Артём Филипосян: Ҳалигача Кубок ютганимизга ишона олмаяпмиз

Таиланднинг маҳаллий «Прачуап» жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган ҳамюртимиз Артём Филипосян учун у ердаги ўзининг дастлабки мавсуми муваффақиятли чиқди. Боиси, Филипосян ўз клуби билан бирга Таиланднинг «Тойота Лига Кубоги»ни қўлга киритди. Бу албатта эътиборга молик натижа ҳисобланади. Айниқса, легионер сифатида бошқа мамлакат чемпионатида тўп сураётган ҳамюртимиз учун унутилмас воқеалардан бирига айланди. Шу боисдан куни кеча ҳамюртимиз билан боғландик.

- Сиз яқинда жамоангиз билан Кубок соҳибига айландингиз ва бу чиндан ҳам сиз учун унутилмас воқеага айланди. Дастлаб қўлга киритилган муваффақият ҳақида гапириб берсангиз…

- Бу йил Таиландда биринчи йилимни ўтказяпман. Жамоамизнинг асосий вазифаси Таиланд олий дивизионида қолиш ҳисобланади, - дея гап бошлади, Филипосян. - Ўзбекистонда иккита Кубок бор. Бири Ўзбекистон Кубоги бўлса, яна бири Лига Кубоги. Таиландда ҳам шунга ўхшаш саналган иккита Кубок мусобақаси бор. Яширмайман, Таиландга илк бор келибоқ, дебют мавсумимда Кубок соҳиби бўлганимиздан бахтиёрман. Бу қўлга киритилган ғалаба туфайли Ўзбекистондан ҳам кўплаб табрикларни олдим, оила-аъзоларим, яқинларим ва дўстларим мени муборакбод этишди. Тўғрисини айтсам, ҳалигача Кубокни қўлга киритганимизга ишониш қийин. Лекин бу бизнинг меҳнатимиз ва Кубокни қўлга киритиш учун ҳам астойдил ҳаракат қилдик. Рости, кичкина жамоа бўлганимиз учун ҳам бизга қийин бўлди. Ярим финалда иккинчи ўриндаги жамоани ютдик. Финалда эса «Бурирам Юнайтед»га қарши ажойиб ўйинни ўтказдик. Қўлга киритилган Кубокдаги медални ҳам музейимга қўшиб қўйганимдан хурсандман. Ҳаммаси меҳнатимизга яраша бўлди.

филипосян10

- Адашмасам, жамоангиз «Тойота» Лига Кубогини қўлга киритди. У ерда яна қандай Кубок мусобақалари бор?

- У ерда Таиланд Кубоги билан «Тайота» Лига Кубоги мусобақалари бор.

- Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, «Прачуап» Таиландда етакчилар қаторида тилга олинмасди ва ўзига яраша мўъжазгина жамоа эди. Аммо мана шундай клубнинг Кубокни қўлга киритгани Таиланд футболида қандай қарши олинди ва қанақа реакция билдирилди?

- «Прачуап» энди иккинчи марта олий дивизионда ўйнаяпти. Тўғрисини айтсам, Кубокни ютишимизга ҳеч ким ишонмаганди, балки бу тасодиф бўлгандир. Ушбу мусобақада ҳам кучли жамоалар иштирок этганди. Лекин, биласизми, ҳалигача мухлислар, раҳбарлар, мураббийлар ва футболчилар ушбу Кубокни ютганимизга ишонмаяпмиз. Бундан ташқари, у ердаги етакчи клублар ҳам бизнинг бу муваффақиятни қўлга киритганимизга ҳайрон бўлишяпти. Ваҳоланки, Таиланд олий дивизионида жамоамиз ўтган йили ҳам, бу йил ҳам асосан жон сақлаб қолиш учун курашди. Ҳар ҳолда клуб билан шартнома имзолаётганимда иложи борича жамоани элитада олиб қолиш асосий мақсад бўлишини айтишганди. Ўзбекистонда ҳам кўплаб ютуқларни қўлга киритганман. Шу боис шахсан мен учун соврин ютиш янгилик эмас. Бироқ жамоамиздаги мураббий ва футболчилар фаолиятлари давомида биринчи марта соврин ютишди. Устига-устак жамоамизни элитада ҳам сақлаб қола олдик. Ўзбекистондан келган футболчи сифатида Кубокни ютганимиз ва жамоамизни кучлилар орасида сақлаб қолганимиз туфайли бемалол бошимни баланд кўтариб юрибман. Табиийки, легионер сифатида зафар қучганим боис Таиланд матбуотида ҳам мен ҳақимда кўп ёзишяпти. Насиб қилса, келаси йили ҳам шу ерда қолмоқчиман.

филипосян8

- Табиийки, соврин ютганингиздан кейин сизга бўлган эътибор ҳам ошиши аниқ. Шу боис яна ушбу чемпионатда қолиш иштиёқингизни тушунса бўлади. Хўш, «Прачуап»да ўйнашда давом этмоқчимисиз ёки бошқа таклифларни кўриб чиқасизми?

