«Бавария» - «Челси»: Превью
Меҳмондаги 3 гол билан ҳар қанақасига «Бавария»ни «Альянц Арена»да ютиш – фантастика! Аммо бир жиҳат борки, шу нарса бўлғуси ўйинда интрига пайдо бўлишига умид беради. Биз Флик бошчилигидаги «Бавария»нинг максимум нималарга қодирлигини биламиз. Улар аниқ ишланмалар билан ҳаракат қилувчи шаклланган жамоа. Лэмпард қўл остидаги «Челси» бугунги Европанинг энг тушунарсиз жамоаси. Мавсум бошидаги МЮга 0-4 ҳисобида бой берилган ўйин, премьер-лига якуни арафасида «Ливерпуль» билан баҳсдаги 3-5 ва айнан «Бавария» билан кечган дастлабки учрашувда ҳам (0-3). Улар юқорида қайд этилган ҳеч бир беллашувда бу каби шармандали мағлубиятга лойиқ эмасдилар. Ҳа, мана шу жиҳатдан ушбу жамоа ёшлик қилмоқда. Тажрибали футболчилар «Челси» яратган вазиятлар билан бу каби мағлубиятларни қабул қилиб олмаган бўлар эди. Бунга биринчи баҳсни ёдга олиш орқали амин бўлишимиз мумкин.
Дастлабки ўйин
«Челси» тўқнашувнинг биринчи бўлимини ажойиб ўтказди. Нимчорак финал қуръасидаёқ, ҳамма «Бавария» ушбу қарама-қаршиликда фаворит эканини сезиб улгурди. Аммо биринчи 45 дақиқалик бизга буткул бошқача вазиятларни тақдим қилди. Иккала жамоа ҳам тенгма-тенг ҳужумлар уюштириб, рақиб дарвозасини ишғол қилишга ҳаракат қила бошлади. Ҳаракатларга яраша, ҳар иккала жамоада ҳам қулай имкониятлар юзага келди. Лондонликлар қайсидир вазиятда ушбу имкониятларнинг бирини голга айлантира олганда, баҳс буткул бошқача кетган бўларди. Аммо ундай бўлмади. Иккинчи таймда «Челси» қандайдир 15 дақиқага йўқолиб қолди. Аниқроғи, Левандовски энг муҳим паллада кутилмаган ва шу билан бирга энг тўғри қарорни қабул қилди. Жарима майдонида тўпга эга чиққан польшалик бу каби вазиятларда дарвозани ўққа тутишига кўникиб қолгандик. «Челси» ҳимоячилари ва дарвозабон ҳам 9-рақам эгасидан шундай ҳаракат кутди ва яқин бурчакни бутун жамоа бўлиб ёпишга интилди. Натижада, кутилмаган силкинишни амалга оширган «Челси» ҳимоясида кичик йўлакча ҳосил бўлди. Роберт айнан шу нуқтада юқори класс намойиш этиб, Гнабрини бўш дарвоза ва тўп билан таъминлади. Ёш вингер эса жамоадошининг моҳирона узатмасини голга айлантирди.
Левандовскига «Олтин тўп»ни бериш ҳақидаги гаплар айнан ушбу учрашувдан сўнг болалаб кетди. Чунки, иккинчи голда ҳам айнан у ассистент вазифасини аъло даражада бажарди. Ҳимоячини чап тарафдан айланиб ўтмоқчи бўлган Сержнинг мақсадини у ўз вақтида англаб етди ва тўпни узатди. Кабальеро яна бир бор доғда қолди. Аммо аргентиналик посбонни ҳеч бир голда айбдор, деб бўлмайди. Голлар комбинацион ўйин эвазига ва асосан, бўш дарвозага урилди. Левандовскининг ўзи ҳам мюнхенликлар чиройли комбинациясининг энг охирги нуқтаси бўла олди. Ўйин якуни арафасида эса Маркос Алонсо аламли мағлубиятга чидолмади. ВАР уни рақибига қасддан қўллари билан зарба берганини аниқлаб, майдондан четлатишни буюрди.
Лэмпард жамоасининг ҳақиқий кучига келгуси мавсумда баҳо бера олсак керак. Бу мавсумда ҳам янги қурилаётган «Челси»нинг ўйинини ёмон дейишга ҳеч кимнинг тили бормайди.
Жамоаларнинг тахминий таркиблари
«Бавария»: Нойер, Киммих, Боатенг, Алаба, Девис, Тиаго, Горецка, Гнабри, Мюллер, Перишич, Левандовски.
Иштирок эта олмайди: Павар.
Сўроқ остида: Коман.
Дисквалификация хавфи остида: Киммих, Тиаго.
Таркибга киритилганлар: Аррей-Мби, Мусиала, Тиллман.
Қайдномадан ўчирилганлар: Маи, Майер, Сингх, Зирке.
«Челси»: Кабальеро, Рюдигер, Кристенсен, Зума, Жеймс, Ковачич, Баркли, Эмерсон, Маунт, Жиру, Хадсон-Одои.
Иштирок эта олмайди: Алонсо, Жоржиньо, Пулишич, Аспиликуэта, Педро, Гилмор.
Сўроқ остида: Канте, Лофтус-Чик, Виллиан.
Дисквалификация хавфи остида: Аспиликуэта, Зума.
Мураббийлар
Ханс-Дитер Флик: «Ҳурматни сақлаш зарур. Рестартдан кейин «Челси» қандай ўйнаётганини кузатдик. Биз ушбу баҳсга доимгидек жиддий ёндашамиз. Рақибнинг имкониятларини ҳурмат қилган ҳолда ўз кучимизга ишонишимизни айтиб ўтмоқчиман. Биз ушбу учрашувга бор эътиборимизни қаратганмиз. Ундан кейингилари ҳақида эса ўйлаш учун вақтимиз бўлади. Биз фақат ғалаба учун майдонга тушамиз».
Фрэнк Лэмпард: «Мен вазиятни ўзгартира олишимизга ишонаман. Биз мажбурмиз, йигитлар бунга мажбур. Бу қийин вазифа. Биз ўзимиз тушиб қолган вазиятни тушунишимиз керак. Қайтараман, жуда қийин бўлади. Биз ҳар тарафлама ўз имкониятимизга ишонсаккина бу ишни уддалаймиз. Энг муҳими, хотиржам ва тўғри футбол кўрсатишимиз».
Хулоса ўрнида
Юқорида гувоҳ бўлганингиздек, «Челси»да йўқотишлар катта ва барчаси асосий таркиб футболчилари. Демак, иккинчи таймда «аристократлар»нинг ўйинини захирадагилар кучайтира олмайди. Майдонга тушган 11 футболчи катта ишни бажариши керак. Маунт ва Жирудан Лемпард ва бутун бошли «Челси» мухлислари нимадир кутишади.
«Бавария» эса Левандовски учун ўйнаса керак. Польшалик ҳужумчи жорий мавсумда «Олтин тўп»ни қўлга киритишга яқин эди. «Олтин бутса» ҳам тортиб олинди. Энди у учун ЕЧЛ тўпурарлиги учун имконият қолди, холос. Мюнхенликлар гол урадиган бўлса, ўйин анча очилиб, ҳужумкор тус олиши мумкин. «Челси»нинг ҳар битта голи беллашувни оғир тактик курашга айлантириб боради.
Биринчи таймданоқ голлар кўришимиз эҳтимоли юқори. Қайси дарвозага эканини вақт кўрсатади.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар