"Бабаян билан ҳолатимиз ўхшаб кетгани билан вазият бир-биридан тубдан фарқ қилади" - Вадим Абрамов билан катта суҳбат

Кеча илиқ фикрлар ва катта ишонч билан терма жамоага қайтарилган Вадим Абрамов бугун кескин танқидлар остида қолди ва ишдан бўшатилди.

Афсуски, миллий термамиз унинг бошчилигида жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичига чиқа олмай қолиб кетди. Бу катта муваффақиятсизлик. Бунга авваламбор бош мураббий Вадим Абрамов жавобгар.

Sports.uz мухбири терма жамоамизнинг собиқ устозига вазиятдан келиб чиқиб бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.

- Вадим Карленович, сиз журналистларнинг саволларига доим, самимий тарзда жавоб қайтариб келгансиз. Айниқса, терма жамоа устози сифатида берган интервьюларингизни кўпчилик қизиқиб ўқирди. Айтинг-чи, "ЖЧ-2022" саралаш босқичидаги ўта омадсиз иштирокдан сўнг, бу масаладаги ҳолат ёмон томонга ўзгариб кетмадими?

- Албатта, терма жамоа саралашнинг якуний босқичига чиқа олмаган экан, бу катта омадсизлик, катта минусдир. Жаҳон чемпионатидек нуфузли турнирнинг саралашидаги муваффақиятсизликни хазм қилиш қийин, албатта. Шуни айтишим жоизки, бугунги авлод футболчилари учун бу қандайдир ўзига хос синов, тажриба мактаби бўлди. Таркибдаги Одил Аҳмедовдан фарқли равишда бошқа аксар футболчиларимиз бундай турнирнинг саралашидаги иштирок орқали деярли тажрибага эга эмасдилар. Шунинг учун ҳам бизга тажриба етишмади, дейишим мумкин. Жаҳон чемпионатининг саралашида ва ўзида иштирок этишнинг ўртасида катта фарқ борлигини ҳамма яхши билса керак. Бу турли даражадаги мусобақаларга айланиб кетади. Шу вақт оралиғида биз рейтингда ҳам сезиларли даражада пастладик. Рейтинг пастлаб борар экан, бу ҳол рақибларга қўл келишга тушиши бор гап. Агар олдинги мураббийлик фаолиятим давридаги учрашувларни эсга олсак, масалан, Жанубий Корея ва Японияга қарши кечган тўқнашувларни назарда тутяпман. Ўшанда ҳам рейтингимиз мақтанарли даражада бўлмаган. Бироқ биз аста-секинлик билан кўтарилишга муваффақ бўлганмиз. Бу сафар омадимиз чопмади. Боз устига аввал бошидан анча ноқулай вазиятга тушиб қолгандик. Шимолий Кореяни келмагани бизни олти очкодан маҳрум қилди. Биз қандайдир ўрага тушиб қолгандик. Ундан чиқиш пайида бўлдик.

- Бундай шармандали якундан сўнг, сиздан асосан нима ҳақида сўрашяпти?

- Мендан йиғилиш чоғида нима бўлганини тушунтириб беришимни сўрашганди. Ўшанда саволларга қандай жавоб берганимни ўзингиз ҳам эшитган бўлсангиз керак. Шундан кейин мендан ҳеч ким бошқа нарса сўрамади. Мана, энди сиз журналистлар орасида биринчи бўлиб менга саволлар билан мурожаат қиляпсиз.

абрамов1_3

- Умуман айтганда, шармандали иштирокни қандай қабул қилдингиз?

