Асрор Алиқулов: "Дарвозабонни "калла" қўйгани асабийлашишга олиб келди"

“Машъал” клуби ўз майдонида “Шўртан”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида “Машъал” бош мураббийи Асрор Алиқулов саволларга жавоб қайтарди.

- Биринчи навбатда дерби ҳамма вақт оғир ва курашларга бой бўлади. Бугун шундай бўлди ва футболчилар хиссиётларини жиловлай олмай қолган пайтлари ҳам кузатилди. Ўйлайманки, ҳаққоний ғалабага эришди. Ўйин томонлама “Шўртан”нинг ҳужумларига тайёргарлик кўргандик. Бу эса ўз ишини берди. “Машъал” мухлисларини ғалаба билан табриклайман.

- “Шўртан” учун “Машъал” ноқулай рақибми ёки Асрор Алиқуловми?

- Футболда жамоа танламаймиз, ҳар учрашувга тайёргарлик кўрамиз. Рақибни ўрганамиз. Ижро эса футболчилардан. Бу дерби эди, айрим ўйинчиларимиз “Шўртан” таркибида тўп суришган. Мураббий сифатида бизга икки баробар ёрдам берди. Йигитлар майдонда 100 фоиздан кўпроқ жонини беришди. Бу фақат мураббийнинг эмас, футболчиларнинг ҳам ғалабаси.

- Учрашув охирида асабий ҳолатда майдонни тарк этдингиз. Бу қайси эпизод билан боғлиқ: Ўша дарвозабонни “калла” қўйиши биланми ёки Жасур Холтўраев билан боғлиқми?

- Дарвозабонни футболчимизга очиқдан-очиқ зарба бериши...Футболни эсдан чиқармаслик керак, бу маданият. Бунда қонун-қоидалар бор. Интернет орқали кўришяпти. Биз гол урдик, аммо у ўзини бошқача тутиши керак эди. Зарба берганлиги асабийлашишга олиб келди.

- “Машъал” кейинги баҳсни “Бухоро”га қарши ўтказади. Очколар учун жанг бўладиган беллашувда “Бухоро”га қарши қандай ўйин бўлади, деб ўйлайсиз?

- “Шўртан” каби “Бухоро”да ҳам ёши катта футболчилар кўп. Юқори савияда ўйнайдиган ўйинчилари бор. Қанақа тактикада ўйнашимизни учрашувга яқин ишлаб чиқамиз. Ўйлайманки, бизни яна оғир ўйин кутиб турибди. “Бухоро” биринчи поғонада, очколаримиз тенг. Бу учрашувда ҳам курашишга ва ўзимизга керакли натижага эришиш учун майдонга тушамиз.

- Олдин яхши ўйинчиларни етиштириш ва уларни трансфер қилиш вазифаси ҳақида айтгансиз. Бу йил жамоадан қандай ёшлар порлаб чиқади?

- Жамоада яхши футболчилар йиғилган. Ўйиндан-ўйинга ва машғулотларда анча ўсиш бўляпти. Трансфер қилиш ва футболчини натижа учун ўйинга тайёрлаш, бу сал оғирлик қилади. “Машъал”нинг олдинги мавқеидан келиб чиқиб, бу унинг сиёсати. Шу боис мураббий сифатида бу сиёсатни мен давом эттиришим керак. Ҳозир аниқ номларни айта олмайман. Умид қиламан, йил охирида йигитларимизга Суперлига клубларидан таклифлар тушса, кўриб чиқамиз.

- Биздаги маълумотларга кўра, сиз “Шўртан”да мураббий бўлиб ишлаган пайтингизда “Машъал”ни мағлуб этгансиз. “Машъал” устози сифатида эса “Шўртан”ни ютгансиз. Бу бир эмас, бир неча маротаба такрорланган. Буни асосий сабабларини нима билан боғлаган бўлардингиз?

- Буни фақатгина ўзимни ишим деб айтмайман. Мураббийлар штаби бор. Биз учун асосийси, майдонда футболчиларнинг ижро қилишидир. “Шўртан”ни ва уларнинг ўйинчиларини ўрганамиз. Ҳимоя ва ҳужум вариантлари бўлади. Бугун мураббийлар штаби томонидан қилинган вариантлар ғалаба қозонишимизга катта туртки бўлди, десам тўғри бўлади. Ҳимояга ҳам, ҳужумга ҳам тайёр эдик. Шунақа давом этаверса, бу ўзимга боғлиқ дейиш мумкин. Лекин бу энди бошланди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!