Асрор Алиқулов: "Бу ёлғон хабар"

Про лигада муддатидан илгари Суперлига йўлланмасини қўлга киритган “Машъал” чемпионатнинг охирги турида ўз уйида “Дўстлик”ни 3:0 ҳисобида таслим қилди ва мусобақа жадвалида биринчи ўринни нақд қилди. Эндиликда “Машъал” бор эътиборини Суперлигага қаратган. Жамоа бош мураббийи Асрор Алиқулов эса охирги учрашувдан кейин бир қатор саволларга жавоб берди.

- Охирги пайтларда “Машъал” келаси йили Суперлигада иштирок эта олмайди, деган гап-сўзлар тарқалди...

- “Хоразм” билан учрашувдан кейин ҳам шу ҳақида сўрашганди. Бу хабар асоссиз. Чунки ҳомийимиз бизни қўллаб-қувватлаяпти. “Машъал”ни Суперлигада ўз ўрни бор жамоа. Клуб элитага ҳаққоний равишда қайтди. Бу ёлғон хабар. Агар қандайдир гап бўлганида биз эшитган бўлардик.

- Клубда қандай ўзгаришлар бўлади? Ҳозирги таркибда неча фоизи жамоада қолиши мумкин? Кучайтириш масалалари кўриляптими?

- Селекция ишлари олиб бориляпти. Кейинги режаларга келсак, бу барибир ҳомийнинг сметага, маблағига тақалади. Ҳозирги футболчиларнинг неча фоиз қолишини ҳозирча айтиш қийин. Ўйинчилар таклиф қилишга, талаб қилинаётган маблағга боғлиқ. Биз про лигада осон ўйинлар ўтказганимиз йўқ. Матбуот ходимлари кўриб туришибди. Масалан, рақибни 3:0 га ютдик. Бироқ бу осон қўлга киритилган ғалаба эмас-да. Қайсидир жамоалар футболчиларнинг маҳоратига ёки легионерларнинг савиясига таяниб ғалаба қозониши мумкин. Лекин биз жамоавий ўйин орқали бунга эришдик. Келаси йилга жамоани 100 фоиз кучайтириш керак.

- Нимагадир эришиш учун ниманидир бой бериш керак. Масалан, натижага эришиш учун чиройли ўйинни бир четга суриб қўйишади. Бу мавсум “Машъал” нимани қурбон қилиш эвазига про лига ғолибига айланди, деб ўйлайсиз?

- Биз мураббийлар штаби оиламиз ва яна бошқа томонларга эътиборни қурбон қилдик. Умумий жамоани оладиган бўлсак, йил бошида қандайдир мақсадлар ҳақида ўйламадик ва асосан жамоани тайёрлашни ўйладик. Кейинчалик жамоа ўз ўйинини тиклаб олди. Муваффақиятлар кетидан муваффақиятлар бўлди. Имконятимиз ошганидан кейин Суперлигага чиқишни мақсад қўйдик. Нимани ҳисобига десангиз, айрим ўйинчиларга ўйин амалиётини бера олмаганимиз ҳисобига дейиш мумкин. Умумий олганда, захирамизни унчалик кучли дея олмаймиз.

- Лекин сиз ихтиёрингиздаги футболчилар билан мақсадингизга эришдингиз. Шуни инобатга олганда, сизга Суперлигадан таклиф бўлиб қолса, қандай реакция кўрсатасиз? “Машъал” билан режангиз қандай?

- Ҳозирча таклиф йўқ. Гап-сўз бўлиши мумкин, бироқ аниқ таклиф мавжуд эмас. Оғир йилни ўтказдик. Тўғриси, руҳан чарчадик. Машғулотларда ишлайсиз, аммо айрим футболчиларни савиясизлиги ёки техник қобилияти йўқлиги каби деталлар мураббий учун жуда қийин ҳолат. Шу боис биз мураббийлар оғир меҳнат қилдик. Ҳозир кейинги йил ҳақида ўйламаяпмиз. Кейинроқ режалар ҳақида ўйлашни бошлаймиз.

- Суперлигада ҳам қуйи поғона бор, ўрта поғона бор ва етакчилар. Нима деб ўйлайсиз, “Машъал” Суперлигага про лигага тушиб кетмайдиган жамоа бўлиб қайтадими ёки ўртамиёналар сафида курашадиган клуб ролида қайтадими?

- Олдиндан бирор нарса айтиш қийин. Суперлига вакили билан Кубок доирасида учрашдик. Ҳозирги футболчилар ўз устида ишлашда давом этиши, ўсишдан тўхтаб қолмаслиги муҳим. Масалан, футболчиларимизни йил бошидаги билан мавсум ўрталаридан кейин кўрсатган ўйини ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Ўсишга эришишган. Аммо Суперлигада ҳам стартда шунақа ўйин кўрсатиш керак. У ерда кутиб туришмайди, хатолар кечирилмайди. Футболчи машғулотлардаги ҳаракатларни Суперлига ўйинларида қила олмаса бу жуда қийин. Биз албатта кучайишимиз керак. Ўйинчилар ҳам ўзига бўлган талабни оширишлари лозим. “Машъал” Суперлигада юқори ўринлар учун кураша олади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!