Азиз Тўхтабоев: Лига Кубогида ғолиб чиқишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз
Маълумки, 19-турдаги энг йирик ҳисоб Қўқонда кузатилди. «Қўқон-1912» жамоаси Вадим Абрамов бошчилигидаги «Бунёдкор»ни 3:0 ҳисобида таслим қилишга муваффақ бўлди. Шу тариқа, мезбонлар турнир жадвалидаги аҳволини бир мунча яхшилаб ҳам олдилар. Эътиборлиси, «Қўқон-1912» охирги тўртта учрашувдан бери фақат ғалаба қозониб келмоқда. Кубок доирасидаги муваффақиятини ҳам қўшадиган бўлсак, уларнинг ғалабали серияси бешта ўйинга етганини кўриш мумкин. Жамоада бош мураббийлик вазифасини бажариб келаётган Азиз Тўхтабоевга эса «Қўқон-1912»ни қийин вазиятдан олиб чиқиб кетишга ишонмаганлар ҳам бўлганди. Бироқ ёш мураббий жамоага ғолибона руҳни ва футболчиларнинг ўзларига бўлган ишончини сингдира олди. Айниқса, «Бунёдкор» билан беллашувда бу ҳолат яққол намоён бўлди. Қизиғи шундаки, Тўхтабоев футболчилик даврида Вадим Абрамов қўл остида бир неча мавсум тўп сурганди. Бу сафар эса улар илк бор мураббий сифатида тўқнаш келишди, устоз ва шогирд сифатида. Аммо буни қарангки, шогирд устозини енгиб қўйди. Тўхтабоев дастлаб шу ҳақида фикр билдирди.
- Вадим Абрамовни ҳамма билади, уни барчамиз яхши кўрамиз, - дея гап бошлади, Азиз Тўхтабоев. - Ушбу мутахассиснинг қандай услубда ўйнашини ҳам яхши биламиз. Чунки унинг қўли остида ҳам ўйнаганман. Айниқса, унинг жамоалари тўп билан муомалада кўп бўлади, бу ҳолат терма жамоада ишлаганида ҳам сезилиб турарди. Тўғриси, биз билан ўйинда унинг жамоасига тўп билан муомала қилишга ҳам йўл қўйиб берилди. Лекин биз гол урганимиздан кейин қарши ҳужумлардан фойдаланмоқчи бўлгандик. Аммо бошқа имкониятдан фойдалана олмадик. Кейин иккинчи бўлим арафасида йигитларга тушунтирдим, ўйинимизни янада кучайтиришимиз кераклигини уқтирдим. Натижада танаффусдан сўнг яна иккита гол уришга муваффақ бўлдик. Эътиборлиси, биз учта голдан ташқари яна бошқа имкониятларга ҳам эга бўла олдик. Агар ҳаммаси ўхшаб қолганида ҳисоб янада йирик кўриниш олиши ҳам мумкин эди. Албатта, Вадим Карленовичга ҳурматимиз баланд. Бир томондан қараганда, устозни ютиш бу ёқимли, аммо иккинчи томондан қараганда сизга футбол ўйнатишни ўргатган устоз билан илк бор мураббий сифатида тўқнаш келиб, уни енгиш ҳижолатчилик ҳам бўлар экан.
«Қўқон-1912» иккинчи даврани ўз уйида Жиззахга қарши ўтказиб, «Сўғдиёна»га ютқазиб қўйганди. Аммо кейинги барча ўйинларда фақат ғалаба қозониб келишмоқда. Футболчиларга ғолибона руҳни сингдиришда табиийки, Азиз Тўхтабоевнниг ҳиссаси катта бўлмоқда. У қандай қилиб, ўйинчиларининг руҳиятини кўтараётгани ҳақида гапирди.
- Сиз билан ёзда гаплашганимизда ҳам айтгандим, бизга фақат битта ғалаба етишмаётганди. Агар битта ютиб олсак, ишларимиз яхши бўлиб кетишига ишонардик. Аслида жамоамиз ўша пайтда ҳам ёмон ўйин кўрсатмаётганди. Бироқ у кезларда ўзимиз яратаётган имкониятларимиздан тўлиқ фойдалана олмаётгандик. Аксига олиб, ўзимиз қарши ҳужумлардан жабр чекиб, гол ўтказиб юбораётгандик. Мана, охирги бешта учрашувдан бери ғалаба қозониб келяпмиз. Бунинг сабабларидан бири эса биз янги тактикада ўйнаётганимиздир. Яъни, 5-3-2 тактикасини қўллаяпмиз. Шунинг кўпроқ самараси бўляпти ва ҳимояни ҳам кучайтирдик. Аммо кўпчилик бизни асосан ҳимоявий ўйин кўрсатишяпти деб ўйлашади. 5-3-2 тактикамиз эса бу аслида ҳужумкор услуб саналади. Биз иккинчи даврада футболчиларимизнинг майдондаги жойлашувига эътибор қаратиб, ҳужум ва ҳимояда уюшқоқликни, барқарорликни ўрната оляпмиз.
