Баҳром Ҳайдаров: "Мухлислар трибунадан Исақовни сўрашди, лекин..."

CHERY AUTO

Ўзбекистон Кубоги нимчорак финалида “Қўқон-1912” жамоаси ўз уйида “Бунёдкор”га пенальтилар сериясида мағлубиятга учраб, муобсақани тарк этди.

Tecno

Ушбу баҳсдан кейин қўқонликлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров таассуротлари ҳақида гапирди.

- Ўтган сафарги мағлубиятдан сўнг раҳбарият ва ишқибозларимиз олдида ўзимизни оқлашимиз керак эди. Футболчилар шунга мос равишда ўйин кўрсатишди, деб ўйлайман. Ҳар бир тўп ҳамда майдон қаричи учун курашишди. “Бунёдкор” Ўзбекистондаги кучли жамоалардан бири. Маҳоратли ўйинчиларига эга. Шунга қарамасдан уларга муносиб қаршилик кўрсатдик, деб ўйлайман. Рақибни қарши ҳужумларда ушлашга ҳаракат қилдик. Бизда ҳам ғалаба қозонишимиз учун имкониятларимиз бўлди, бироқ фойдалана олмадик. Биринчи давра тугаётганига қарамасдан футболчиларимиз 120 дақиқа давомида югуришди. Пенальтилар сериясини маҳоратлироқ бажарсак бўларди. Ҳозир бу хусусида бир нарса дея олмайман. Ҳамма ютишни хоҳлаганди, шунга мос учрашув бўлди.

- Қўшимча бўлимда дарвозабон Азизхон Исақовни майдонга тушириш варианти бормиди?

- 90 дақиқа яқинлашаётганда ҳам вариантимиз бор эди. Экстра таймда ўйинчи алмаштириш мумкин эмас. Буни мухлислар билишлари керак. Чунки трибунадан туриб ҳам кўпчилик мухлислар Азиз Исақовни сўрашди. Фақатгина ўша бўлим орасида ўйинчи алмаштиришимиз мумкин эди. Лекин дарвозабонни ўзгартирсак, бизда бирор-бир бошқа футболчини алмаштиришга имкон қолмасди. Бир ўйинчимиз чарчаб қолди, бироз жароҳати бор эди. Мажбур бўлдик. Ҳолбуки, Исақовни майдонга тушириш режамизда турганди. Экстра таймнинг танаффусида у охирги 15 дақиқалик учун майдонга тушиши керак эди. Пенальтилар серияси учун уни режалаштиргандик. Лекин вазият шундай бўлдики, уни майдонга туширмасликка мажбур бўлдик.

- Гиоргадзе ҳақида...

- Андро Гиоргадзе, Аслиддин Тоштемиров ва Жасур Ёқубов – учта марказий ҳимоячимиз бор ва барчаси жароҳатда. Бу “Машъал” билан ўйинда ҳам катта таъсир кўрсатди. Бир дона номинал ҳимоячимиз бор – Алишер Салимов. Тўғри, бугун Зафар Ҳакимов ҳам майдонга тушди. Маликжонов ҳам, Қосимов ҳам ўртада ўзларини яхши ҳис қилишмаганди. Лекин энди бироз мослашишди, ўрнини тўлдиришяпти. Ҳимоячиларимиз даволаниб тезроқ сафимизга қайтишади, деб умид қиламан. Шифокоримиз билан гаплашяпмиз, улар қайси турдан қўшилишларини аниқ айта олмайман.

- Машғулотларда пенальти тепиш машқлари бажарилганмиди?

- Ҳа, ҳар машғулотда пенальти тепишади. Руҳий томондан осон эмас. Пенальтини зўр тепадиганини ҳам фикри ўзгариб қолиши мумкин. Футболчилар кейинги сафар яна шунга ўхшаш ҳолат бўлса ўзлари учун хулосалар чиқаришади. Мураббий сифатида уларни таҳлил қилишим мумкин, аммо айблай олмайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!