"Барселона"нинг собиқ скаути: Винисиус ортимиздан пичоқ урди
"Барселона"нинг собиқ скаути Андре Кюри бразилиялик ҳужумчи Винисиус Жуниор 2018 йилда каталонияликлар сафига кўчиб ўтишга ваъда бергани, аммо якунда "Реал"ни танлагани ҳақида гапириб берди.
"Биз Винисиусга “Реал”дан 3 йил олдин алоқага чиққанмиз. Биз унинг агентлари билан келишувга эришдик, аммо кейин улар бизга хиёнат қилишди. Улар ортимиздан пичоқ уришди. Винисиус “Реал”га ўтишидан 2 ҳафта олдин ўзини “Барселона” мухлиси, деб айтган. У Неймарни ўз кумири, Мессини эса Роналдудан яхшироқ, деб айтган. Лекин “Реал”га ўтгач, у бошқа гапларни гапирди", - деди собиқ агент Кюри.
"Реал" Винисиусни 2018 йилда 45 миллион евро эвазига сотиб олган эди. Ўшанда у 16 ёш эди. Ўтган давр мобайнида у “Қироллик клуби”да жами 107 та ўйинда майдонга тушди ва ўз ҳисобига 14 та гол ҳамда 22 та голли узатма ёздириб қўйишга эришди.
“Реал” айни дамда Ла Лига мусобақа жадвалида 2-ўринда, “Барселона” эса 3-ўринни эгаллаб турибди.
Фикрлар