Баҳром Ҳайдаров: "Бундай бўлишини ўйламагандик"

BEPUL PROPAN

Суперлиганинг 8-туридан ўрин олган “Бунёдкор” – “Қўқон-1912” беллашуви кўпчиликнинг ёдида қоладиган бўлди.

Ўйиндан аввал мезбонларнинг имконияти юқори баҳоланганди. Ўйин ҳам тахминларни оқлаётганди ва “Бунёдкор” 1:0 ҳисобида ғалаба қозонаётганди. Лекин 84-дақиқада меҳмонлар ВАР орқали белгиланган пенальтидан ҳисобни тенглаштиришди. Учрашув 1:1 натижаси билан деярли тугаб қолган бир вазиятда кутилмаганда “Бунёдкор” дарвозабони жуда қўпол хатога йўл қўйди ва бундан “Қўқон-1912” футболчиси унумли фойдаланиб жамоаси учун қимматли голни урди ва меҳмонлар 6 очкога тенг ғалабани илиб кетдилар.

Ўйиндан сўнг “Қўқон-1912” бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров фикрлари билан ўртоқлашди.

- Ўйин тенг курашлар остида ўтди, деб ўйлайман. Бошланишида футболчиларимизга озгина ишонч етишмади. Олдинга ўтиб ўйнашга қўрқув бўлдими, дейман, охир-оқибат ўз хатоимиз билан голга олиб келди. Ўйин давомида ҳамма кўрган бўлса, голдан кейин ўйинчиларимиз руҳий тарафдан ўзларини босиб олдилар. Тайёргарлик қилган режамиз бўйича ўйин давом этди. Албатта, кўп эмоциялар чиқиб кетди. Ҳақли ғалабага эришдик, деб ўйлайман. Тўғри, “Бунёдкор” ҳам кучли жамоа. Имкониятлари бўлди. Лекин ютқазаётганимизда ҳам режамиздан қочмадик. Қарши ҳужумдан фойдаландик ва ютуққа олиб келди.

- Ғалабани омадга қиёсласа бўладими?

- Дарвозабонни хатосини оладиган бўлсак, бу ҳам омадли вазият. Бундай бўлишини ўйламагандик. Режалаштирилган нарса эмасди. Лекин, ўйлайманки, ҳамма кўрди: жамоа биринчи дақиқадан охирги дақиқагача курашди. Авваламбор, ҳаммаси Худодан. Омадимизни берди. Бунга ҳақли равишда эришдик. Баъзилар бутун учрашув давомида ҳимояланиб охирида гол уриб кетади. Аммо бундай ўйин бўлмади. Албатта, учрашувни кўриб чиқамиз ва хулосага келамиз.

- Қўл остингиздаги таркиб билан бутун мавсум давомида барқарор ўйин кўрсатишга ва керакли натижага эришишга кўзингиз етадими?

- Қўлдан келганича тенг кучли, рақобатдош футболчилардан иборат иккита таркиб йиғишга ҳаракат қилдик. Про лигада қатнашган йигитлар кундан-кунга ўсишга эришишяпти. Мавсум давомида барқарор ўйин кўрсатиши бу мураббийлар штабига ҳам боғлиқ нарса. Жисмоний ҳолати ва руҳий жиҳатларини бир маромда ушласак, футболчилар ривожланиб бораверадилар. Уларни олдида Суперлигани кўрган 5-6 нафар тажрибали ўйинчиларимиз ҳам бор. Ўйлайманки, ҳозирда режаларимиз амалга ошяпти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!