"Балки у хоҳлаган ўйинчи эмасдирман" - "Қизилқум" билан орани очиқ қилган футболчи

  • 23 декабрь, 2024, 21:57
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
TIGGO 2 PRO

Навоийнинг “Қизилқум” клубида ҳам ўзгаришлар кузатилмоқда. Таркиб янгиланяпти. Бир қатор ўйинчиларга жавоб берилди. Жумладан, 29 ёшли ярим ҳимоячи Асрор Ғофуров ҳам жамоа билан хайрлашди.

Ёдингизда бўлса, у “Қизилқум”га шу йилнинг ёзида қўшилган бўлиб, бунгача бир неча мавсум давомида Бангладеш чемпионатида тўп сурган. Иккинчи даврада навоийликлар сафида 13 та ўйинда майдонга тушди ва 1 та голли узатмани амалга оширди.

Маълумки, “Қизилқум”га сербиялик Никола Лазаревич бош мураббий сифатида иш бошламоқда. Афтидан, унинг бошқа режалари бор. Ғофуров эса клубдан кетиши сабабини қуйидагича тушунтирди:

“Жамоадан кетишим сабаби, ўйлашимча, янги мураббийнинг ўйин тактикасига тушмаганим, балки у хоҳлаган ўйинчи эмасдирман. “Қизилқум”даги ярим мавсум осон ўтмади. Чемпионатда жон сақлаш учун боримизни бердик ва буни уддаладик. Кейинги режаларни вақт кўрсатади”.

Шунингдек, Асрор бир неча йил Бангладешда ўйнаб қайтгач, жамоага ва чемпионатга мослашиш қандай кечганини, қандай ўзгаришларга гувоҳ бўлгани хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

“Қизилқум” клубига келганимда чемпионатда қолиш мақсади қўйилганди. Мавсум оралиғида Бангладеш жамоасидан келиб қўшилдим. Ўзим учун исботлашим керак бўлган мақсадларим бор эди. Яъни, Суперлигада ўйнашга ҳали ҳам қодирманми ёки йўқ, деган. Ўйлашимча, ўзим учун буни исботладим. Албатта, мухлислар баҳо беради.

Суперлигада ўйнаш қийинчилик туғдирмади. Аксинча, футболни соғингандек мароқли ўтди.

Бангладешдаги майдонларнинг сифати бизни Суперлигамиздан орқада ва ҳаво ҳарорати ҳам катта фарқ қилади.

Ҳозирги Суперлигамиздаги майдонларда ўзгаришлар катта. ВАР тизими ҳар учрашувда бор. Прожекторлар ҳам жавоб беряпти”, - дейди Асрор Ғофуров.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!