Бабаян: Бугун "Навбаҳор" халқ жамоаси эканлигини исботлади
Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқич 3-туридан ўрин олган "Навбаҳор" - "Нассажи Мозандарон" учрашуви якунига етди. Унда ҳамюртларимиз 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Майдон эгалари сафида голларга Остон Ўрунов ва Абди (автогол) муаллифлик қилди. Меҳмонларнинг голи эса Муҳаммадризо Озоди номига қайд этилди.
Шу тариқа, "Навбаҳор" очколари сонини 7 тага етказиб, гуруҳда биринчи ўринга чиқиб олди. Эрон клуби ҳисобида 3 очко мавжуд ва улар 3-поғонадан жой олган.
Ўйиндан сўнг мураббийлар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қуйида Самвел Бабаяннинг ўйин ҳақида фикрлари билан танишиб чиқишингиз мумкин:
- Ассалому алайкум. Ҳаммани ғалаба билан табриклайман. Бугун курашишни хоҳлайдиган ва ғалаба қозониши мумкин бўлган янги "Навбаҳор" туғилди, дейишимиз мумкин. Биринчи навбатда йигитлардан хурсанд бўлишимиз керак. Улар ҳақиқий профессионал эканлигини кўрсатишди.Футболчилар шунчаки шартномаси борлиги ёки мўмай даромад топиш учун ўйнамаяпти. Улар Наманган вилояти учун футбол қанчалик муҳимлигини билади ва самимий мухлисларимиз учун ҳарактер кўрсата олди. Йигитларни табриклайман.
- Иккита таймга келадиган бўлсак, яхши бошладик. Фақатгина якунлашда у қадар омадимиз келмади. Рақибнинг ягонагина ҳужуми гол билан якунланди. Иккинчи тайм учун бизнинг режамиз бор эди. Ўронов ҳамда Собиржонов майдонга тушди ва бизга натижа келтирди. Ким асосий таркибда тушиши муҳим эмас. Бизда асосий ва захира деган нарса йўқ. Майдонга тушиб, жамоага яхши натижа учун ёрдам бериши лозим.
- Биласизми, футбол бу жуда мураккаб касб. Биз одамларни хурсанд қилиш учун ўйнашимиз керак. Бугун "Навбаҳор" халқ жамоаси эканлигини кўрсатди. Шундай экан, биз учун буни тушунамиз ва ҳис қиламиз. Нафақат Намангандаги ихлосмандлар, балки, бутун Ўзбекистондаги ишқибозлар "лочинлар"ни ҳурмат қилишига гувоҳ бўлдик. Биз давом этишимиз учун сабаблар бор. Бизда 8 та ўйин бор. Албатта, курашишимиз керак. Бироқ аниқ айта оламанки, ҳеч қандай босим йўқ. Фақатгина ҳар бир ўйиндан завқ олишимиз ва мухлисларнингни хурсанд қилиш учун тўп тепишимиз зарур.
- Гол ўтказиш режамизда йўқ эди. Лекин Остонни захирадан тушириш режада бор эди. Билсангиз керак, унда жароҳат бор эди. Мана буни ҳарактер деса бўлади. У ярим финалдан сўнг бирорта машғулотда иштирок этмади. Биз у билан фақат фавқулотда ҳолатда майдонга туширишим борасида келишиб олди. Нимага мен янги "Навбаҳор"ни кўрдик деяпман? Сабаби, соғлиқ билан боғлиқ муаммоларга қарамасдан ҳам улар жамоа учун борини беряпти.
- Темур биз учун муҳим ва жамоадаги тажрибали футболчилардан бири. У бугун яхши ўйин кўрсатди. Қаердадир ҳужумни якунлашда хато қилган бўлиши мумкин, аммо у ҳужум ташкил қилиш борасида ажойиб ўйин кўрсатди.
- Ҳакамликни танқид қилиш ниятим йўқ. Менимча, бугун улар топ даражада ўйинни бошқарди. Улар кечикишлар ва симуляцияларни тўғри баҳолаб, учрашувга 11 дақиқа қўшиб берди. Биз Суперлигада ҳам шундай ҳолатлар гувоҳи бўламиз. Афсуски, одатда бизнинг ҳакамлар бунча вақт қўшиб бериш ҳолатларига гувоҳ бўлмаймиз. Халқаро майдонда, мисол учун, "Ал-Ҳилол"га қарши ўйинда ҳам ҳакамнинг учрашувга 14 дақиқа қўшиб бергани гувоҳи бўлдик. Умуман олганда, ҳакамлик шунчаки аъло даражада. Нимадир ёмон бўлса, айбни одам ўзидан излаши керак.
Фикрлар
Ukam senlarga nima yoqadi uzi