«Бавария» Олисе келажагига ойдинлик киритди
«Бавария» раҳбарияти Майкл Олисе билан келажаги ҳақида суҳбатлашишни режалаштирмоқда, аммо янги шартнома музокаралари ҳали бошланмаган.
Мюнхеннинг «Бавария» клуби бош директори Ян-Кристиан Дризен жамоа ярим ҳимоячиси Майкл Олисе билан янги шартнома бўйича музокаралар бошланган-бошланмагани ҳақидаги саволга жавоб берди.
«Биз Майклнинг иложи борича узоқроқ вақт «Бавария» шарафини ҳимоя қилишини истаймиз. Мос фурсат келганда, у билан унинг келажаги ҳақида албатта суҳбатлашамиз», — дея Дризеннинг сўзларини SPORT BILD нашри келтиради.
«Бавария» Олисени 2024 йилда «Кристал Пэлас» клубидан сотиб олган эди. Шу пайтдаги трансфер бозори шароитида нисбатан камтар ҳисобланган 53 миллион евро мюнхенликлар томонидан тўланган.
Жорий мавсумда француз ҳужумчиси барча мусобақалар доирасида 11 та ўйин ўтказиб, 10 та гол урди ва 6 та голли узатма муаллифига айланди.
Олисенинг амалдаги шартномаси «Бавария» билан 2029 йилга қадар мўлжалланган.

Изоҳлар (0)