"Барселона" академияси мураббийи Ўзбекистонга келди. Режада "Барселона" ёшлар жамоаси билан ўртоқлик ўйини бор
Aйни пайтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан болалар-ўсмирлар футболи ва ҳудудлардаги футбол академиялари фаолиятини жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш бўйича бир қатор ишларни амалга ошириб келинмоқда.
Шу мақсадда айни кунларда "Барселона" академиясида 11 йилдан бери мураббийлик қилиб келаётган ва ўзига хос футбол методологиясини ишлаб чиққан Давид Санчес пойтахтимизда бўлиб турибди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
"JFL-Tashkent Football School" футбол мактаби билан яхши алоқаларга эга бўлган испаниялик мутахассис академия мураббийларига маҳорат дарсларини ўтиб бермоқда. Ҳамкорлик доирасида JFL - футбол мактаби тарбияланувчиларининг Испанияда ташкил этиладиган футбол академиялари ўртасидаги нуфузли мусобақада иштирок етиши режалаштирилган. Испанияда ташкил этиладиган йиғинларда "Барселона" ёшлар жамоалари билан назорат ўйинлари ўтказиш ҳам режа қилинмоқда.
Бугун тажрибали мутахассис ЎФA Мажлислар залида республикамизнинг турли ҳудудларидан келган футбол мактаблари мураббийларига семинар машғулотларини ўтиб берди. Ўқув-машғулоти мураббийлар билан очиқ савол-жавоб шаклида ўтказилди.
Давид Санчес ёш футбол мураббийларига ўзининг фойдали тавсияларини берди ва уларга ўзи ишлаб чиққан футбол методологиясини презентация шаклида намойиш этди.
Тадбир якунида ЎФA биринчи вице-президенти Равшан Эрматов испаниялик мутахассисга миннатдорчилик билдириб, мунтазам ҳамкорликка ва амалий машғулотлар ўтказишга таклиф қилди.
Фикрлар