум Смит;
Иккинчи ўрта вазн тоифасида собиқ WBА чемпиони бўлган британиялик боксчи ҳам 2011 йил Германиядаги халқаро турнирда ҳамюртимиз тўсиғидан ўта олмаганди.
Аббос Атоев - Сергей Ковалёв;
Бухоролик боксчимиз яна бир юлдуз, ярим оғир вазн тоифасида WBО, WBА, IBF собиқ чемпиони Ковалёвни 2008 йил Москвадаги турнирда нокаутга учратган.
Дилшод Маҳмудов - Билли Диб;
Яқин ўтмишдаги яна бир маҳоратли вакилимиз Дилшод Маҳмудов 2003 йил ярим енгил вазнда собиқ IBF чемпиони саналадиган Билли Дибни Таиландда ўтказилган жаҳон чемпионатининг саралаш баҳсида мағлуб қилган эди.
Достон Турдиев - Жош Келли;
31 январь куни россиялик Бахрам Муртазалиевни мағлуб этиб, биринчи ўрта вазнда IBF чемпионига айланган Жош Келли ҳаваскор боксда ҳамюртимиз Достон Турдиевга имкониятни бой берган эди. Турдиев 2014 йил Қозоғистондаги турнирда Келлига хеч қандай имконият қолдирмаганди.
Бектемир Мелиқўзиев - Жанибек Алимхонулы;
Ҳозирги кунда профессионал йўналишда ҳам тобора титулга яқинлашиб бораётган Мелиқўзиев 2015 йил Бангкок шаҳрида ташкил этилган Осиё чемпионати чорак финалида қозоғистонлик ўрта вазн тоифасида IBF, WBО чемпиони бўлган Алимхонулини мусобақадан чиқариб юборган.
Буларни сафига Сардор Абдуллаевни ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Тайсон Фьюрини мағлуб этганини ва Ўткирбек Ҳайдаровни Андре Уордга қарши жангидаги ғалабасини "ўғирлашган"лигини ҳам қўшсак бўлади.
Манба: Ўзбекистон бокс федерацияси
Фикрлар