- Бундай сенсациядан кейин ҳамма хурсанд ва шунга яраша менга таклифлар ҳам бўляпти. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Лекин кўпроқ ўз жамоамда қолмоқчиман. Бунинг сабаби шундаки, ўз клубимда ҳамма – бош мураббий, ҳомийлар, мухлислар ва жамоа аъзолари мени яхши кўришади. Ўзим ҳам шу клубда ўйнаётганимдан хурсандман.

- Қўлга киритилган Кубок туфайли клуб футболчиларга қандай рағбатлантиришни амалга оширмоқчи?

- Бу «Тойота» Лига Кубоги мусобақаси бўлгани учун ўзлари ушбу мусобақага алоҳида маблағ ажратишган. Шунингдек, клубда ҳам ҳомийлар алоҳида пул ажратишган. Таиланд чемпионатининг савияси менга ёқди. Ҳар бир жамоада 4-5 нафардан яхши савиядаги легионерлар тўп суришяпти. Йилдан-йилга Таиланд чемпионатининг савияси ошиб бормоқда.

- Сир бўлмаса, рағбатлантириш қанча миқдорни ташкил қилди?

- «Тайота» Кубогига 160 минг АҚШ доллари ажратишди.

- У ҳолда жамоа аъзоларига ўша пулдан қанча миқдорда тақсимлаб берди?

- 5000 доллардан.

филипосян11

- Таиланддаги дебют мавсумингиз муваффақиятли кечишини кутмаганмидингиз?

- Таиланд чемпионати жуда қизиқарли ўтади ва ҳар бир учрашувда стадион мухлислар билан тўлади. Рости, бу ерга келиб яна олдинга қараб ўсдим деб ўйлайман. Биласизми, бу ерда бўшашиб қолишлик асло мумкин эмас. Агар шундай бўлса, биринчи даврадан кейиноқ сизга жавоб бериб юборишади. Чунки ҳар бир ўйин ва машғулотга жиддий қаралади. Айниқса, ҳар бир футболчи ўзини кўрсатиб таркибдан жой олишга ҳаракат қилади. Боз устига сиз легионер бўлсангиз, раҳбарият ва мураббийларга ўзингизнинг кучли эканлигингизни кўрсата олашингиз керак. Акс ҳолда улар ўртадаги шартномани бузишлари ҳам ҳеч гап эмас. Аммо ўйлайманки, Таиланд чемпионати жуда қизиқарли ва бўшашишликка вақт ҳам йўқ. Шунинг учун ҳам бу ерда футболчи сифатида янада ўсдим дея оламан. Легионер бўлиб ўйнаётганим учун ҳам ўзимни ҳар томонлама кўрсатишим кераклигини яхши тушуниб турибман. Агар ўзимдан яхши таассурот қолдира олсам, эртага яна бошқа ўзбекистонлик футболчиларга ҳам қизиқишлар бўлиши мумкин. Таиланд чемпионатини янада кучайтириш учун катта пуллар ажратиляпти.

- Айни пайтда у ерда мавсум ҳам ниҳоялаб қолди-а?

- Ҳар бир чемпионатда терма жамоалар ўйнашганида танаффус бўлади. Ҳозирда мавсум тугашига иккита тур қолган. 20 ва 26 октябрь кунларида ўз ўйинларимизни ўтказамиз. Шу билан бизга жавоб берилади ва бир ой дам олганимиздан кейин декабрь ойидан яна янги мавсумга тайёргарлик жараёнлари бошланади. Дарвоқе, Таиланд Кубоги мусобақаси ҳали давом этяпти ва 3 ноябрь куни тугайди.

- Жамоангиз Таиланд Кубогини эрта тарк этганмиди?

- Афсуски, Таиланд Кубогини эртароқ тарк этдик. Негадир омадимиз чопмади. Ўша мусобақада мураббийимиз кўп ўйнаётган ўйинчиларга дам бериб, асосан кам ўйнаётган футболчиларга имконият берганди. Лекин бу баҳона эмас. Лекин шунга қарамай, «Тойота Лига Кубоги»ни қўлга киритганимиздан жуда хурсанд бўлдик.

- Шунингдек, Таиландда маҳаллий овқатларнинг таъми анчагина аччиқ бўлиши ҳақида эшитганмиз. Бу масалада сизда қийинчиликлар туғилмадими?

- Гапингизга 100 фоиз қўшиламан. Чиндан ҳам маҳаллий таомлари жуда аччиқ. Бу ерга бошида келганимда уч ойча қийналдим. Мана, энди анча ўрганиб кетдим ва ҳаттоки, бир-иккита таомлари менга ёқади.

филипосян4

- Жамоа аъзолари билан қандай тилда гаплашяпсиз? Бу масалада ҳам қийналмаяпсизми?

