Артём Филипосян: Мени январда кутишяпти...
Яқинда сайтимиз орқали хабар берганимиздек, Индонезия чемпионатида тўп сурган легионеримиз Артём Филипосян юртимизга қайтиб келди. “Тира Персикабо” шарафини ҳимоя қилган футболчимиз учта ўйинда майдонга тушди ва қолган вақтини пандемия сабабли футболсиз ўтказишга мажбур бўлди. Филипосян sports.uz мухбирига у ердаги ҳаёти, кейинги фаолияти ва ўзимизнинг чемпионат ҳақида қуйидагиларни гапирди:
“Индонезияда футбол раҳбарлари полиция билан келиша олмади”
- Шу йилнинг январь ойида Индонезияга жўнаб кетгандим, ўша пайтда икки ой машғулотларни ўтказдик. Март ойида чемпионат бошланди ва учта турда ўйнадик. Шундан кейин коронавирус туфайли чемпионат қолдирилди. Бир неча ой тўхталишлар бўлиб, сўнгра машғулотлар ўтказдик, ўйинлар бошланишини кутиб юравердик. Футбол федерацияси маҳаллий полиция бошлиқлари билан чемпионатни давом эттириш борасида бир тўхтамга кела олмади, натижада рухсат берилмади. Фаолиятим мобайнида биринчи марта шундай ҳолатга дуч келдим, футболсиз қолиб кетдим. Аммо профессионалмиз, жамоам билан шартномам 31 декабргача. Энди уларнинг айтишича, 2021 йилнинг февраль ойида чемпионат бошланади. Ё янгидан ёки келган жойидан давом эттирамиз. Барибир футболсиз қийин, нимага деганда, машғулотни ўзи билан инсон чарчайди. Индонезияга кетганимдан афсусланмайман. Тўғри, бу ерга келишимдан аввал Ўзбекистондан ҳам таклифлар бўлганди, бироқ олдиндан нима бўлишини билмаймиз. Агар одам ўз соҳаси бўйича ишламасдан уйда ўтираверса ақлдан озиши ҳеч гап эмас. Ана шундай пайтда қийинчиликлар бўлди, бу ҳам етмаганидек, оилам ёнимда эмасди.
“Клубим менга янги шартнома таклиф қилди, лекин...”
- Юртимизга қайтишдан аввал, “Тира Персикабо” раҳбарияти менга янги шартнома берди. Уларга олдин уйга борай, яқинларим билан маслаҳат қиламан, кейин бир қарорга келаман, деб айтдим. Менга Ўзбекистондан, яна бошқа юртлардан чақирувлар бор. Икки йил четда тўп сурдим. Балки яна легионер бўлиб фаолиятимни давом эттирарман. Оилам билан маслаҳатлашиб, кейин бир қарорга келаман. Лекин “Тира Персикабо” мени январь ойида кутяпти. Ҳозирча клуб билан дўстона хайрлашдик. Декабрда аниқ жавобимни айтишим керак, уларга.
“Криушенко ҳам яна бирга ишлашни таклиф қиляпти”
- “Тира Персибако” бош мураббийи Игорь Криушенко билан ҳам кетишдан олдин гаплашдим. Унинг клубда қолиши 80 фоизга аниқ. Раҳбарият унинг ишини ёқтириб қолди. Ҳозир шартнома бандларини ҳал қилишяпти. Криушенко ҳам менга яна бир йил қол, бирга ишлайлик, деб айтди. Унинг нияти мени жамоада олиб қолмоқчи. Лекин охирги сўзни ўзим айтаман.
“Агар пандемия юз беришини билганимда Ўзбекистондан кетмасдим”
- Инсон таваккалчиликка ҳам қўл уриб туради. Ўтган йили Таиландда тўп сурдим ва ҳаммаси яхши таассурот қолдирган. Кейин Индонезиядан таклиф тушгач, у ернинг футболини ўрганиб чиқдим. Бу ерда ҳам ўзимни кўрсатиб, яхши ном қолдириб келмоқчи эдим. Индонезияда ҳар бир учрашувда стадион мухлислар билан тўлади. Раҳбарият бўлса, футболчиларга барча шароитларни яратиб беряпти. Лекин ҳеч ким олдиндан нима бўлишини билмайди. Агар пандемия юз беришини аввалдан билганимда Ўзбкистондан ҳеч қаерга кетмасдим. Индонезияда эса карантин пайтида тўрт-беш ой фақат уйда ўтирдим. Шунча йил футбол ўйнаётган бўлсам, ҳеч қачон нимадандир афсусланмайман.
