Асрор Ғофуров: "Ўйиндан кейин Пьянич билан анча гаплашиб қолдик..."
Куни кеча ўтказилган Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида легионерларимиз тўп сураётган Бангладеш чемпиони “Башухандра Кингз” БААда “Шаржа” клубига қарши майдонга тушди.
Билсангиз керак, “Башухандра Кингз”да легионерларимиз – Асрор Ғофуров билан Бобур Йўлдошев тўп сурмоқдалар. Улар Миралем Пьянич тўп сураётган “Шаржа” қаршилигини енгишга ҳаракат қилдилар. Аммо БАА клуби 2:0 ҳисобида устун келди ва кейинги босқичга йўл олди.
Учрашувдан кейин ҳамюртимиз Асрор Ғофуров билан суҳбатлашдик.
- Адашмасам, илк бор ОЧЛ плей-офф босқичида ўйнадингиз. “Шаржа”га қарши ўйин ҳақида нималарни айта оласиз?
- Шундай, биринчи марта Осиё Чемпионлар лигасида ўйнадим. Худога шукр, ҳаммаси яхши бўлди, деб ўйлайман. ОЧЛ мен кутгандек савияли даражада ўтди.
- Рақиб таркибида Миралем Пьяничдек жаҳон юлдузи ҳам тўп сурди ва унга қарши ҳаракат қилдингиз. У сиз ўйлагандек юқори даражада эканми?
- Тўғри, Миралем Пьяничга қарши ўйнадим. Ҳақиқатан кучли футболчи экан, билиниб туради. Майдонни кўра билиши, ҳаракатларидан катта ўйинчи эканлиги сезилади. Лекин “Шаржа”ни мен ўйлаганчалик супер даражада ўйнади, деб айта олмайман. Агар жамоамизда яна 2-3 нафар ўзбекистонлик яхши футболчилар бўлганида менимча ғалаба қозонардик.
- Аммо бу мағлубият жамоангиз учун фожеа эмас, шундайми?
- Тўғри, шунақа. Биз учун бу фожеа эмас. Ҳа, кучли клубга қарши ўйнадик. Лекин яхши ўйин бўлди. Бизда ҳам вазиятлар юзага келди. Ҳисоб 1:0 бўлиб турганида икки марта қулай имкониятга эга бўлгандик. Булардан фойдаланганимизда ўйин бошқача бўларди.
- Ростини айтганда, жамоангизни ўзи ҳам “Шаржа”ни мағлуб этишига ишонганмиди ёки барибир ўта мураккаблигини тушуниб турганмидинглар.
- Ўйиндан аввал ҳаммада ҳаяжон бор эди. Чунки, барибир катта клубга қарши ўйнаяпмиз, кўпчилик бундай жамоаларга қарши ўйнамаган. Учрашувдан олдин мағлуб бўлдик, деб айта олмайман. Мураббийимиз ўзингларга ишонинглар, ҳаракат қилинглар деб айтганди. Бошида 5-10 дақиқа ҳаяжон бўлди. Лекин ҳаммасини яхши эпладик, деб ўйлайман. Бу – футбол. Ўйинни кўрганингизда амин бўлардингизки, бизда ҳам яхши вазиятлар содир бўлди. Рақибдан кам даражада имкониятларимиз бўлмади. Ҳимояда ҳам яхши ҳаракат қилдик. Кучли рақибга қарши учрашувда қарши ҳужумда тўп сурдик. Яна қайтараман: “Шаржа”ни супер жамоа сифатида кўрмадим. Ўзимиздаги “Пахтакор”, “Насаф”, “Нефтчи”, ОКМК каби жамоаларни “Шаржа”дан кучли деб ҳисоблайман.
- “Башухандра” энди ОФК Кубогида ўйнайдими? Асосий мақсад қандай?
- Ҳа, жамоамиз энди ОФК Кубогида ўйнайди. Дастлабки мақсадимиз гуруҳдан чиқиш.
- Ўйиндан кейин Пьянич билан футбол алмашдингизми?
- Ўйиндан кейин майдоннинг ўзида Пьянич билан анча гаплашиб қолдик. Тўғриси, у катта даражадаги футболчи, иккимиз битта позицияда ўйнаймиз. Мен ўйнайдиган чизиқда тўп сураётгани учун ҳам ҳурмат қиламан. Ўзига ҳам хурмат қилишимни ва майдонда бирга ўйнаганимиздан хурсандлигимни айтдим. Ҳарактери, ўзини тушиши....Чиндан ҳам катта профессионал футболчи. Формасини сўраганимда ҳам ҳеч қандай эътироз билдиргани йўқ, дарҳол берди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар