Асрор Алиқулов ОКМК устидан қозонилган ғалабадан кейин: "Бизда кам имконият бўлди, аммо бундан фойдаландик"
Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичидаги дастлабки баҳсда ОКМК ўз майдонида “Машъал”га 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди. Баҳсдан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманининг биринчи қисмида ғолиб жамоа бош мураббийи Асрор Алиқулов иштирок этди ва журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Айтиш мумкинки, учрашув шиддатли ўтди. ОКМК жамоасига тайёргарлик жараёнида қанотдан ҳужумлар ва биз тўп йўқотгандан кейин тезкорлик билан бўшлиқларни ёпиш устида ишладик. Ўйлайманки, футболчилар ўзларини яхши тарафдан кўрсатишди. Якка курашлар кўп бўлди. ОКМКнинг ҳужумларига яхши қаршилик кўрсатдик. Бизда кам сонли имконият бўлди, аммо бундан фойдаландик. “Машъал” мухлисларини ғалаба билан табриклайман.
- Ўйиндан олдинги режалар қанақа эди? Масалан, Суперлига жамоаси майдонидаги ўйин барибир оғир бўлишини билардингиз. Энди ўйиндан кейин аслида режа қандай бўлганини айтсангиз бўлаверса керак...
- Режага келсак, айрим футболчиларга дам бердик, таркибда ротация қилдик. Ёшроқ футболчиларга имконият бердик. Уларга кўпроқ ўзига ишониши керак эди. Ёшлар кўпроқ нима томонлама ютқазиши мумкин? Суперлига клубига қарши баҳсда қайси жиҳатдан устунлик қилиши мумкин? Кўпроқ югуриш, бўшлиқ ҳамда вақтни камроқ бериш...Шу томонлама охирида ёшларимизда чарчоқ аломати сезилди. Барибир улар майдонда кучи етганича охиригача курашишди.
- Яъни, рақиб кучли бўлишига қарамасдан барибир ёшларга имконият беришга ҳаракат қилдингиз...
- Ҳа, 20 ёш қайсидир жамоада ёш бўлиши мумкин, яна қайсидир клубда бу ёш футболчи ҳисобланмайди. Бизда 20 ёшли ўйинчи дебют қилди. Бу энди ёш эмас. Сарвар Бекжанов ўзини яхши тарафлама кўрсатди. Таянч ярим ҳимоясида ҳам фаол ўйнади. Ўйинидан хурсандмиз.
- “Машъал” жамоаси Ўзбекистон Кубоги баҳсларида қайси жойгача боришни мўлжал қилган?
- Буни олдиндан айтиш қийин. Барибир оғир ўйинлар. Охиригача курашдик. Қолган учрашувлар ҳам худди шунақа.
- Лекин ғалабадан кейин “иштаҳа” очилиши мумкин...
- Биринчи навбатда гуруҳдан чиқиш. Ҳар бир ўйинга қаттиқ тайёргарлик кўриб, имкон қадар узоқроққа боришга ҳаракат қиламиз.
Фикрлар