“Барса” фанатлари суперюлдуз трансфери учун клубга пул йиғиб берадиган бўлди

“Барселона” раҳбарияти анчадан бери “Атлетик” ҳужумкор футболчиси Нико Уильямсни олишга ҳаракат қилмоқда.

22 ёшли футболчи Германия мезбонлик қилган Европа чемпионатида жуда яххши ўйнаганидан кейин унинг харидорлари кўпайиб кетди.

Каталония клуби мухлислари расмий аккаунт орқали оммавий тарзда Уильямс трансферига ёрдам бериш учун пул ўтказа бошлади.

Истеъдодли футболчининг Бильбао клуби билан шартномаси 2027 йилнинг ярмигача давом этади. Ўйинчининг ўзи ҳам тезроқ “Барселона”га ўтиш илинжида. “Атлетик” футболчини 70 миллион евродан камига қўйиб юбормоқчи эмас.

“Барселона” бир неча йилдан бери молиявий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда ва бирданига катта трансферларни амалга оширишга ҳар доим ҳам имконияти бўлавермайди. Шу боис, ашаддий мухлислар пул йиғиш орқали клубга ёрдам бермоқчи.

Таниқли инсайдер Фабрицио Романога кўра, клуб мутасаддилари Нико Уильямснинг агентлари билан музокараларни давом эттирмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!