- Сизга шуни айтишим керакки, анча ноқулай вазиятда иш бошлаган чоғимда ҳам кейинги босқичга йўл олишимиз мумкинлигига ишонгандим. Лекин қабул қилинган қарорга ўшанда ўз муносабатимизни билдирмаганимиз кейинчалик ўзимизга панд берди. Агар Шимолий Корея мусобақада қатнашганида олти очкога эга чиққан бўлардик. Бундай қарор қай даражада қабул қилингани сабабларидан бехабарман. Охирги пайтларда бизнинг манфаатларимизни ҳимоя қиладиган вакил топилмади. Агар олимпия саралашини эсга олсангиз, ўшанда ҳам биринчи ўринда бўлган чоғимизда қандайдир қарорлар қабул қилишганди. Шунинг эвазига кутилмаганда ҳисобимиздан олти очкони олиб ташлашган. Айнан шу туфайли яқин таъқибчимиз билан очколаримиз тенг – 8 тадан бўлиб қолганди. Мана шундай ҳолатлар ҳам учраб туради. Албатта, бу менинг ваколатимга кирмайдиган ҳолатлардир. Бундай жиҳатларга мураббий сифатида таъсир ўтказа олмасдим ҳам. Футболда мана шунақа мураккабликлар ҳам учраб туради.

- Саралашнинг якуний босқичига йўл олишимиз учун бизга айнан нима етишмади? Шунингдек, сиз менга олдин ҳеч кимга айтмаган бирор-бир сабабни гапириб бера оласизми?

- Сиз мени тўғри тушунинг, биздан қўлга киритишимиз мумкин бўлган нақд олти очкони тортиб олдилар. Қолаверса, Саудия Арабистонида ҳафта давомида учта ўйин ўтказиш ўта қийин. Тайёргарлигимиз жойида эди. Иккита ўйинни ютдик. Аммо Саудия Арабистонини ўз уйида енгиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Мен ўйинлардан олдин ҳам бу жиҳатга эътибор қаратганман. Нима демоқчиман, айни пайтда саудияликлар билан теппа-тенг рақобатлаша олмаслигимиз яққол сезилиб қолди. Айниқса, бундай кучли рақибни ўз майдонида енгиш...Илгари ҳам Саудия Арабистони билан учрашганмиз. Ачинарлиси, уларнинг майдонида гол кирита олмагандик. Бу сафар ҳам шу ҳолат такрорланди. Яна қайтараман: ҳафта давомида бирин-кетин учта учрашувни ўтказиш – бу ўта қийин ишдир. Устига-устак иқлим билан боғлиқ ҳолат ҳам футболчиларимизнинг жисмоний тайёргарлигига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Шундай иссиқ ҳавода учта ўйин ўтказиш қанчалик мураккаблигини айтишим шарт бўлмаса керак. Шу вақт оралиғида муҳим беллашувга яхшироқ тайёргарлик ҳам кўра олмадик. Бизда икки нафар марказий ҳимоячи бор эди: Анзур Исмоилов ва Егорь Кримец. “Пахтакор”нинг бу ўйинчилари терма жамоада иш бошлаган пайтимда қўл остимда ўйнагандилар. Ёдингизда бўлса, Кримецни биринчи бўлиб олимпия терма жамоасига ўзим жалб этгандим. Ўшанда у ёш, ғўр йигит эди. Агар адашмаётган бўлсам, Кримец 1992 йили туғилган, шундайми? У миллий терма жамоада Японияга қарши ўртоқлик ўйинида қатнашган. Сўнгра, олимпия терма жамоасига чақирилганди. Ўзингиз ўйланг, терма жамоада биринчи бор иш бошлаганим ва орадан анча вақт ўтганидан сўнг яна қайтганимдан бери нақд 10 йил ўтиб кетибди. Айтмоқчиманки, уларнинг ўрнига бошқа ўринбосар тайёрлай олмадик. Шунингдек, дарвозабон масаласида ҳам айнан шунга ўхшаш фикрни билдиришим мумкин. Бу сафарги термада бизда ҳақиқий биринчи рақамли посбоннинг ўзи бўлмади. Дарвозабон ва марказий ҳимоя чизиғи борасида муаммоларимиз яққол кўзга ташланиб қолганди. Қолаверса, қанот ҳимоячиларига бўлган ҳурматимни сақлаб қолган ҳолда айтишим керакки, улар кутилган даражадаа тўп сура олганлари йўқ. Айниқса, фурсат туғилганда ҳужумларга қўшилиб кетиш масаласида камчиликлар яққол кўзга ташланиб қолди. Шунга ўхшаш гапни рақиблар ҳужумга ташланган пайтда тўпни олиб қўйишдаги пала-партишликлар ҳам дилни хира қилгани бор гап. Айниқса, иккинчи жиҳат борасидаги муаммоларимиз ҳужумга ўтиш чоғидагидан кўра шундоқ сезилиб турди. Ҳимоячилар орасида рақобатбардош ижрочилар йўқ ҳисобида эди.

