Ашурматов "Бухоро"да ҳам "мўъжиза" кўрсата оладими?

Мавжуд муаммолар гирдобига тушиб қолган “Бухоро” клуби ҳозирги пайтда янги мавсумга ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда тайёргарликни олиб бормоқда. Бу йил ҳам жамоада бир қатор ўзгаришлар кўзга ташланди. Бош мураббийликка эса Бахтиёр Ашурматов тайинланди. Айтиш мумкинки, қўқонлик мутахассис яна бир бор қийин вазиятдаги жамоани бошқаришга киришди. Шу боис унга янги мавсум давомида қийин бўлиши аниқ. Чунки унинг олдида ҳал қилиниши керак бўлган бир қатор муаммолар ҳам йўқ эмас. Лекин бухоролик мухлисларнинг ушбу мураббийдан умиди катта. Боиси, ўтган йили ОКМК жамоаси билан Ўзбекистон Кубогини қўлга киритган катта воқелик сифатида қабул қилинганди ва мураббийнинг бу натижасини ҳеч ким кутмаганди. Шу сабабли Ашурматов бу сафар Бухорода ҳам яна “мўъжиза” кўрсата оладими? Ҳар ҳолда уни маҳаллий ишқибозлар яхши кўришади ва унга ишонишади. Куни кеча Бахтиёр Аъзамович газетамиз учун бир қатор қизиқарли масалалар бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Чемпионатнинг дастлабки турларидан ҳавотирим бор”

“Бухоро” жамоаси бош мураббийи дастлаб Суперлига-2019 учун ташланган қуръа ҳақида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

Чемпионат давомида ҳамма жамоалар билан ўйнаб чиқилади, лекин шунга қарамасдан ҳар бир мураббий қуръа натижаларини катта қизиқиш ва интиқлик билан кутади. Барибир Ўзбекистон чемпионатида кучлироқ ва ўртачароқ бўлган клублар бор. Шу боис ҳамма вақт қуръа жараёни исталган мураббийга қизиқ туюлади. Бироқ қуръадан олдин бир нарса аниқ эдики, ҳар қандай ҳолатда ҳам биз биринчи турни сафарда ўтказишимиз аниқ эди. Чунки ҳали майдонимиз мавсум бошланишигача тайёр бўла олмасди. Шу сабабли қуръа қандай кўриниш олишидан қатъий назар меҳмонда тўп суришимиз аниқ эди. Умуман олганда, 1-турда кимга қарши ўйнамайлик, барибир осон ўйиннинг ўзи бўлмасди. Очиғи, “Бухоро” учун ҳар бир бўладиган учрашувни финалга тенглаштирамиз. Боиси, биз селекция жараёнида оқсаб қолдик. Афсуски, таркибни яхши ўйинчилар билан тўлдира олмаяпмиз. Шундай омиллар сабабли менда чемпионатнинг дастлабки турларидан бироз ҳавотир бор. Лекин чемпионат бошланишига қадар яна селекция ишларини олиб бораверамиз. Имкони борича таркибимизни етарли даражада рақобатбардош ҳолатга келтиришга ҳаракат қиламиз.

“ОКМК ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқиш учун янги мураббий ва футболчиларни олиб келганди”

Айнан Бахтиёр Ашурматов бошчилигида ОКМК ўтган йили Ўзбекистон Кубогини қўлга киритганди ва жамоа собиқ мураббийининг хизматлари эвазига бу йил Осиё Чемпионлар лигасининг саралаш баҳсларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Лекин жамоада катта ўзгаришлар бўлиб, янги мураббий ва футболчилар олиб келингани билан ОКМК барибир ОЧЛнинг гуруҳ босқичига чиқа олмади. Олмалиқликларнинг собиқ устози эса бу ҳақида шундай деди:

ОКМК жамоасининг ўйинларини қизиқиш билан кузатиб борганимни яширмайман. Қишки тайёргарлик чоғида клуб раҳбарияти ОКМКни Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига олиб чиқиши учун тажрибалироқ мураббийни олиб келишганди. Улар шу мақсад туфайли ҳам катта ўзгаришларга қўл уришганди. Балки уларга вақт етишмагандир ёки бизда ҳали чемпионат баҳслари бошланмаганлиги ҳам ОКМКга таъсир қилгандир. Лекин мен энди ОКМКда эмасман. Шу боис собиқ жамоамнинг ўйинини ва мураббийларининг ишини таҳлил қилишим нотўғри. Энди бор эътиборимни “Бухоро”га қаратганман. Биринчи навбатда таркибни тайёр ҳолатга келтириш, мухлисларимизни чиройли ўйинларимиз билан хурсанд қилиш ва бунинг учун жанговор жамоа тузишимиз кераклиги ҳақида кўпроқ ўйлаяпман. Айтмоқчиманки, ОКМК жамоасининг муваффақиятсиз қатнашгани ёки уларни мунтазам равишда кузатиб боришдан кўра ўз жамоамнинг камчиликлари устида ишлаганим яхшироқ. Шу сабабли четдан туриб олмалиқликлар ҳақида танқидий фикрлар билдиришим тўғри эмас. Лекин Ўзбекистон чемпионати учун ОКМК мисолида кучли ва рақобатбардош жамоа ташкил қилинганлигини айтишим мумкин. Улар мавсум давомида бемалол исталган рақибига катта ташвишларни туғдириши мумкин.

