“Барселона” танлов қилмоқда. Клуб икки футболчисининг бири билан хайрлашишга мажбур

“Барселона” янги мавсум олдидан бир қанча муаммоларга дуч келмоқда. Аввалроқ, ҳимоячи Жерар Пике янги келганларни рўйхатдан ўтказиш учун маошини камайтиришга рози бўлгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ бу Каталония клуби учун етарли бўлмаслиги мумкин.

Фабрицио Романонинг сўзларига кўра, клуб бир футболчисидан воз кечиши керак. Ҳужумчилар Мемфис Депай ёки Пьер-Эмерик Обамеянгдан бири "Барселона"ни тарк этишга мажбур.

Манбанинг хабарига кўра, 28 ёшли голландиялик футболчи эркин агент сифатида кетиш учун “кўк-анорранглилар” билан музокаралар олиб бормоқда.

Олдинроқ Депайга "Ювентус" қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Мемфис ўтган мавсум каталонияликларнинг барча мусобақалар доирасидаги 37 ўйинда майдонга тушиб, 13 та гол ва 2 та голли узатмани амалга оширди. Ҳужумчининг клуб билан шартномаси 2023 йилнинг 30 июнига қадар амал қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!