Азиз Амонов: "Қолганлар ҳам андижонликлардан ўрнак олишларини хоҳлардим, бу даражада мухлислик қилиш фантастика"

“Насаф” жамоаси иккинчи даврани Андижонда мезбонларга қарши ўтказди. Ажойиб муҳит остида ўтган учрашувда ҳисоб очилмади.

Европача муҳитдаги учрашувда иккала жамоа футболчилари майдонда ҳузур олиб ўйнайдилар. “Насаф” таркибида тўп сурган Азиз Амонов Андижондаги ўйин хусусида гапирди.

- Азизбек, “Андижон”га қарши учрашув сизда қандай таассурот қолдирди?

- Атмосфера жуда ажойиб бўлди. “Андижон” мухлислари Ўзбекистонда етарлича топилади. Қолган мухлислар ҳам андижонликлардан ўрнак олишини хоҳлардим. Жамоаси ютса-ютқазса ҳам 90 дақиқа давомида бу даражада мухлислик қилиш фақат фантастика. Бундай муҳитни кўриб кўз қувонади. Ишқибозларга қойил, гап йўқ!

- Майдондаги кураш борасида фикрингиз қандай?

- Жанговар ўйин бўлди. Фақат майдон ҳали тайёр эмас экан-да. Жуда юмшоқ ва сифати ҳали у даражада эмас. Сифатли ўйин кўрсатишга имкон бермади. Асосан якка курашларга бой бўлди.

амонов4

- Бу йилги фаолиятингизни “Насаф”да олиб боряпсиз. Бироқ ҳозирча голларингиз камроқ. Бу нима билан боғлиқ?

- Гол уришга ҳаракат қиляпмиз. Ҳаммаси Аллоҳдан. Яна кўпроқ голлар уришга ҳаракат қиламан. Ҳар доим майдонга гол ураман деб тушаман. Баъзида насиб қилади, баъзида насиб қилмайди. Ишлашдан тўхтамаймиз.

- Биринчи даврада “Андижон” “Насаф” майдонида ютиб кетганди. Бу сафар дуранг бўлди. Иккала ўйин ўртасида қандай фарқларни кўрдингиз?

- Ўшанда ҳам “Андижон”нинг ҳимоядан қарши ҳужум асосида ўйин кўрсатишини билардик. Бугун ҳам шунақа бўлди. Бу сафарги учрашувда курашлар кўпроқ кузатилди. Қаршидаги майдон сифатли ўйин кўрсатишга имкон берса, бу ерда бундай бўлмади. Боя айтганимдек, ҳозирча тайёр эмас. Аммо тез орада тўлиқ тайёр бўлиб қолса керак.

амонов1

- “Бобур Арена”даги муҳит сизга қўшимча мотивация бердими ёки аксинчами?

- Атмосфера шунчаки ажойиб. Шунақа руҳда давом этишса, бу жуда зўр. Кўзни қувонтирадиган даражада. Бундай мухлислик инсонга куч бағишлайди. Биз ҳам кўриб қувонамиз.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!