Асрор Алиқулов: "Захирамизда ўйинни кучайтирадиган футболчилар йўқ"

Бугун про-лиганинг иккинчи туридан ўрин олган “Шўртан” ҳамда “Бухоро” жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди ва унда меҳмонлар томонидан киритилган ягона гол ўйин тақдирини ҳал қилди.

Шу тариқа, “Шўртан” кетма-кет иккинчи учрашувда мағлубиятга учради. “Бухоро”га қарши баҳсдан кейин “Шўртан” бош мураббийи Асрор Алиқулов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Биринчи навбатда “Бухоро” жамоасидаги футболчиларнинг савиясини эътироф этишим керак. Улар Суперлига ва про-лигада анча вақтдан бери тўп суриб келишган. Бугун вазиятлар яратдик, афсуски, гол ура олмадик. Бўйдор футболчиларимизни ҳам стандарт вазиятлар учун тайёрлагандик. Барибир стандартдан гол ўтказиб юбордик. Ачинарли гол! Йигитларимизга мувозанат етмаганидан дарвозамиздан тўп олиб чиқдик. Иккинчи тарафдан қараганда, бизнинг захирамизда ўйинни кучайтирадиган футболчилар йўқ. Бор-йўғи 13 та ўйинчимиз бор. Жуда қийин ҳолатдамиз. Ҳужум чизиғимизда тўп сурган йигитлар ҳам 18 ва 19 ёшли футболчилардир. Улардан борини бериб ўйнашларини талаб қиляпмиз. Барибир нотўғри фикрлашлари, оддий вазиятларда тўпни йўқотишлари кўп учради.

Жамоани шакллантириш жараёнида бизда вариантимиз ҳам йўқ эди. Чунки таъқиқ борлиги учун асосан ёш ўйинчилар – U-18, U-19даги йигитларни жалб қила олдик холос. 9 нафар ўйинчи билан шартномалар тузмоқчи эдик, ўша таъқиқ туфайли бунга эриша олмадик.

Бизда малакали, бутун жамоани бошқара оладиган футболчи йўқ. Ёшларимизнинг ўйин малакалари йўқ. Биринчи турда “Арал” билан учрашувда ҳам ҳимоячиларнинг хатолари кузатилганди, - деди Алиқулов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!