Қўқонликлар жорий мавсумда илк бор йирик ҳисобда ғалаба қозонишди. Қолаверса, ҳали бунга қадар битта учрашув учта гол урмаганди. Айтмоқчимизки, жамоанинг гол уриш борасидаги сермаҳсуллиги яхшиланиб боряпти. Ҳужумларнинг ҳам «иштаҳаси» очилаётгандек. Бош мураббий вазифасини бажараётган ёш мутахассис эса ушбу жараёнга ҳам тўхталиб ўтди.
- Боя айтганимдек, аслида бизда доим имкониятларимиз кўп бўларди, аммо улардан кераклигича фойдалана олмаётгандик. Иштаҳа овқат пайтида келади дейишади. Мана, голлар урилаётганидан кейин футболчиларда ўзига бўлган ишонч ва хоҳиш ҳам ортиб кетади. Бошқа соҳаларда ҳам шундай, агар сизнинг ишингиз юришиб кетаверса, руҳият кўтарилиб, ўзингизга бўлган ишонч кучайиб бораверади. Бизда ҳам шундай бўляпти, ғалабалар қозонаётганимиз, голлар ураётганимиз йигитларнинг руҳиятини кўтарди. Энди бизда олдингидек катта босимлар йўқ, охирги ўриндан қачон қутуларканмиз, деган ўй-ҳаёллардан узоқлашдик. Шундай омилларнинг эвазига ҳам эндиликда футболчиларимиз майдонда эркин, ўзларига ишонган ҳолда ўйнашяпти. Нафақат ўйинчиларимиз, балки раҳбариятдан тортиб, стадионнинг қоровулигача ҳамма бирдек меҳнат қиляпти.
Дарҳақиқат, мавсумни яхши бошлай олмаган «Қўқон-1912» анча вақтгача охирги ўринда юрди. Бундан эса маҳаллий мухлислар ташвишга тушиб қолишганди. Аммо олдинда иккинчи давра баҳслари турганди ва асосий умид айнан мавсумнинг иккинчи қисмидан бўлиб қолганди. Боиси, биринчи даврада кўплаб ўйинларни сафарда ўтказишга мажбур бўлган жамоа энди ўз майдонида ўша рақибларини қабул қилмоқда. Шунга асосан жамоанинг ғалабали серияси бошланди. Натижада бугунги кунга келиб қўқонликлар 9-ўринга кўтарилиб кетган ҳолда жон сақлаб қолиш учун курашаётган номзодлардан узоқлашди. Бу ҳолатда улар энди бир мунча енгил тин олаётган бўлсалар ҳам ажаб эмас.
- Сиз билан гаплашганимда камида 8-ўринни эгаллашимиз ҳақида айтгандим. «Бунёдкор» билан учрашувдан олдин имкониятимиздан келиб чиқиб очколаримизни ҳисоблаб чиққанимизда бемалол саккизталикдан жой олишимиз мумкинлиги кўринганди. Бу албатта назарий жиҳатдан айтилаётган имкониятлардир. Лекин чиндан ҳам бемалол ушбу ўринни қўлга киритсак бўлади. Аммо биз ҳали хотиржамликка берилмаслигимиз керак. Охирги ўриндаги «Бухоро» билан бизнинг ўртамиздаги фарқ фақат беш очкони ташкил қилиб турибди холос. Битта мағлубият эса бизни 12-ўринга тушириб юбориши мумкин. Бундан буёғига асло хотиржамликка берилмасдан ғолибона руҳда давом этишимиз керак.
Шунингдек, қўқонликларнинг Кубок доирасидаги иштирокига тўхталиб ўтадиган бўлсак, гарчи Ўзбекистон Кубогидан чиқиб кетган бўлса-да, Лига Кубогидаги юришини давом эттиряпти ва улар ярим финалга етиб келди. Энди бу босқичда «Қўқон-1912» «Динамо» билан ўйнайди…
- Иккала Кубокда ҳам охиригача бориш бизнинг мақсадимиз эди. Айниқса, Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашишни биз ҳам ният қилгандик. Лига Кубоги ҳам ёмон мусобақа эмас. Кўплаб жамоаларга асқотяпти. Айниқса, ўйнамаётган ўйинчиларда амалиёт пайдо бўлиб, ўзларини кўрсатиб олиш учун имконият ҳосил бўлмоқда. Ўзбекистон Кубогидан чиқиб кетишимизнинг сабаби шуки, «Қизилқум» билан учрашувда асосий вақтда 1:1 бўлганди, фақат пенальтилар сериясидагина мағлуб бўлдик. Лига Кубогидаги иштирокимизни эса ҳамма кўриб турибди ва бу ҳақида ортиқча гапирмасам ҳам бўлади. Бизнинг мақсадимиз Лига Кубогини ютиш. Барибир ҳар қандай клубга соврин керак. Бу эса футболчиларга ижобий таъсир кўрсатади. Шунинг учун иложи борича Лига Кубогида ғолиб чиқишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
Фикрлар