абрамов_13

- Нима сабабдан саудияликларга қарши беллашувда ўзини оқламаган мана шундай тактика ва ўйинчиларни танладингиз?

- Юқорида айтиб ўтганимдек, ўта иссиқ ҳароратда ўйинларга тайёргарлик кўришда қийналдик. Бизни дуранг натижа ҳам қониқтирарди. Шунда ортиқча муаммосиз саралашнинг якуний босқичига хотиржам йўл олган бўлардик. Биз саудияликларга қарши ўйинни ҳимояга таянган ҳолда ташкил этиш маъқул бўлишини танлагандик. Саудияликларнинг Сингапурга қарши беллашувини кўрган бўлсангиз, улар учрашувнинг дастлабки дақиқаларида ҳеч қандай ҳужум ташкил эта олмагандилар. Шу боисдан ҳам биз ҳимояга таянган ҳолда ўйнашни танлагандик. Шунчаки, ўйин учун белгилаб олинган режани охиригача етказишни уддалай олмадик. Бу тактика иш беришидан умид қилгандик. Афсуски, биринчи голни ўтказиб юборганимиздан кейин рақибга ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмасдан қолдик. Ўша куни учрашувга умуман тайёр эмасдик, десам ҳам муболаға қилмаган бўламан. Бошқача ўйнашимиз ҳам мумкин эди. Лекин бўлар иш бўлиб ўтди, энди ҳеч нарсани ўзгартиришнинг иложи йўқ.

- Эсингизда бўлса, Бабаян саралашнинг якуний босқичидаги омадсизликдан сўнг, унга танқидлар кўп бўлган ва бошқа мамлакатга йўл олишни маъқул топганди. Ҳозир айтишим мумкин бўлса, сиз ҳам шундай ҳолатдасиз. Ўзбекистонни маълум бир муддатга тарк этиш режангиз борми?

- Ўйлайманки, Бабаян билан ҳолатимиз ўхшашиб кетгани билан вазият бир-биридан тубдан фарқ қилади. Купердан сўнг, терма жамоани қабул қилгач, биз фақат кучли рақиблардан саудияликларга ютқаздик. Терма жамоага худди ўт ўчирувчи каби келганим боис футболчиларни танлаш борасида ҳам муайян қийинчиликларга дуч келдим. Боз устига пандемия шароити туфайли назорат учрашувларини хоҳлаган даражада ўтказиш имкониятига эга бўлмадик. Гоҳида журналистлар пашшадан фил ясашга тушиб кетадилар. Бу гапим учун албатта узр сўрайман. Аммо футбол ичидаги ишларни юритиш осон эмас. Терма жамоани ўта мураккаб ҳолатда қолганда қабул қилиб олдим. Мени эса гоҳида бир агентнинг таъсири орқали футболчиларни танлашда зўр беришда ҳам айблаганлар бўлди. Бу мантиққа тўғри келмайди, ахмақона гап-сўзлар. Қатар ва Саудия Арабистонида футболчиларга пул тўлаш орқали уларнинг Европада маълум вақт ўйнашларини ташкил этиш энди ҳеч кимни ажаблантирмайдиган ҳолатлардир. Чунки Қатар ва саудияликларда пул кўп. Бизнинг терма жамоада Россияда ва Европада ўйнаётган футболчилар борлиги учун уни бемалол рақобатбардош дейиш мумкин бўлади. Агар Шомуродовдек футболчиларимиз сони беш нафар бўлганида ҳаммаси бошқача тус олиши тайин эди. Бахтга қарши термамизда кучли лигаларда ўйнаётганлар жуда оз. Қаранг, Эрон биз билан ўйнаш учун Тошкентга келганда унинг таркибидаги ўйинчиларнинг деярли ҳаммаси Европадаги клубларда тўп суришади. Бундай рақиблар билан беллашиш амримаҳол. Улар кучли лигаларда тўп суриш орқали қандай ҳимоялашни, тўпни қабул қилиш учун қулай вазиятга чиқишни жуда яхши ўзлаштирганлар. Бизнинг футболчиларимизни ҳам Европадаги лигаларда кўпроқ бўлишини таъминлаш зарур. Бироқ бизнинг журналистлар футболчиларни қандай ўйнатиш ҳақида энди мураббийларга йўл-йўриқ кўрсатишяпти. Бундай мақолалар эса ўқувчиларни иккилантириб қўйиб, мураббийларнинг танқидлар бўрони остида қолишига туртки беряпти. Тирноқ остидан кир қидириш яхшиликка олиб келмайди. Айниқса, бўлар-бўлмас мақолалар билан мухлисларни иккилантириш яхши иш эмас. Шунинг учун ҳам бу мавзуда гапириш жуда ёқимсиз. Журналистларнинг ҳаммаси ҳам ўз ишининг ҳақиқий устаси эмас. Аксарияти масаланинг моҳиятини тушунмай туриб, отни қамчилашга тушишади. Уларнинг мана шундай мақолалар билан қандай мақсадни кўзлаётганларини тушунишим қийин. Бу худди телбаворликка ўхшайди. Тўғри, улар ўзбек футболини кўтариш ҳақида гапиришяпти. Лекин ҳаммасини рўй-рост, синчиклаб ўргангандан кейингина ёзиш керак. Аммо кўпчилиги бундай йўл тутмайди.

