Асрор Алиқулов: "Арал Самали" ўйин охирига қадар чуқур ҳимоявий тактикасидан воз кечмади"

Про-Лига 24-туридан ўрин олган "Шўртан" - "Арал Самали" (3:0) учрашувидан сўнг жамоамиз бош мураббийи Асрор Алиқулов матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб берди.

- "Арал Самали" жамоаси сўнгги учрашувларни меҳмонда ўтказмоқда ва ўз дарвозасидан кўп тўп олиб чиқмоқда. Биз бугун рақибдан қарши ҳужумга асосланган ҳимоявий ўйинни кутгандик. Улар шу тактика асосида ҳаракат қилишди. Биз тезкор гол киритишимиз шарт эди. Биринчи бўлимда учта гол киритдик. Иккинчи бўлимда футболчиларимиз осойишталикка берилишди. Биз яна кўплаб вазиятлар яратдик. Лекин уларни голга айлантира олмадик. "Арал Самали" жамоаси учрашув сўнгига қадар чуқур ҳимоявий тактикасидан воз кечмади. Асосийси, ғалаба қозондик, лекин иккинчи бўлимда гол киритмаганимиз мени қониқтирмади.

- Икки ўйиндир-ки Муҳриддин Зоиров асосий таркибдан ўрин олмаяпти. Бунинг сабаби нимада?

- Олдинги беллашувда биз Асад Самариддиновнинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилгандик. Шу сабабли бугун ҳам унга имконият беришга қарор қилдик. У бугун гол урмаган бўлса ҳам рақиб ҳимоячиларини босим остида ушлаб турди. Муҳриддинни иккинчи бўлимда туширдик. Чунки рақиб ҳимоячилари биринчи бўлимда толиқишларини билардик. Лекин Зоиров бугун ўзининг яхши ўйинини ўйнади, деб айта олмайман.

- Бекзод Сувонов анчадан буён захирада эди. Охирги ўйинларда унга имконият беряпсиз ва у буни оқламоқда...

- Бекзодни уйғотишга кўп вақт сарфладик. Унинг охирги ўйинларидан қониқиш ҳосил қиляпмиз. Сўнгги икки ой давомида машғулотларда ҳам ўзини яхши кўрсатмоқда. Сувонов ўзининг меҳнатлари эвазига асосий таркибдан жой олмоқда.

"Шўртан" футбол клуби матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!