Асрор Алиқулов: "Футболчиларни жалб қилиш осон эмас. Уларни талаблари жуда баланд"

Про лиганинг 26-турида марказий ўйин Муборакда бўлиб ўтди. Ўтган турда Суперлига йўлланмасини расмийлаштирган “Машъал” иккинчи йўлланма учун асосий даъвогар бўлиб турган “Бухоро”ни қабул қилди. Ғалаба жуда зарур бўлган бухороликлар қийин рақиб устидан сафарда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва “Машъал”дан сўнг “Бухоро” ҳам муддатидан илгари Суперлига йўл олди. Учрашувдан кейин муборакликлар бош мураббийи Асрор Алиқулов матбуот анжуманида ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Ўйин оғир кечишини олдиндан билардик. Чунки “Бухоро” жамоаси бу сафар очко ололмаганида қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин эди. Учрашув ҳам шунга мос бўлди. Оғир, зич ўйин. Жамоалар бир-бирига имконият бермасликка ҳаракат қилдилар. “Бухоро” кўпроқ қарши ҳужумда, ҳимояга эътибор қаратиб ўйнади. Биз қийналдик. “Бухоро” билан бешинчи ўйинимиз. Стандартлар, аутлар, жарима тўплари, шу ҳолатларга тайёрлангандик. Афсуски, барибир гол ўтказиб юбордик. Ҳужумлар қилиб, гол уришга ҳаракат қилдик. Рақиб вақт чўзишга ҳаракат қилди. “Бухоро”ни Суперлиганинг иккинчи йўлланмасини қўлга киритгани билан табриклайман.

- Фаолиятингиз давомида “Машъал”ни иккинчи бор Суперлигага олиб чиқдингиз. “Машъал”ни “Бухоро”га қарши бешинчи учрашуви бўлди ва жамоа асосан керакли натижалани қайд этган. “Машъал” “Бухоро” учун ноқулай рақиб. Лекин бу сафар футболчилар Суперлигага чиқиб бўлганлиги учун хотиржам бўлиб қолганликлари сезилди.

- Ўйинга тайёргарлик давомида йигитларга оғир учрашув бўлишини уқтирдик. Машғулотларда футболчиларда бироз чарчоқ аломатлари сезилди. Футболчилар ёмон жисмоний ҳолатда тайёрланганлари йўқ. Улар охирги дақиқагача югуришди. Фақат руҳан “Бухоро”га қарши енгилроқ ўйин кутишгандир, балки енгилроқ ютамиз, деб ўйлагандирлар. Бу айрим футболчиларга таъсир қилди, деб ўйлайман. Дуранг натижа ҳам бизни 1 –ўринда сақлаб қоларди. Мағлубият “Бухоро”ни бизга яқинлаштирди.

- “Бухоро”ни беш нафар футболчиси сариқ карточка олди. Рақибни учрашувни чўзиш ҳолатлари кузатилди. “Машъал”ни рақибнинг мана шундай найрангларига тайёр эмаслиги ҳам бор гап.

- Бунақа ҳолатларда ўйнаш футболчилардан кўпроқ маҳорат талаб қилади. Йигитларимизда бундай ҳолатларда маҳорати камлиги сезилиб турганди. Захирадан туширдик, бироқ улар ҳали катта ўйинларга тайёр эмас. Ҳаммаси ўйинлар ва йиллар давомида келади. Қолган иккита турда ҳам биз биринчи ўринни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз.

- Учрашув охирларида “Бухоро” жарима майдони ичида тўп футболчининг қўлига тегди ва ҳакам пенальти белгилаши керак эди. Такрорий вазиятни кўрганимизда яққол пенальти бор эди. ВАР йўқлиги билинди. Ўша вазиятга фикрингиз қандай? Про лига баҳсларига ҳам ВАР керакми?

- ВАР бўлганида ўйинлар пайтидаги ҳаққонийликни таъминлаб беради. Раҳбарият айрим учрашувларга ВАРни чақириб, унинг харажатларини кўтарди. “Машъал” ҳар доим ҳам ўз бюджетидан ВАРни чақира олмайди-ку! Агар ўйинда шундай вазиятлар бўлишини билганимизда ўйлайманки, раҳбарият ВАР келишини қўллаб-қувватларди. Ҳакам майдонда ва у яқин жойда турганди. Тўп қўлига текканини кўрмади, деб айта олмайман. Кўрмасликка олган бўлиши мумкин. Такрорий вазиятни ҳам кўрдик, ўйинчи тўпни яққол қўли билан ўйнаганди.

- “Машъал” Суперлигага қандай тайёргарлик кўради? Янги ўйинчиларни харид қиладими ёки мавжуд бўлган бор ресурслардан фойдаланадими?

- Бу қийин. Футболчиларни жалб қилиш осон эмас. Чунки уларни талаблари баланд. Суперлига жамоаларида ҳам футболчилар танқислиги бор. Шу боис легионерларга кўп эътибор қаратиляпти. “Машъал” раҳбарияти бу томонлама ҳам иш олиб боряпти. Молиявий ҳолатга боғлиқ. Ўйинчиларни кўндирадиган маблағ бўлса, ўйлайманки, жалб қиламиз.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!