“Сурхон” ва “Динамо”дан ўйинчиларни олмоқчи эдим, бироқ...”

Энди Суперлигада 14 та жамоа иштирок этадиган бўлди. Қуръа ташлаш маросимидан олдин “Сурхон” билан “Динамо”нинг қўшилганлиги ҳамма нарсани ўзгартириб юборди ва бу жараёнга ҳар ким ўз фикрини билдирмоқда. Ўз навбатида “Бухоро” жамоаси бош мураббийи Бахтиёр Ашурматовдан ҳам мазкур масалага муносабатини билдиришини сўрадик.

Ўтган йили 12 та жамоа билан чемпионат ўтказилганди ва бунинг ўзига яраша плюс-минус томонлари бўлди. Менимча, раҳбарият бу масалани ўрганиб чиқиб, кейин бир қарорга келган деб ўйлайман. Тўғриси, “Сурхон” билан “Динамо”нинг Суперлигага қўшилганлиги ҳақида фикр билдиришдан йироқман. Чемпионатда 12 жамоа қатнашадими ёки 14 тами, нима бўлса ҳам биз жанговор жамоани тузишга ҳаракат қилишимиз керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Ўзбекистон чемпионатида муносиб иштирок этишимиз лозим. Фақат мен учун бу жамоаларнинг қўшилганини салбий томони шунда бўлдики, агар “Сурхон” жамоаси Суперлигада қатнашмайдиган бўлса, уларнинг икки-уч нафар футболчисини қўлга киритишни кўзлаб юргандим. Шунингдек, “Динамо” жамоасидан ҳам айрим ўйинчиларни кузатиб юргандим. Даврон Файзиев билан гаплашиб, жамоамизни кучайтириши мумкин бўлган айрим футболчиларини “Бухоро”га олиб ўтиш юзасидан гаплашиш истагида юргандим. Лекин энди Суперлигада 14 та жамоа қатнашиши аниқ бўлганидан кейин “Динамо”дан ҳам, “Сурхон”дан ҳам футболчи олиш эҳтимолимиз йўққа чиқди.

“Бухоро”ни Суперлигадан чиқариб юборилади деган гап-сўзларни эшитгандим”

Қуръадан аввал турли гап-сўзлар авж олганлиги рост. Аниқроғи, Суперлигада нечта клуб иштирок этиши, кимлар тушиб юборилиши ва кимлар қўшилиши юзасидан баҳс-мунозаралар содир бўлаётганди. Масалан, “Бухоро” жамоасининг ҳам мавжуд муаммолари сабабли Суперлигадан чиқариб юборилиши ҳақидаги хабарлар йўқ эмасди. Балки Ашурматовда ҳам бу масала бўйича ҳавотир бормиди? Бунга унинг ўзи аниқ жавоб қайтарди.

Гапнинг очиғини айтсам, бу мавзу бўйича менда ҳавотир бор эди. Нимагаки, бизнинг камчиликларимиз етарли даражада эди. “Бухоро”ни қабул қилиб олаётган пайтимдаёқ мавжуд камчиликлардан хабарим бор эди. Бундай қийинчиликларга тайёр бўлган ҳолда жамоани қабул қилиб олгандим. Чунки вилоят ва жамоа раҳбарлари, шунингдек, бухоролик мухлислар менга катта ишонч билдиришди. Шу боис менга ишонч билдиришгани учун қийинчиликлар бўлишига қарамасдан бу жамоани иккиланмасдан қабул қилиб олдим. Тўғри, бизга осон бўлмайди. Қолаверса, “Бухоро”да муаммолар кўп эди. Лекин раҳбарият буларни бартараф этиш учун тиним билмаяпти. Яқинда Бухорога бориб, вилоят раҳбари билан учрашиб келдим. Стадионда катта кўламдаги ишлар олиб борилаётганига гувоҳ бўлдим. Шахсан вилоят ҳокими Ўктам Барноевнинг ўзи стадиондаги ишларни назорат қилиб бормоқда. Натижада ўйингоҳимизда ижобий ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. Яна шуни ҳам қўшимча қилиб ўтишим мумкинки, “Бухоро”нинг ўтган йилги мавсумдан қарздорликлари бор эди. Ҳозирги кунга келиб деярли қарздорликлар масаласи ҳал этилди. “Бухоро” жамоасининг Суперлигада қатнашиши учун раҳбарият катта ҳажмдаги ишларни амалга оширмоқда. Академия масаласини ҳам ҳал қилишди. Айтмоқчиманки, Суперлигада қатнашишимизга тўсқинлик қилаётган барча муаммоларни вилоят раҳбарияти ҳал қила олди. Бухорода машғулотлар ўтказиш учун имкониятлар йўқлиги сабабли Тошкентда тайёргарлик кўришимизга шароитларни яратиб беришди. Натижада бир ойдан кўпроқ вақт давомида пойтахтда шуғуландик. Бунинг учун раҳбариятга олдиндан миннатдорчилик билдирган бўлардим. Тўғри, “Бухоро”нинг Суперлигадан чиқариб юборилади, деган гап-сўзлар бор эди. Мана, энди ҳаммаси узил-кесил ҳал бўлди ва мухлисларимиз ҳам енгил нафас олишяпти. Таркибимизга эса имкон қадар ўзимиз истаган ўйинчиларни қўшиб олишга ҳаракат қилдик. Айтайлик, “Сурхон” жамоаси Суперлигада иштирок этишини олдиндан билгандек, таркибини ажойиб ўйинчилар билан шакллантириб келди. Агар фамилиялар бўйича солиштирадиган бўлсак, ҳозирги пайтда “Сурхон” биздан кўра икки баробар кучлироқ бўлган футболчиларни тўплай олди. “Андижон”, “Навбаҳор” каби жамоалар ҳам яхши селекция ишларини олиб боришди. Аммо биз ҳам жимгина қараб турганимиз йўқ ва қўлимиздан келганича селекцияни давом эттиряпмиз. Масалан, Иван Нагаевни олдик. Саломат Қуттибоевни эса таркибимизда сақлаб қолдик. Агарда ушбу ўйинчиларни қўлга кирита олмаганимизда бизга янада қийин бўларди. Энди мана шу икки савияли футболчилар атрофида жамоани шакллантиришга ҳаракат қиляпмиз. Раҳбарият эса ҳамма ишни максимал даражада бажаришга қўлидан келганича ҳаракат қиляпти.

“Селекцияни ўзимиз истаган даражада амалга ошира олмадик”

Ўзи шундоқ ҳам бош мураббийдан таркиб ҳақида сўрамоқчи бўлиб тургандик. Чунки ҳозирда “Бухоро” чиндан ҳам селекция борасида унчалик фаол эмаслиги кўзга ташланиб қолмоқда. Шу боис Ашурматовдан ўзи хоҳлаган таркибни йиғишга нима тўсқинлик қилаётгани ҳақида сўрадик.

Жамоани қабул қилиб олаётганимда ҳам муаммолар етарлича бўлгани ҳақида боя айтиб ўтдим. Ўтган йилги қарздорликлар қолиб кетганди. Шу боис бу йилги асосий мақсадимиз йилни қарздорсиз якунлаш. Биз айни пайтда сметамизга қараб иш қиляпмиз. Чунки ўтган йилги таркиб йиғилганда смета ҳозиргидан икки баробар кўпроқ эди. Ҳозир эса 50 фоизга сметамиз қисқарган. Шу боисдан ички имкониятларимизга қараб жамоа тузишга ҳаракат қиляпмиз. Менинг ишлаш услубим шундайки, футболчини жамоага таклиф қилдимми, унга ваъда қилинган шароитни яратиб беришимиз керак. Натижада қимматбаҳо трансферларни амалга оширишга қийналдик. Шу боис ўзимиз истаган селекция ишларини амалга ошира олмадик. Жамоа раҳбариятига ёки менга ишониб келган футболчилар эртага “Бухоро” клубида пулимиз қолиб кетди ёки шунга ўхшаш муаммолар келиб чиқишини хоҳламаганлигимиз сабабли биз селекция жараёнида бошқа жамоаларга ютқаздик. Албатта, бошқа клубларнинг бугунги молиявий аҳволини аниқ билмайман, бироқ айрим клублар селекция ишларида анча фаол бўлишганига гувоҳ бўлдик. Биз ўзимиз хоҳлаган футболчиларни “Бухоро”га таклиф қила олмадик. Биз чақирган ўйинчиларга бошқа жамоалардан ҳам таклифлар бор эди. Балки улар молиявий томондан яхшироқ бўлган бошқа таклифларни қабул қилишгандир.

“Ўзимизга бўлган ишончни йўқотмаймиз”

Ҳозирги таркиб ва шароитдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, “Бухоро” клуби янги мавсумда Суперлигада жон сақлаб қолишининг ўзи ҳам катта гапдек кўринмоқда. Шундоқ ҳам “Бухоро”нинг асосий вазифаси Суперлигада қолиш учун курашадими? Ашурматов эса шундай деди:

Мураббий сифатида ўзимизга ва жамоага бўлган ишочни йўқотмаймиз. Биз имкон қадар ҳар бир учрашувда ғалаба учун ҳаракат қиламиз. Тўғри, ишқибозларимизда таркиб масаласида ҳавотир бор эди. Лекин шуни айтишим мумкинки, легионерларни жалб қилиш орқали таркибни янада кучайтиришга эришяпмиз деб ўйлайман. Биз янги мавсумда бухоролик мухлисларни ўз ўйинларимиз ва ғалабаларимиз билан хурсанд этиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
23/03/2019 00:01
Муаллиф агмк ни назарда тутган булса, унда кумиковни иши куриниб турганди
&
darwesh
22/03/2019 23:58
Бундан олдин муъжиза курсатганми?