абрамов2_7

- Омадсизликдан кейин ўзингизни оқлаш учун нима деган бўлардингиз?

- Биласизми, терма жамоа устози сифатида ўз ишимни виждонан, ҳалол бажардим. Бу масалада виждоним тоза эканлиги кўнглимни хотиржам қилади. Аммо асосий мақсадга етиша олмаслик, афсуски, футболда шунақа ишлар ҳам бўлиб туради. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бутун масъулиятни зиммамга олишга тайёрман. Мураббий сифатида натижа учун жавобгар эканлигимни ҳис қилганим боис доим масъулиятни гарданимга олишга ахд қилиб келаман. Тўғри, бизда саралашнинг якуний босқичига чиқиш имкони йўқ эмасди. Агар буни уддалаганимизда ҳаммаси ҳозиргидан буткул бошқача бўларди. Бахтга қарши режа иш бергани йўқ. Бу – футбол. Футболда орқага қарамай, олдинга интилиш ҳақида ўйлаш даркор. Умид қиламанки, шундай йўл тутилса ҳаммаси яхши бўлади.

- Одил Аҳмедовни ҳимояда ўйнатишни сизга футболчилар маслаҳат бергани ростми?

- Мен бунга ўхшаш саволга олдин ҳам жавоб қайтарганман. Яна такрорлашни истамайман...

- Барибир фикрингизни билмоқчи эдим...

- Одил Аҳмедов – жуда тажрибали ярим ҳимоячи. У ҳимоя марказида ҳам ўйнай олади. Унинг саудияликларга қарши ўйинда ҳимоя марказида тўп суриши қандай муҳокама қилингани беллашувдан олдинги йиғилишда муҳокама қилинган. Сиз бунга ишонч ҳосил қилиш учун ўша йиғилиш аудиоёзувини эшитишингиз ҳам мумкин. Одил Аҳмедовнинг қаерда ўйнаганининг нима аҳамияти бор?! Агар бутун жамоа тўғри ўйнаганида ҳозир вазият тамоман бошқача бўларди. Шундай экан, фақат Одил Аҳмедовга урғу бериш яхши эмас. Ютқазса, бутун жамоа ютқазади. Бутун жамоа бош мураббий қўл остида ютқазади. Мағлубият учун биргина кишини нишонга олиш тўғри эмас. Энди бу ҳақда гапиришдан нима фойда? Бу тарихга айланди. Ҳеч нарсани ортга қайтаришнинг иложи йўқ.

абрамов3_8

- Бундай аянчли муваффақиятсизлик мураббийлик фаолиятингизга салбий таъсир ўтказмасмикин?..