- Легионер бўлиб борган ҳар бир футболчига алоҳида таржимон бириктирилади. Лекин менга таржимон ажратишмади. Чунки менга бошида жамоадошим Аднан Ораховац ёрдам бериб юрди. Чунки у икки йилдан бери Таиландда ўйнаяпти ва инглиз тилини яхши билади. Албатта, тил масаласида бошида бироз қийналдим. Чунки инглиз тилини у қадар яхши билмасдим. Ҳозир эса бу тилни ҳам анча-мунча ўзлаштириб олдим ва ҳозирда ўзим жамоадошларим билан инглиз тилида гаплашяпман.

- Юқорида совринларингиз учун алоҳида музейингиз борлиги ҳақида айтиб ўтдингиз. Унда қандай медалларингиз бор?

- Ўзбекистон Кубогини уч марта қўлга киритганман. Шунингдек, ОФК Кубогида ҳам муваффақият қозонганмиз. Мана, энди Таиландда ҳам яна бир Кубок соҳиби бўлдим. Албатта, уйимда ўзимнинг шахсий коллекцияларим бор. Шунингдек, чемпионликдаги медалларим бор. Қолаверса, кумуш ва бронза учун қўлга киритилган медаллар ҳам турибди. Лекин бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Умуман олганда, медал ва Кубок йиғишни ёқтираман.

- Нима деб ўйлайсиз, Таиланд чемпионатида тўп суриш орқали миллий терма жамоамизда тўп суриш мумкинми? Бу борада имкониятим бор деб ҳисоблайсизми?

- Олдин ҳам терма жамоада яхши ўйинларни ўтказганмиз. Ҳар бир футболчи ўзининг ватани термасида тўп суришни орзу қилади. Лекин ҳар бир мураббий ўзининг услубига мос тушадиган футболчиларни чақиради. Агар терма жамоага керак бўлсам, бор кучим билан ўйнашга тайёрман. Мен доим ўзимга ишонаман.

- У ерда сиз орқали яна бошқа ўзбекистонлик футболчиларга қизиқишлар ортиб бораётган бўлиши ҳам мумкин. Бу борада кўпроқ қайси ўйинчиларимизга кўз тикишяпти?

- Агентим ўзбекистонлик футболчиларни суриштириб юрибди. Мен ҳам уларга ўзимдаги бор маълумотларни беряпман. Лекин улар қизиқаётган ўйинчилар «Пахтакор» ва «Локомотив»да тўп суришяпти. Шу боис бунинг амалга ошиши қийинроқ. Агар расмий таклиф билдиришса, ҳаммаси ўйинчиларнинг ўзларига боғлиқ бўлади.

- Таиланд чемпионатда сизга ёқмаган томонлари ҳам бўлдими?

- Таиланд чемпионатининг мен учун умуман минус томонлари бўлгани йўқ. Аксинча, плюс жиҳатлари жуда кўп. Негаки, менга ёқди. Шу сабабли яна шу ерда қолишга ҳаракат қиламан. Таиландда ҳаммаси аъло даражада йўлга қўйилган.

филипосян2

- Шунингдек, Таиланд сайёҳларни жалб қилиш борасида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Масалан, Паттайя, Пкухет каби оролларига ҳам бориб турибсизми?

- Сиз айтгандек, бу ерда дам оладиган масканлари жуда кўп. Пкухет, Паттайя, Краба деган жойлари бор. Албатта, бизга танаффус берилган пайтларда жамоамиз билан ўша ерларга бориб дам олиб келамиз.

- Таиланд футболининг ташкилий томонларини ўзимизнинг чемпионат билан солиштирганда фарқли томонлари каттами?

- Таиландда ҳар бир ўйинга стадион мухлислар билан тўлади. Шунга яраша шароитлар ҳам яратилган. Бу ернинг чемпионатини асло паст деб ҳисобламайман, ўзига яраша кучли. Фақат Таиланд терма жамоаси бизникидан пастроқ. Қолаверса, Таиланд чемпионатида VAR тизими ҳам биринчи даврагача ишлаётганди. Иккинчи даврадан эса ишлатилмаяпти. Менимча, янги мавсумдан яна VAR тизими жорий этилса керак.

- VAR тизимининг фойдали томонларини сездингизми? Ундан нега энди фойдаланишмаяпти?

- Бир томондан VARнинг бўлгани яхши. Айниқса, баҳсли вазиятларни одилона тарзда аниқлаб беради. Кейинчалик нима учун олиб ташланганини ҳалигача билмайман. Чунки бунинг сабабларини суриштирганим йўқ. Аммо ўтган йили бутун мавсум давомида VAR ишлаган ва бу йилги мавсумнинг биринчи даврасида ҳам ишлаётганди.

- Хорижлик ўйинчиларга барча шароитлар яратиб берилиши ҳақида кўп эшитганмиз. Бу борада клубингизнинг сизга яратиб берган шароитларидан кўнглингиз тўқми?

- Худога шукрки, Таиландда менга жуда яхши шарт-шарооитларни қилиб беришган. Менга катта уй ва машина беришди. Ҳамма нарса жой-жойида. Ойлик маош ва мукофот пуллари ўз вақтида берилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!