Азиз Ибрагимов
Ads

Ўтган мавсумни бир текисда ўтказа олмаган «Бухоро» клуби янги чемпионатга таркиби бир мунча ўзгарган ҳолда кириб борадиганга ўхшайди. Боиси, жамоани бир қатор етакчи футболчилари тарк этишмоқда. Жумладан ярим ҳимоячи Азиз Ибрагимовнинг ҳам «Бухоро»даги фаолияти якунига етди. У эса бу ҳақида бизга маълум қилди.

- «Бухоро» билан бир йилга шартнома тузгандим. Эндиликда эса ўртадаги битим тугади ва мен клубни расман тарк этдим. Ҳозирча кейинги тақдирим ҳақида бир нима дея олмайман. Балки Ўзбекистонда, балки хорижда ўйнарман. Ҳали номаълум, - деди футболчи.

Клубдан расман кетганини эълон қилган Азиз «Бухоро»даги ўтган йилги фаолияти ҳақида ҳам эслаб ўтди.

- Йил бошида «Бухоро» клуби олдига кучли олитикка кириш вазифаси қўйилганди ва буни бажардик. Жамоанинг мавсумни икки хил ўтказганининг сабабига келсак, буни ҳам икки хил таърифлайман. Биринчиси, ўз номи билан кучли олтиликка киргандан кейин ўз номи билан кучли рақиблар – «Локомотив», «Пахтакор», «Бунёдкор», «Навбаҳор» ва «Металлург» каби жамоалар билан рақобатлашиш осон эмас. Ахир улар ҳам бежизга кучли олтиликка киришмаган. Иккинчидан, мавсумнинг иккинчи ярмига келиб клубда маблағ муаммоси бошланди. Шу иккала фактор катта роль ўйнади деб ўйлайман. Гарчи «Бухоро» молиявий қийинчиликлар гирдобига тушиб қолганига қарамай, раҳбарият, мураббийлар ва футболчилар жамоанинг натижаларини яхшилашга ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, мавсумнинг охирига қадар муносиб курашдик деб ҳисоблайман. Лекин ўтган йилги мавсумдан кўнглим тўлмади.

Шунингдек, собиқ бош мураббий Улуғбек Бақоев ҳамда янги мураббийга айланган Бахтиёр Ашурматов ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди.

- Улуғбек Бақоевни яхши мураббий деб ҳисоблайман. Кучли олтиликка кириш вазифасини уддалади. Ўйлайманки, бу мураббийнинг келажаги порлоқ. Кейинги фаолиятида омад тилайман.  Бахтиёр Ашурматов ҳам яхши мутахассис. Ўтган йили Ўзбекистон Кубогини қўлга киритиб катта натижа кўрсатди. Унинг «Бухоро»да олиб борадиган ишларида омад тилайман. Шу ўринда сўзимнинг охирида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи мусобақага яхши таркибни олиб кетди. Энг яхши легионерларимиз ҳам бор. Қолаверса, иқтидорли ёшларни ҳам олиб кетишди. Умид қиламанки, терма жамоамиз мусобақадан яхши натижалар билан қайтишади, - дея фикрларини якунлади Ибрагимов.