Барча йўллар "Бобур арена"га олиб боради ёхуд Кубокнинг амалдаги ғолиби яна эски рақибга қарши

  • 17 апрель, 01:01
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
BEPUL PROPAN

Ўзбекистон Кубогининг 2025 йилдаги мусобақасига ҳам старт берилган. Гуруҳларда жамоалар биринчи тур баҳсларини ўтказишди ва охирги беллашув сифатида фақат “Андижон” – “Сурхон” қарама-қаршилиги қолди. 1-турнинг сўнгги беллашувига эътибор юқори.

“В” гуруҳи вакиллари эски танишлар ҳисобланишади. Уларнинг ўзаро ўйинлар тарихини ҳали кўпчилик унутмаган бўлса керак. Бу хусусида бироз қуйироқда тўхталамиз. Ўзбекистон Кубогининг “В” гуруҳида “Андижон” ва “Сурхон”дан ташқари Самарқанднинг “Динамо” ҳамда Қаршининг “Лочин” жамоалари ҳам бор. Нариги жуфтликда “Динамо” ўз уйида “Лочин”ни қабул қилди ва 3:1 ҳисобида устун келди.

Маълумот учун, ўтган йили гуруҳ босқичида “Андижон” “Динамо” билан бир гуруҳда ўйнаган. “Лочин” эса 2022 йилда ташкил топган жамоа Қарши Давлат Университетига қарашли жамоаси саналади.

“Андижон” клуби Ўзбекистон Кубогининг амалдаги соҳиби сифатида мусобақадаги иштирокини бошлайди. Ўтган йили “Бургутлар”нинг финалда “Навбаҳор”га қарши ўтказган ўйини ўзбек футболи тарихида ўчмас из қолдирди ва зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилди.

“Бургутлар” финалга чиқиш учун ярим финалда яна бир қаҳрамонликни намойиш этгани ёдингизда эканлиги аниқ. 2024 йилнинг 30 август санасида “Бобур арена”да “Андижон” – “Сурхон” тўқнашуви юз берди. Асосий вақт ва қўшимча таймларда дарвозалар дахлсиз қолган. Пенальтилар серияси драматик тарзда кечган ва унда “Андижон” 5:4 ҳисобида ғолиб чиққан. Бу йил эса эски танишлар бир гуруҳдан жой олишган.

Хабарингиз бор, 2025 йилги Ўзбекистон Кубоги финали илк бор Андижондаги “Бобур арена”да бўлиб ўтади. Шундай экан, барча клубларнинг орзуси финалда “Бобур арена” майдонида тўп суриш. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон Кубогида барча йўллар фақат “Бобур арена”га олиб боради. “Андижон” эса бу йил ўз уйида бўлиб ўтадиган финални томошабин сифатида кузатмоқчи эмас, аксинча унинг расмий иштирокчиси ва Кубокни яна ўзида сақлаб қолиш илинжида жорий йилги мусобақага киришади.

“Андижон” ҳамда “Сурхон” жамоалари миллий чемпионатдан ташқари Ўзбекистон Кубогида ҳам учрашишган. Албатта, лигадан фарқли ўлароқ, Кубок мусобақасидаги ўзаро ўйинлар сони саноқли. Шу пайтгача жамоалар Ўзбекистон Кубогида уч марта тўқнашишган. Илк беллашув 1993 йилда бўлиб ўтган. Ўшанда клублар Ўзбекистон Кубогининг 1\8 финалида рўбаро келишган. Дастлабки ўйин “Сурхон” майдонида ўтган ва “Андижон” сафарда 0:1 ҳисобида устун келган. Жавоб учрашувида эса “Андижон” ўз уйида термизликларни 2:1 натижаси билан мағлубиятга учратган. Учинчи тўқнашувни эса биласиз, юқорида тўхталганимиздек, ўтган йили ярим финалда “Бургутлар” пенальтилар сериясида ушбу рақибини мағлуб этиб, финалга йўл олган.

Хуллас, “Андижон” ва “Сурхон” Кубок баҳсларида уч марта учрашишган ва барчасида “Бургутлар”нинг қўли баланд келган. Бу гал жамоалар Ўзбекистон Кубогидаги илк иштирокида ўзаро баҳс олиб борадилар. Учрашув бугун “Бобур арена”да соат 20:00 да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!