- Буни биргина Аллоҳ билади. Нима дейишни ҳам билмайман. Бу менинг қўлимдаги нарса эмас. Менинг мураббийлик фаолиятим бундан кейин қандай давом этишини фақат Яратганнинг ўзи билади.

- Охирги савол: Ўзбекистон терма жамоасини маҳаллий мутахассислардан бири бошқаргани яхшими ёки хорижлик мураббийми?

- Асосийси, бўлажак мураббий ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлсин. Унинг маҳаллий ёки хорижлик бўлишининг эса фарқи йўқ. Бу худди шифокорга ўхшайди. Кўпчилик Москвадан келадиган шифокор муаммони ҳал этади деб ҳисоблайди. Аслида эса ўша мутахассис ўртамиёна бўлиб, ҳеч қандай муаммони бартараф эта олмаслиги тайин. Яхши мутахассис – бу футболни теран тушунадиган инсондир. Унинг хорижлик ёки маҳаллий бўлишининг катта фарқи йўқ. Мен Моуриньо терма жамоага келиб бизга ёрдам беради, деб ўйламайман.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
PROSTO TELE
01/07/2021 21:47
Ты на всё виноват усатый. Ты себя не оправдывай. У тебя нету никакой тактики. Ты сильнее нашей сборной никогда не смог выиграть и не мог бы выиграть. Ты всегда оправдывая себя обвиняешь СМИ. Они всегда правду говорят. Ты в футбол вообще не понимаешь. Ты типичный армянский футбольный агент Карленович. Из за тебя и Купера уволили из сборной. Ты вместе с футболистами организовали тогда против Купера саботаж. Так что больше не оправдывай себя усатый армянин. Очень большой виновник ты.
Axmed Shermirzayev
02/07/2021 10:17
Jurnalistla hafa bo'mela ko'p savol berish kerak edi savolladanam javobladanam qoniqmadik uyinchilani yig'ishdayam katta xato qildi ulani joylashdayam katta xato qildi, uyinchilaga tajriba yetishmadi deyapti tajribali uyinchilani qanchasini qoldirib qancha keresiz uyinchilani opketkanindan keyin yana nima kutkandin deydigan odam yo' muhim uyingacha 100 ta uyinchilani chaqirib o'rtoqli uyinlaga quydi muhim uyindan oldin hechkim bilmadi asosiy uyinchila kim uzi deb oldinlari O'zbekiston terma jamoasi deganda ko'z oldimizga kim hujumchi kim darvozabon kim himoyachi ko'z oldimizga kelardi Abramovni davrida bu narsani ko'rmadik yig'inda boshqa uyinchila o'rtoli uyinda boshqa uyinchila asosiy uyinlada boshqa uyinchila ulani joylashuviyam boshqa boshqa bu inson qarib yo tomi ketkan yoki bilmadim uyinchiladamas sanda tajriba yetishmadi tajribali murabbiy bunaqa ishlaga qo'l urmidi
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
02/07/2021 00:07
Vadim. ancha tiling chiqib. gaperibsan. lekin Vadim san uyinchilarni joy joyiga quyib uynatsang bemolol solardik. uzingdan. yangi reallik qilmasdan. Ahmoq bulmasang shunday uyinga ham. aqilli qilasanmi. urtoqli bulsa ha mayli edi. yana jurnalistla gaperasan. uzing hammasini rasvo qildingku.
&
Navbahor&Liverpul
01/07/2021 23:29
Mantiq yoq gaplarida sen yutqazding boshidan qorqoqligini sezdirip boluding taktikang nol
solijon bobokulov
01/07/2021 23:03
Ozimizda Iroqdan yengilgani ogohlik qongirogi edi.. .
&
⚽️FANAT M-YU⚽️
01/07/2021 22:14
Eyy lottiboz nuqul o‘zini oqlaydi hayf senlarga
Абдуррохман Латифжонов
01/07/2021 22:13
Шимолий Кореяни бахона қилмасин, Саудия бн узимизда тайёр ғалабани бой берилганлиги, сафарда Одилни химояга, Жалолни уртага қуйиб адашганини тан олсин тамом.
&
Ашуров Бахтийор
01/07/2021 21:48
Ҳе сени масҳарабоз!