Аввалги турда 5:0 ҳисобида мағлубиятга учраган ва мавсум якуналанаётган паллада "Динамо" устози: Мени қувонтираётгани, жамоа тобора ўз ўйинини топаётганлигидир
«Динамо» - «Сурхон» (2:1) учрашувидан сўнг мезбонлар мураббийи Тачмурод Агамуродов журналистлар саволларига жавоб қайтарди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
- Ўйлайманки, йигитларимиз жуда катта иштиёқ эвазига ғалаба қозонишди. Орқага йўл йўқ эди. Мени қувонтираётгани, жамоа тобора ўз ўйинини топаётганлигидир. Тўғри, Бекободда йирик мағлубиятга учрагандик, аммо аслида бунга муносиб эмасдик. Бугун эса йигитлар охиригача курашишди. Фикримча, биз тўғри йўлдамиз.
- Таркибда катта ўзгаришлар кузатилди. Аъламхонов, Насимов, Эргашев майдонга тушмади. Бу сўнгги ўйиндаги йирик ҳисоб билан боғлиқ эдими?
- Ботирали жароҳати боис бизга ёрдам бера олмади. Шунга қарамай, бугун майдонга тушган барча футболчиларимиз охиригача бор куч ва имкониятларини ишга солиб, ғалаба қозонишди.
- Бугун “Динамо”да руҳий тайёргарлик жуда кучли бўлганлигини кўрдик, жамоа ажойиб ўйин намойиш этиб, ўз вақтида ўйинга қайта олди ва ғалаба қозонди. Кейинги ўйинда “Насаф” билан жуда муҳим учрашув кутиб турибди...
- Бизда Суперлигада қолиш учун имконият бор экан, охиригача кураш олиб борамиз. Йигитларимиз ҳам барчасини тушуниб туришибди. Имконият бор экан, биз курашишда давом этамиз. Сўнгги тур биз учун ҳам, бошқалар учун ҳам жуда муҳим.
- Сиз ўзбек футболида совринлар ютишга ўрганган мураббийсиз. Айтингчи, жамоани лигада олиб қолиш вазифаси ҳам сизга қандайдир мотивация бера оладими?
- Биласизми, 2015 йилда жуда оғир вазиятда иккинчи даврада “Бухоро” жамоасини лигада олиб қолганим, мен учун чемпионликдан ҳам муҳимроқ эди. Чунки, ўшанда биз имкони йўқдек кўринган ишни амаллагандик. Бу сафар энди “Динамо”ни олиб қолишга интиламиз. Агар, “Динамо”ни лигада олиб қолсак, бу шахсан мен учун жуда қимматли ғалаба бўлади.
Фикрлар