Асли хоккейчи ва WBCнинг собиқ чемпиони бўлган боксчимиз фаолиятини якунлади
Бокс бўйича ҳамюртимиз, ҳозирда россия фуқароси, собиқ жаҳон чемпиони россиялик Олег Маскаев спортдаги фаолиятини якунлади.
"Бир неча йил олдин яхши жисмоний ҳолатга эга эдим. Бу ёшда эса жанг қилиш осон эмас. Лекин боксни ташлаш жуда қийин. Aммо шошқалоқлик билан жанг қилиш энди тўғри келмайди. Бу соғлиқ учун ҳам хавфли.
Россиядаги промоутерларга мен жанг қилишни таклиф қилдим. Кучим ва хоҳиш бор эди. Энди эса бу ёшда рингга кўтарилиш, кичкина боланинг биринчи қадамини қўйишга ўхшайди”- дея, ТАСС 50 ёшли Маскаевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда.
Эслатиб ўтамиз. Олег Маскаев асли Қозоғистонда туғилган бўлсада, Ўзбекистонда харбий хизматни ўташ асносида, юртимиз номидан халқаро ареналарда рингга кўтарилади. У ҳаваскор боксда +91 кгда 1994 йил Осиё ўйинлари ғолиби, 1995 йил Жаҳон Кубоги совриндори бўлган. Олег аслида, 16 ёшгача Қозоғистоннинг Караганда шаҳрида хоккей билан шуғулланган.
Маскаев оғир вазн тоифасида WBC йўналишининг (2006-2008) собиқ чемпиони ҳисобланади. Маскаев сўнгги жангида 2013 йил 4 ноябрь куни британиялик Денни Уилямсни мағлубиятга учратди. Ўшандан бери боксчи рингга қайтиш истагини билдирди. У фаолияти давомида профессионал рингда 39 та ғалаба (28 та КО) ва етти мағлубият қайд этган.
Фикрлар