Баҳром Ҳайдаров: "Жамоамга раҳмат, босимга дош бера олдик"
«Динамо» - «Қўқон-1912» (0:0) учрашувидан кейин дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров матбуот анжуманида иштирок этиб, Самарқанддаги натижадан қониққанини айтиб ўтди.
«Умуман олганда, «Динамо» жамоасини бутун Ўзбекистонда ҳамма билади – улар тўпни ўзида сақлаб, комбинацион ва ҳужумкор ўйнайди. Футболчилари ҳам шунга мос йиғилган. Шу боис биз зич ҳимояланашимиз шарт эди. Фикримча, буни уддалай олдик. Медаллар учун курашаётган «Динамо»га ғалаба сув ва ҳаводек муҳимлигини билган ҳолда ҳаракат қилдик. Жамоамга раҳмат, бугун босимга дош бера олдик. Чиройли ўйин намойиш этадиган рақибга қарши сафарда дуранг қайд этиш биз учун ғалабага тенг. Бир очко яхши натижа бўлди, энди сўнгги турда «Сўғдиёна» билан ўйинга бор имкониятимизни ишга соламиз.
Самарқанддаги ўйин олдидан Фарғона вилояти ҳокими билан учрашув? Ҳа, учрашдик, биз ҳам Фарғона жамоасимиз, ҳамма жамоалар юқори мақсадлар қўймоқда, бизга ҳам келаси йил совриндор бўлиш вазифаси қўйилди. Аввало бу йил асосий вазифа – Суперлигада расман қолишни уддалашимиз керак, кейин янги мавсум ҳақида ўйлаймиз», - деди қўқонликлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров ўйиндан кейин.



Фикрлар