
"Барселона" собиқ футболчисини қайтармоқчи
"Байер" қанот ҳимоячиси Алекс Гримальдо "Барселона"га қайтиши мумкин.
Mundo Deportivo ёзишича, Каталония клуби Алекс Балде ва Жерар Мартиннинг ўйинидан қониқмоқда, бироқ клуб ҳозирча Мартинга катта ишонч билдирмаяпти. Шу сабабли, "Барселона" спорт директори Деку тажрибали чап қанот ҳимоячисини трансфер қилишни хоҳламоқда — агар Балде жароҳат олса ёки дам олишга муҳтож бўлса, у майдонга тушиши учун.
Мазкур позицияда ўйнайдиган футболчилар орасида Гримальдо "Барса"га энг кўп ёқадиган номзод ҳисобланади. Клуб унинг даражасини, тажрибасини ва "Барселона" услубини яхши билишини юқори баҳоламоқда. Эсалтиб ўтамиз, у "Ла Масия" академиясида тарбияланувчиси ва каталонияликлар ёшлар жамоасида ўйнаган.
Гримальдонинг ўзи ҳам "Байер"ни тарк этиб, Ла Лигага қайтишни хоҳламоқда. Германия клуби унга муносиб таклиф тушса, футболчини қўйиб юборишга тайёр.
Маълумотларга кўра, Гримальдо шартномасида товон пули бор ва бу миқдор унинг бозор нархидан анча паст. Бу сумма 15–18 миллион еврони ташкил қилади.
Ўтган Бундеслига мавсумида испаниялик ҳимоячи 32 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол ва 7 та голли узатма муаллифи бўлди.
Фикрлар