“Индонезия чемпионати пастроқ, фақат легионерлар ҳисобига ўсишмоқчи”
- Биласизми, Таиландда ўйнаганимда қайси клубнинг чемпион бўлиши ёки кимнинг қуйи лигага тушиб кетишини ҳеч ким билмасди. Индонезияда ҳам шунга ўхшаш эди. Бу ернинг чемпионатини кузатсангиз, ҳар йили чемпион жамоа номи ўзгариб туради. Лекин Индонезия чемпионатининг савияси ўзимизникидан кучли эмас. Масалан, Индонезиянинг футболчилари ҳали Таиланддаги ўйинчиларнинг даражасига ҳам чиққани йўқ. Фақат ҳар бир клубда 4-5 нафар легионер борлиги учун у ерда чемпионат энди ўсяпти, аммо ҳали яна вақт керак. Агар шу йўналиш бўйича ҳаракат давом эттирилса, яқин йилларда савияси янада ортади. Бироқ легионерлар учун қийин. Чунки у ернинг муҳитига мослашиш талаб этилади. Масалан, Ўзбекистон чемпионатига келадиган легионерларнинг саноқлисигина кучлироқ, қолганлари ўртамиёна. Индонезияда эса легионерлар анча кучли. Шу боис асло бўшашишга ҳаққимиз йўқ. Ўзим ҳам чемпионати қийинроқ мамлакатларда тўп суришни яхши кўраман. Бу орқали ўзингизни текшириб кўрасиз.
“Пахтакор”нинг чемпион бўлишини билардим”
- Бўш пайтларимда ўзимизнинг чемпионатни кузатиб бордим. Албатта, Ўзбекистонда чемпионат яна давом эттирилаётгани яхши бўлди. Мана, ўзим Индонезияда футболсиз қандай қийналганимни ҳис қилдим. Бу йил ҳам “Пахтакор” яққол етакчи, ҳозир бу клубга тенг келадиган жамоа йўқ. Йилнинг бошидаёқ “Пахтакор”нинг чемпион бўлишини билардим. Бошқа клубларда моливий томондан муаммолар бор. “Пахтакор”нинг таркибида эса яхши савиядаги ижрочилар жамланган. Бугунги кунда бу клуб ҳар тарафлама Ўзбекистоннинг энг кучлиси.
“Андижон” билан “Бухоро”нинг аутсайдерга айланиши олдиндан маълум эди”
- “Насаф” ўз ёшлари билан яхши таассурот қолдиряпти. Улар иккинчи ўринга ҳақли. Тўғриси, мавсум аввалида “Андижон” билан “Бухоро”нинг Суперлигада қолиш учун курашишини билардим. Яъни, уларнинг аутсайдерга айланиши олдиндан маълум эди. Футболни тушунадиганлар билиб турибдики, уларга яхши савиядаги ўйинчилар топилмади. “Андижон”да ҳам, “Бухоро”да ҳам мураббийлар алмашинуви давом этяпти. Йилнинг бошида селекция ишлари кўнгилдагидек бўлмаяпти. Мисол учун “Андижон” яқинда Бахтиёр Ҳамидуллаевни истеъфога чиқарди. Эсимда, футболни энди бошлаганимда унга қарши ўйнаганман. Ғалабаларга жуда чанқоқ эди. Ҳозир унга ўхшаган ҳужумчи йўқ. Тўғриси, “Андижон” бош мураббийи бўлганида хурсанд бўлгандим. Бақоевни ҳам Ҳамидуллаевга ўхшатаман. Бахтиёр ака “Андижон”ни қийин аҳволда қабул қилиб олди ва ёмон ишлагани йўқ. Аммо раҳбарларнинг ишига аралаша олмаймиз. Фақат Ҳамидуллаевга мавсум охиригача имконият бериш керак эди. Масалан, Рўзиқул Бердиев ҳам “Насаф”ни илк бор қабул қилиб олганида ҳаммаси бирданига яхши бўлиб кетмаган.
Фикрлар