“Барса” президенти Мессининг ўрнини босадиган супертўпурар учун курашни бошлади

“Барселона”нинг янги президенти Жоан Лапорта “Боруссия” ҳужумчиси Эрлинг Холанд трансфери бўйича иш бошлади. У футболчининг манфаатларини ҳимоя қилаётган мутахассисларга қўнғироқ қилди.

Лапорта норвегиялик ҳужумчини олиш учун бир неча вариантларни қўлламоқчи. Хусусан, Филиппе Коутинь, Антуан Гризманн ва яна бир неча футболчини сотиб, уларнинг трансферидан келадиган маблағни Холандга сарфлашни кўзлаяпти.

Бундан ташқари, клубдаги маошларни кесиш орқали тежаладиган пулни ҳам мазкур трансферга йўналтириш имкони бор. Чунки, “Барселона” 2020 йил якунларига кўра, ўз футболчиларига дунё бўйича энг кўп – ҳар бир ўйинчига ўртача 12,28 миллион евро маош тўлаган.

Рональд Куман Холанднинг трансфери бўйича ўз фикрини сир тутмоқда. Нидерландиялик мураббий жамоа ҳужумида ўз ҳамюрти Мемфис Депайни ўйнатмоқчи. Бироқ, Лапорта ўзига ёқадиган футболчини олишда бош мураббийнинг фикрини сўрамайдиган раҳбарлар тоифасига киради.

Эрлинг Холанднинг ўзи “Реал”да тўп тепишга мойиллик билдирган. Бироқ, “Қироллик клуби”да ҳам унинг харажатларини кўтаришга етарли пул йўқ.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)