"Барса" мураббийи ПСЖдан учралган мағлубиятдан кейин Мессининг келажаги ҳақида гапирди
Чемпионлар Лигаси 1/8 финал босқичидан ўрин олган 4 учрашув ўз якунига етди. Улардан бирида ПСЖ "Барселона"ни икки ўйин натижасига кўра 5:2 ҳисобида мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олди. Жавоб баҳсидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида "кўк-анорранглилар" устози Рональд Куман қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"ПСЖга қарши баҳсдан кейинги ҳиссиётларимиз ёмон эмас. Ҳа, биз турнирни тарк этдик ва бундан жуда афсусдамиз. Аммо "Барселона" жавоб учрашувида уларга қийинчилик туғдирди. Биринчи бўлимда ажойиб ўйин намойиш этдик ҳамда танаффусга 2:1 ҳисобида йўл олишга лойиқ эдик. Агар шундай бўлганида, ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди. Биз таваккал қилдик, босим ўтказдик, устунлик қилдик ва етарлича вазиятлар яратдик. Лекин улардан фойдалана олмадик.
Месси ва Роналдунинг чорак финалга чиқа олмагани шармандалик. Лео энди ўз келажагини ўзи ҳал этиши керак, бу вазиятда унга ҳеч ким таъсир кўрсата олмайди. У ҳозир жамоа тўғри йўлда эканлигини кўрмоқда. Ўсиб келаётган ёш истеъдодларни ҳисобга олган ҳолда, у клубнинг келажагига шубҳа билан қарай олмайди".
Фикрлар