Баҳодир Жалоловни катта хавфдан огоҳлантиришди!
Барча яккакураш турлари сингари боксда ҳам ўта оғир вазндаги тўқнашувлар мухлису мутахассисларда алоҳида қизиқиш уйғотади.
Хусусан, профессионал бокснинг IBF йўналиши чемпионлик камари учун британиялик чарм қўлқп усталари – Энтони Жошуа ва Даниэль Дюбуа ўртасидаги беллашув ҳам кўпчиликнинг диққатини жалб қилди.
Тўқнашув фаворити ҳисобланган Жошуанинг бешинчи раунддаёқ нокаутга учрагани бокс экспертларининг ўта оғир вазн тоифасини таҳлил қилиб чиқишга ундади.
Мутахассислар Олимпия ўйинларидаги муваффақиятлар профессионал рингда аҳамиятини йўқотишини, кейинги пайтда ҳаваскорлар боксида улкан натижаларни қўлга киритаётган чарм қўлқоп усталарини профессионал жангларда катта синовлар кутиб турганини таҳлил қилиб берди. Хусусан, бу хулосалар ўта оғир вазн тоифасида икки карра олимпия ўйинлари чемпиони бўлган ягона боксчи Баҳодир Жалоловга ҳам тегишли.
“Сидней – 2000”
Австралиядаги Олимпия ўйинларининг бокс мусобақасида ўта оғир вазн тоифасида британиялик Одли Харрисон ғолиб чиққан. Ўз даврининг энг машҳур боксчиси бўлган Одли профессионал рингга чиқишга рози бўлгани учунгина 1 миллион фунт олган эди. Бироқ Харрисоннинг катта рингдаги ишлари юришмади. 38 та жангдан 7 тасида мағлуб бўлди, бирорта чемпионлик камарини қўлга кирита олмади.
Ўша Олимпиада совриндори Паоло Видоц ҳам профессионалга ўтганди. Лекин 28 та ғалабага эришган италиялик 11 та учрашувда “калтак еган”.
“Афина – 2004”
Қадимий Олимпия ўйинлари ватанидаги мусобақада ўта оғир вазн тоифасида шоҳсупага кўтарилган тўрт нафар боксчидан фақатгина россиялик Александр Поветкин профрингга қадам қўйди холос. Бу боксчининг иштироки профессионал боксда украиналик чемпион Владимир Кличко ҳукмронлик қилган даврга тўғри келди.Бу икки боксчи ўртасидаги тўқнашувга Москва шаҳри мезбонлик қилди. Унда Кличко Поветкин унга бас кела олмаслигини исботлаб қўйди.
“Пекин – 2008”
Супероғир вазнда Олимпия ўйинлари чемпиони бўлган италиялик Роберто Камарелле ҳаваскорлар орасида қолишни маъқул кўрди. Унга финалда ютқазган хитойлик Жилей Жанг профрингга ўтди.
Қирқ ёшдан ўтганда “очилган” боксчи 29 та жангдан фақат иккитасида Филип Хргович ва Жозеф Паркерга очколар ҳисобида ютқазган бўлса-да, машҳур жангчи Жо Жойсни икки марта, Деонтей Уайлдерни бир бор нокаутга учратиб, бор кучини кўрсатиб қўйди.
Олимпиадада совриндор бўлган украиналик Вячеслав Глазков 21 та жангдан иборат ғалабали серия намойиш қилиб, энг муҳим – IBF камари учун тўқнашувда нокаутга учраб, фаолиятини якунлади.
Яна бир бронза медал соҳиби Дэвид Прайс профессионал жангларда етти бор нокаутга учрагани британиялик боксчига ҳаваскорлар боксидаги тажрибаси иш бермаганини кўрсатади.
“Лондон – 2012”
Ўз юртидаги мусобақа қаҳрамони Энтони Жошуанинг охирги жангда қай аҳволга тушганини кўрдик. Олимпиада чемпиони сифатида профессионал боксга катта умидлар билан кириб келган Жошуа 2019 йили Энди Руизга тўқнаш келиб, нокаутга тушмагунича барча рақибларини дўппослаган. Бироқ, Руиздан кейин турли йилларда Олександр Усикка икки марта енгилди. Дюбуа Энтонини енгган учинчи боксчи бўлди.
