Азиз Ибрагимов футболдан кетди! У энди бошқа иш билан шуғулланяпти
Бу йил 35 ёшни қаршилайдиган Азиз Ибрагимов учун ўтган мавсум кўнгилдагидек кечмади. Айниқса, иккинчи даврада “Бухоро”га ёрдам бериш мақсадида келганди. Лекин якунда унинг жамоаси Суперлигани тарк этди.
Айни пайтда янги мавсумга тайёргарлик кўриш учун клублар қизғин равишда машғулотларни олиб бормоқдалар ва тинмасдан селекция ишлари давом эттириляпти. Қарасак, сира Ибрагимов тўғрисида хабарлар йўқ. Натижада sports.uz мухбири Азиз билан боғланди ва кутилмаган янгиликни айтди.
“Футболдан ташқаридаги ишим қолиб кетаётганди”
- Ўйлаб-ўйлаб футболни йиғиштиришга қарор қилдим. Фарзандлик бўлганман. Кўпроқ оилам даврасида бўлишни хоҳлаяпман. Тан оламан, ёшим ҳам ўтиб боряпти. Бундан буёғига ёшларга ҳам йўл бериш керак. Лекин Худога шукр, ҳалигача куч-қувватим бор. Қарасам, футболдан ташқаридаги ишларим ҳам қолиб кетяпти. Ҳозир шундай вазият бўлиб қолдики, ё уни, ё буни танлашим керак эди. Мен футболни тугатишга қарор қилдим. Футболдан ташқари қиладиган ишим сир бўла қолсин. Асосан тадбиркорлик билан шуғулланяпман.
“Яхши таклифлар ҳам бўлмади”
- Албатта, ота-онам билан маслаҳатлашдим. Кўчадаги ишларимга ҳам эътиборни кучайтиришим кераклигини таъкидлашди. Ўзим ҳам ўйлаб кўрдим. Қарасам, бу ёқдаги ишларим қолиб кетаётганди. Тўғри, агар менга яхши таклиф бўлса, буни кўриб чиқардим. Бироқ бундай яхши таклифлар ҳам бўлмади. Лекин ҳар доим спорт формамни ушлаб турибман. Эрталабда ўзим учун шуғулланяпман. Кечки пайт уйимда тренажёр билан ишлаяпман. Балки Осиёдан кутилмаган таклиф бўлиб қолса ўйлаб кўрса арзийди.
“Савияли мураббий бўлмоқчиман”
- Мураббийлик курсларида ўқиш ниятим бор. ЎФАдагиларга бу борада мени ҳам ўқиш хоҳишим борлигини айтиб қўйдим. Кейинчалик футболда мураббий бўлиб ишлашим мумкин. Кейинги сафар мураббий сифатида гаплашамиз деган умиддаман. Худо хоҳласа, савияли мураббий бўлмоқчиман.
“Бухоро”ни Суперлигада сақлаб қолсак бўларди”
- Балки ўтган йили “Бухоро”даги омадсиз иштирок ҳам футболни тугатишимга таъсир қилган бўлиши мумкин. Таркибда тажрибали ўйинчилар етарли эмасди. Ҳолбуки, жамоани Суперлигада сақлаб қолсак бўларди. Кўп ўйинчилар ёшлик қилди. Биринчи даврада ўринбосарлар таркибида тўп суриб юрган футболчилар иккинчи даврада асосий таркибга ўтказилди. Эътибор берган бўлсангиз, биринчи даврадан кейин бир қанча клублар яхши ўйинчиларни йиғиб олди. “Бухоро”да эса бундай имконият бўлмади. Фақат мени, Фомин ва Алижоновни олишди. Бу камлик қилади. “Қизилқум” ва бошқалар эса таркибини анча кучайтирганди. Албатта, “Бухоро”даги молиявий муаммолар ҳам таъсир кўрсатди.
“Футболни тугатганимдан афсусланмаяпман”
- Балки фаолиятимни шундай ҳолатда тугатганим ёқимсиз бўлса керак. Аммо ҳозирда оилам даврасида фарзандим билан биргаман. Эрталаб чиқиб кетиб, кечки пайт уйга келяпман, кўчада ишларим билан юрибман. Ўз юмушларим ва фарзандим билан бўлиб, тўғриси, футболни тугатганимдан унчалик афсусланмаяпман ҳам.
“Барибир футболда давомчим бор. Укам “Бунёдкор” клубида тўп суряпти”
- Укам Иброҳим Ибрагимов Суперлигада ўйнаяпти. Худо хоҳласа барибир футболда давомчим бор. У “Бунёдкор” жамоасида тўп суриб келяпти. Бугун “Нефтчи”га қарши тўп суришди ва 3:0 ҳисобида ютишибди, укам ҳам гол урибди. Тимур Кападзе бошқарувидаги терма жамоада ҳам ўйнайди. Укамга ишонаман, яхши футболчи бўлиб етишади ва юзимизни ерга қаратмайди.
“Фаолиятимдан розиман”
- Легионер бўлиб биринчи марта Словакиянинг “Слован” клубига борганман. У пайтда 21 ёшда эдим. Европага илк бор борганим барибир бошқача бўлган. Кейин Чехиянинг “Богемианс” жамоасига кўчиб ўтганман. Дастлаб, биринчи лигада ўйнаб чемпион бўлганмиз ва олий лигасига чиққанмиз. Жуда қизиқарли кечган. Словакияда ҳам, Чехияда ҳам пойтахт жамоаларида тўп сурганман. Шунингдек, Хитойдаги фаолиятимни ҳам анча қизиқарли кечган, деб айта оламан. Кейинчалик, Латвияда ўйнаб Юрмаланинг “Спартак” жамоаси билан чемпионликни қўлга киритдик. Табиийки, у ердаги фаолиятим ҳам ажойиб ўтди. Ёқимсиз бўлган жиҳатларига келсам, Эронда унчалик ёқмаган. Чехиянинг “Динамо” жамоасида ҳам ўйнагандим, аммо у ерда ҳам бироз ёқмаган. “Бухоро”даги фаолиятимни ҳам омадсизлар қаторига қўшсам бўлади. Барибир фаолиятни яхши ҳолатда тугатган яхши-да! Лекин Худога шукр, футболчилик фаолиятим яхши ўтди. Турли ёшдаги терма жамоаларда ҳам тўп сурдим. Фаолиятимдан шубҳасиз розиман.
Фикрлар