Бақоев шогирдларининг қулоғига нимани "қуйиб" қўйган? Ёхуд "Пахтакор"ни қуруқ қўл билан қайтариш йўлини билиб олди!
Ниҳоят, клублар ёзги лагердан қайтишди. Мухлислар тезроқ чемпионат давом этишини кутишди, боиси уларнинг қисқа фурсат ичида яна футболни соғиниб қолишгани билинди. Шунинг учун иккинчи давра старт олиши биланоқ ажиотаж бошланиб кетди. Жамоалар шиддатли ва ҳужумкор ўйинларни тақдим этишга киришиб кетишди.
Навбатдаги 15-тур 10-12 август кунлари бўлиб ўтади. Унгача биринчи даврадаги 11-турнинг қолдирилган иккита ўйинига гувоҳ бўламиз. Турнир жадвалига қарасангиз, тўртта клуб бошқалардан битта кам ўйин ўтказган. Шу муносабат билан 6 ҳамда 7 август кунлари Coca Cola Суперлигада 11-турнинг қолдирилган учрашувлари ўтказилади. Шанба куни Жиззахда “Сўғдиёна” билан “Пахтакор” беллашса, якшанба куни Самарқандда “Динамо” “Насаф”ни “меҳмон” қилади.
Ҳозир мусобақа жадвалида кураш қизғин кетяпти. Айниқса, чемпионлик учун курашишга қўшилган жамоалар сони ортгани кишини қувонтирмасдан қўймайди. 6 август куни айнан чемпионлик йўлида жиддий курашаётган икки жамоа ўртасидаги ўйин барчамизнинг эътиборимизда бўлишига шубҳа йўқ. Гап қайси жуфтлик ҳақида кетаётганини пайқадингиз-а? “Сўғдиёна” – “Пахтакор” қарама-қаршилиги чиндан ҳам марказий мақомга эга. Турнир жадвалида ҳам иккала клуб ёнма-ён турибди. “Пахтакор” ҳам, “Сўғдиёна” ҳам 13 та ўйинда 26 тадан очко жамғаришди. Тошкентликлар 2, жиззахликлар 3-ўринда. Ўтган турда “Сўғдиёна” ўз майдонида “Бунёдкор” дарвозасига жавобсиз иккита гол уриб ғалаба қозонган бўлса, “Пахтакор” Максим Шацкихнинг дебют ўйинида аутсайдер “Динамо”ни қийинчилик билан 3:2 ҳисобида таслим қилди.
Энди шундай вазиятки, ушбу жуфтликда ғолиб чиққан жамоа 1-ўринга кўтарилиб олади. Ҳозирда пешқадам бўлиб турган “Навбаҳор”нинг ҳисобида 14 та учрашувдан сўнг 28 очко мавжуд. Шундай экан, наманганликларга Жиззахдаги баҳсда дуранг қайд этилгани маъқул. Ана шунда “Навбаҳор” пешқадамлигини сақлаб қола олади. Бироқ “Сўғдиёна”ни ҳам, “Пахтакор”ни ҳам истаги ғалаба қозониб 1-ўринга кўтарилиш.
Ушбу жамоаларнинг ўзаро учрашувлар тарихидан сўзлайдиган бўлсак, 52 та тўқнашув ўтказиб бўлинган. Кутилганидек, “Пахтакор” катта тафовут билан устунлик қилмоқда. “Сўғдиёна” фақат 6 та учрашувда ютган бўлса, “Шерлар” 41 марта рақибини тиз чўктирган. Яна 5 та беллашувда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбатида ҳам фарқ шунга яраша. Яъни, “Сўғдиёна” 40 та, “Пахтакор” эса 125 та гол урган.
Ҳа, “Пахтакор” Сўғдиёна”дан жуда сезиларли даражада устунликка эга. Лекин охирги йилларда вазият ўзгаргандек. Масалан, 2021 йилги чемпионатда “Пахтакор” биринчи даврада ҳам, иккинчи даврада ҳам “Сўғдиёна”ни мағлуб этиш йўлини топа олмаган. Тошкентда 0:0, Жиззахда 1:0 ҳисобида майдон эгалари зафар қучган. Қизиғи, 2020 йилги биринчиликда ҳам “Сўғдиёна” ўз уйида “Пахтакор”ни ягона гол эвазига мағлубиятга учратишнинг уддасидан чиққанди.
Кўриб турганингиздек, “Сўғдиёна” “пахтакор”чиларни охирги икки йилдан бери Жиззахдан қуруқ қўл билан қайтармоқда. Демак, Бақоев бунинг йўлини билиб олган. Энди “Пахтакор” учун Жиззахдан очко билан қайтиш машаққатга айланиб боряпти. Боз устига “Шерлар”нинг Максим Шацких қўллаётган услубга мослашишига вақт керак. “Сўғдиёна”да эса аллақачон Бақоевнинг чизгилари кўзга ташланиб турибди. Ўтган турда “Пахтакор” аутсайдер “Динамо”га қарши қийналди. Ютган бўлса-да, камчиликлари кўринди. Айниқса, ҳимоя чизиғи “таъмирлашга” мухтождек. “Сўғдиёна” барқарор, бир текисда ўйнайди. Барча позицияларида тенг савиядаги ўйинчилар жамланган ва улар ўйин балансини бир меъёрда ушлаб тура оладилар. Айниқса, натижага қандай эришишни яхши билишади. Бу йўлда Улуғбек Бақоев шогирдларининг қулоғига керакли сўзларни айтиб “қуйиб” қўйган. "Пахтакор"ни жуда яхши биладиган мутахассис навбатдаги баҳсда ҳам ғалабали юришини давом эттирса бундан ҳеч ким ажабланмайди. Чунки унинг жамоаси энди чемпионга қарши қандай ўйин кўрсатишни яхши билади.
Фикрлар