Лондонда совриндор бўлган қозоғистонлик Иван Дичко ва озарбайжонлик Магомедрасул Межидов ҳам профессионал фаолиятини йўлга қўйган эди. Межидов тўртинчи жангида енгилганидан кейин катта рингга яқинлашмай қўйди. Қозоғистонлик боксчи яқинда 14-ғалабасини нишонлади. Бироқ Дичкога тақдим қилинган рақиблар анча бўш экани таъкидланмоқда.
“Рио-де-Жанейро – 2016”
Олим Бразилияда ўта оғир вазн тоифасида олтин медални Тони Йока қўлга киритган. Бироқ профессионаллар орасида ўзига “нон” йўқ эканини дарров тушуниб етди ва совринларга даъвогарлик қилмади.
Тони Йокага финалда рақиблик қилган Жо Жойс анча жиддий боксчи чиқиб қолди. Ўз даврида WBO камарига эгалик қилди. Ҳатто Энтони Жошуани нокаут қилган янги қаҳрамон Дюбуанинг ҳам таъзирини (10-раундда нокаут) берган. Лекин “қария” Жилей Жанг Жо Жойсни икки бор ер тишлатган. Охирги жангда Дерек Чисора ҳам Жойсни уриб қўйди.
Олимпиада совриндори Филип Хргович 17 тада ғалабадан иборат сериядан кейин Даниэль Дюбуадан техник нокаутга учраб, профессионал боксда ҳозирча совринга кўз тиколмайдиган бўлди.
“Токио – 2020”
Кунчиқар юртда ўта оғир вазн тоифасида Баҳодир Жалолов чемпион бўлди. “Катта Ўзбек” тўлиқ профибоксга ўтишга шошилмади. Ҳаваскорлар боксида барча нуфузли мусобақаларда яна чемпионлигини исботлашга киришди ва буни уддалади. Шу билан профессионал жангларда ҳам қанташиб турди ва 14 та жангнинг барчасида нокаут билан зафар қучди.
Финалда Баҳодирга ютқазган америкалик Ричард Торрес ҳам катта рингда яхши одимламоқда. 11 нафар рақибини мағлуб эта олди. Бронза медаль соҳиби Фрэйзер Кларк саккизта ғалаба ва битта дуранг қайд этди. Яна бир совриндор Қамшибек Кункабаев ҳисобида бешта ғалаба бор.
“Париж – 2024”
Париж Олимпиадасида бокс бўйича ўта оғир вазн тоифасида медаль олган тўрт нафар боксчи орасида фақатгина Баҳодир Жалолов профессионал жангларда иштирок этиш тажрибасига эга. Қолганлари ҳали катта рингга яқин йўламаган.
Баҳодир Жалолов Париж рингларидаги охирги ғалабасидан кейин ҳаваскорлар сафини тарк этишини маълум қилди.
30 ёшли ўзбек боксчисидан профессионал рингда ҳам жуда катта натижалар кутишаётгани бор гап. Бироқ, профессионал бокс умуман бошқа спорт тури ҳисобланади. Унда рақиблар даражаси, юкламалар, жанг услуби, ҳатто қўлқоплар ҳам бошқача.
Профессионал жангларда рекорди мағлубиятларга тўлиб ётган рақиб ҳам ўта хавфли ҳисобланади ва бир зарба билан масалани ҳал қилиб қўйиши мумкин. Албатта, булардан Жалоловнинг ўзи ҳам яхшигина хабардор.
Хўш, Жалолов профессионаллар ўртасида жаҳон чемпиони бўлишга қодирми?
Мутахассислар бу саволга ижобий жавоб қайтармоқда. Табиийки, Баҳодирнинг профессионал рингдаги фаолияти кўпчиликка қизиқ. Бироқ шуниси аниқки, катта рингда улкан ғалабалар осонликча қўлга киритилмайди.
Бўш келма, Баҳодир!
Фикрлар