“Бавария” тозалаш: тўрттаси кетади!
Янги мавсумга бельгиялик мутахассис Венсан Компани бош мураббийлигида тайёргарлик кўраётган “Бавария” ёзги трансферлар ойнаси ёпилгунга қадар тўрт нафар футболчи билан хайрлашишга қарор қилди.
Асосан немис футболини ёритишга ихтисослашган журналист Флориан Плеттенберг тарқатган хабарга кўра, марказий ҳимоячи Маттейс де Лигт, ўнг қанот ҳимоячиси Нуссер Мазрауи, ҳужумкор футболчилардан Брайан Сарагоса ва Кингсли Коман тезроқ ўзларига янги иш жойи топиши керак.
Бу тўртлик орасида кки ҳимоячига “Манчестер Юнайтед” харидор бўлмоқда. Эрик тен Хаг собиқ шогирдлари учун икки марта таклиф юборди. Сарагосани бир неча испан клублари Ла Лигага олиб кетишга тайёр. Франциялик Кингсли Коман бўйича мюнхенликларга бирорта жиддий таклиф тушгани йўқ.
“Бавария” янги мавсумдаги биринчи тур учрашувини 25 август куни сафарда “Вольфсбург” жамоасига қарши ўтказади.
Фикрлар