Азиз Ибрагимов:
Ads

Суперлиганинг 8-турида «Пахтакор» ҳамда «Навбаҳор» жамоалари ўртасидаги учрашув томошабоп тарзда ўтди. Наманганликлар ирода кучини кўрсатиб, мағлубиятдан қутулиб қолишди. Шу куни «Навбаҳор» таркибидаги барча ўйинчилар майдонда катта иштиёқ билан ўйнадилар.

Умуман олганда, наманганликлар сафида тажрибали ўйинчилар кўп. Улардан бири эса Азиз Ибрагимов. Аммо у доим ҳам «Навбаҳор» таркибида кўриниш бераётгани йўқ. Шунга қарамай, «Пахтакор» билан баҳсда захирадан майдонга тушди. Учрашувдан сўнг футболчи билан гаплашдик.

- 2:0 ҳисобида ютқазаётиб, уни 2:2 га айлантира олдик. Буни худди камбэкка ўхшатсак ҳам бўлади. Ўйин эса томошабоп руҳда ўтди. Менимча, Намангандан келган мухлислар ҳам, «Пахтакор»нинг ишқибозлари ҳам учрашувни кўриб маза қилишди, дейди - Ибрагимов.

- «Пахтакор» 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олганидан кейин мезбонларнинг ғалабаси тахмин қилинаётганди. Бироқ «Навбаҳор» ўзида ирода ва характер кўрсата олди. Ўша пайтда қандай ишонч пайдо бўлди?

- «Ливерпуль» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ ҳам ўйиндан олдин «ҳеч қачон умидингни узма» деган ёзувли майкани кийиб чиққанди. Авваламбор майдондаги футболчилар катта ирода ва ишонч билан ўйнашди. Шунинг эвазига ҳисобни тенглаштирдик. Ҳар доим охиригача курашиш керак. Қўшимча дақиқаларда гол уриб ютиб кетган жамоалар бор. Узоққа бормайлик, Европа Чемпионлар лигасида «Аякс» - «Тоттенхэм» учрашувини эслашимиз мумкин.

- Учрашувдаги ҳакамлик ҳақида фикрингиз қандай? Улар ўйин тизгинини қўлдан чиқариб юборишдими?

- Уларни муҳокама қилиш менинг ишим эмас. Футбол аввало халқ ва мухлислар учун ўйналади. Ўйинлар қанчалик чиройли ва қизиқарли ўтса, стадионларга шунча кўп томошабинлар келишади. Куни кеча сайтда ўқиб қолдим, ўйинни бошқарган ҳакам учта ўйинга четлатилибди. Қанот ҳаками ҳам четлатилган. Уларни бекордан-бекорга жазолашмагандир. Уларни тепасида текширадиган алоҳида қўмита бор. Нима қилишни эса улар билишади. Лекин ҳакамларнинг ишини муҳокама қилиш мен учун эмас. Менинг асосий вазифам футбол ўйнаш. Шунчаки, сиз менга ҳакамлар ҳақида савол берганингиз учун жавоб беряпман. Дарвоқе, ўйинга ҳакам 4 дақиқа вақт қўшиб берганди. Аммо биз 98-дақиқагача ўйнабмиз. Буни учрашувдан кейин билдик. Самарқандда «Динамо» жамоаси билан ўйнаганимизда Равшан Эрматов учрашувни бошқарганди. Ўйиндан кейин эса Равшан ака бундай ўйинда ҳакамлик қилиб, маза қилдим деганди. Агар футболчи ва ҳакамлар шундай дейишаётган бўлса, у ҳолда мухлислар биздан кўра 10 баробар роҳатланган бўлишади. Футбол мухлислар учун ўйналишини ҳар бир ўйинчи чуқур ҳис қилиши керак. Ишқибозлар стадионга кириб футбол кўряптими, демак биз бормиз. Агар стадионга мухлислар келмаса, биз ким учун футбол ўйнаймиз?  

- «Навбаҳор» мавсумнинг бошларида қийналди. Чунки ўз майдонидаги учрашувларни Тошкентда ёки Фарғонада ўтказиб юрди. Ниҳоят, 7-турдан жамоа Наманганда ўйнашни бошлади. Бу ҳолат футболчиларга ҳам руҳий таъсир кўрсатдими?

- Ҳа, менимча бу вазият бизни янада кучлироқ қилди деб ўйлайман. Тошкент ёки Фарғонада ўйнаган пайтларимизда ҳамма мухлисларимиз ҳам бора олишмади. Чунки ҳаммада ҳам шароит ҳар хил. Бошқа стадионларда ўйнасак ҳам очколар олишга ҳаракат қилдик. «Пахтакор» билан учрашувда ҳам жамоамиз жонбозлик кўрсатди. Кўпчилик умидини узган жойида биз матонат кўрсатиб, вазиятни ўзгартира олдик. Биз бундан ҳам яхши ўйинлар кўрсатиб, мухлисларимизни хурсанд қилишда давом этамиз.

- «Навбаҳор»нинг асосий таркибига киришингиз қийин кечмоқда. Кўпроқ захирада қоляпсиз. «Пахтакор» билан баҳсда ҳам ўйин охирларига яқин майдонга тушдингиз. Бу нима билан боғлиқ? Ёки сизда жароҳат бормиди?

- Ҳаммасини мураббийлар яхшироқ билишади. Қайси футболчи ўйинга тўлиқ тайёр бўлса, мураббийлар ўша ўйинчиларни майдонга туширишади. Мен эса кўпроқ ҳужумга ихтисослашган ҳолда ўйнайман. Мураббий мени баъзида ўртага ҳам, чап ва ўнг қанотга ҳам қўйяпти. Мураббийнинг ишларига аралашмайман ва ҳар бир қарорини ҳурмат қиламан. Бунинг устига олдинги чизиқда ўйнаётган Касьян ҳам голлар уряпти. Шу боис ўзимнинг вақти соатимни кутишга мажбурман. Лекин футболчи тўхтаб қолмаслиги ва охиригача курашиши лозим.

- «Навбаҳор»га бу йил қўшилдингиз. Янги жамоага аллақачон мослашиб кетгандирсиз?

- Клубга борганимда илиқ кутиб олишди, Наманганда. Барибир янги жамоа бўлгани учун ўзига яраша қийинчиликлари бўлади. Аммо ҳозирга келиб анча кўникиб кетдим.

- Жамоага сизни Канчельскиснинг ўзи таклиф қилганми?

- Ҳа. Ўтган йили Бухорода «Бухоро» ҳамда «Навбаҳор» жамоалари ўртасидаги учрашувда мен ҳам майдонда ўйнагандим. Ўшанда мураббийлар менинг номимни ён дафтарчаларига ёзиб қўйишган экан.

- Наманганда футбол ҳарорати жуда баланд. Муҳит ҳам бошқача. Ашаддий мухлислар қаршисида ўйнаш футболчиларга қўшимча босим бериши ёки аксинча роҳатланишлари мумкин…

- Стадион тўла мухлислар қаршисида ўйнаш маза-ку! Мухлислар футболни жуда севишади. Улар ҳам яхши ўйин кўриб, жамоасининг ғалабасини исташади. «Пахтакор»га қарши учрашувни кўриш учун менинг дўстларим ҳам стадионга тушишганди. Ўйиндан кейин бизни ўйинга чақирганинг учун катта раҳмат, ўзимиз учун чинакамига адреналин олдик деб айтишди ва хурсанд бўлишди.