Баҳромжон Фозилов: "Ўзбекистон чемпионати Камронбек Турғунбоевни кашф этди"
Профессионал бокснинг ўрта вазн тоифасида (72,3 кг) WBА Аsia камари эгаси ҳамюртимиз Баҳромжон Фозилов айни кунларда навбатдаги жангига ҳозирлик кўрмоқда. Биз ушбу боксчимиз билан боғланиб, фаолиятидаги янгиликлар ва ҳозирда бутун ўзбекистонлик бокс ихлосмандлари эътиборида бўлиб Ўзбекистон чемпионати ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Баҳромжон фаолиятингизда қандай янгиликлар бўлиши кутилмоқда, умуман навбатдаги жангингиз ҳақида янгиликлар бордир?
- Декабрь ойига жанг олмоқчи эдик. Баъзи муаммолар туфайли, рақиблар рад жавобини беришди. Энди, январь ва февраль ойларида рингга кўтарилишимиз кутилмоқда.
- Баъзи бир профессионал боксчиларимиз Ўзбекистон чемпионатида ҳам иштирок этди. Сиз ҳам ўзингизни синаб кўрсангиз бўлмасмиди?
- Ҳа, тўғри айтасиз. Ўзбекистон чемпионатини мунтазам кузатиб боряпман ва унда профессионал боксчиларимиз чиқишларини ҳам кузатдим. Менда ҳам бундай ният бор эди. Ҳаваскор боксда тушиб ҳам кўрдим. Бироқ, мен ўйлаганчалик бўлиб чиқмади. Чунки, ҳаваскорда 3 раунд бўлади. Биз мослашгунимизга қадар вақт тугаб қолмоқда :). Энди, биз мутлақ профессионал боксга мослашиб қолганмиз. Бор диққат-эътиборимни профессионал йўналишдаги жиддий, титул жангларига қаратганман. Бундан буёғига фақат шундай мақомдаги жангларга ҳаракат қиламан.
- Ўзбекистон чемпионатини кузатиб бораётган бўлсангиз, кимни кашфиёт сифатида кўрмоқдасиз?
- Ушбу Ўзбекистон чемпионати 71 кг вазн тоифасида иштирок этган, Камронбек Турғунбоевни кашф этди, деб айтган бўлардим. У ҳар бир жангида кучли зарбалари билан ҳисобни очган тарзда ғалабаларга эришаётганди. Ярим финалда билмадим нима бўлди? Бироқ, у ўзининг кучли жиҳатларини кўрсата олди.
- Ушбу саволни давомми сифатида, қайси боксчидан юқори натижа кутгандингизку, лекин ўз имконияти даражасида қатнаша олмади?
- Тўғриси, Шунқор Абдурасулов дўстим бўлади. У билан кўп мусобақаларда бирга бўлганмиз. Унинг имкониятларини яхши биламан ва чемпионликни қўлга кирита олади, деб ўйлагандим. Аммо, ярим финалда ютқазиб қўйди. Шундай бўлса-да, у кучли боксчи ва ўз хатолари устида ишлаб, яна юқори чўққиларни забт эта олади.
- Менежерингиз билан суҳбатлашганимизда яна бир-иккита жангдан кейин, АҚШга йўл олишингиз ҳақида гапирганди?
- Ҳа, юқорида айтиб ўтганимдек, январь-февраль ойларида яхши жангларимиз бор. Жиддий рақиблар беришмоқчи, шундан кейин аниқ бўлади.
- Ўзбекистонда ҳам LIFT промоутерлик компанияси ташкил қилинди ва турнирлар ташкил этмоқда, муҳими у анчагина нуфузга эга Пробеллум билан ҳамкорлик қилмоқда. Балки, бу ҳам қизиқарли вариантдир?
- Албатта, LIFT промоушени ҳам қизиқарли вариант! Энди, олдимизда турган жангларни ўтказиб олганимиздан сўнг, якуний тўхтамга келамиз.
Фикрлар