Азиз Амонов: "Кубок финалида стадионда европача муҳит бўлади, деган тахминим бор"

“Нефтчи” клуби бу турда ҳам очко йўқотди. Фарғоналиклар Андижондаги водий дербисида мезбонларга қарши қийин ўйинда 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади ва жамоалар бир очкодан бўлишиб олдилар.

Ушбу учрашувда “Нефтчи” сафида тўп сурган ҳужумчи Азиз Амонов бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- Азизбек, аввало водий дербиси ҳақида сўрамоқчиман. Таассуротлар қандай?

- Муҳит ажойиб тарзда бўлди. Ўйин асосан курашларга бой ўтди.  “Андижон” мухлислари ҳар доимгидек стадионда тиним билмай жамоасини қўллаб-қувватлашди. Уларни бундай мухлислик қилишига қойил қолмасдан илож йўқ.

- Левченко дуранг адолатли бўлганини айтди. Сиз ҳам шу фикрга қўшиласизми?

- Четдан қараганда мураббийларга кўпроқ аён бўлади.

- Биринчи даврада Фарғонада жанговар дуранг кузатилганди. Иккала даврада ҳам кучлар тенг келди. Бу "Нефтчи" билан "Андижон"ни чиндан кучи тенглигини кўрсатадими?

- Дербида иштиёқ юқори бўлгани учун шунақа бўлса керак, яна билмадим.

- "Андижон" энди 5 октябрь куни Кубок финалида "Истиқлол"да "Навбаҳор" билан ўйнайди. Сиз кимга мухлислик қиласиз? Жамоаларни имконияти қандай ва нима кутяпсиз?

- Иккала жамоага ҳам омад тилаб қоламан. Мухлислари ажойиб, иккала жамоани. Стадионда европача муҳит бўлади, деган тахминим бор.

- "Нефтчи" тобора совринли ўринлардан узоқлашиб бораётгандек туюлмоқда. Жамоа нега барқарорликка эриша олмаяпти?

- Жамоага ҳар йили кўп янги ўйинчилар келиб қўшилади. Бу барқарор ўйин учун вақт талаб килинади. Худо хоҳласа, таркиб 70 фоизга ҳар йили ушланиб қолинса, ўйлайманки, сиз айтган барқарорлика эришса бўлади. Совринли ўринлар учун охирги имкон қолгунча ҳаракат қиламиз.

- Чемпионлик "Насаф"га насиб қилишига шубҳангиз қолмадими? Бу сизни собиқ жамоангиз...

- “Насаф” шу йил мағлубиятга учрамаяпти. Демак, улар чемпионликка лойиқ жамоа бўлиб боришяпти. Уларга омад тилайман. “Насаф” бу чемпионликни кўп кутди. Ҳозир уларда ажойиб жамоа бор.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!