"Бавария"нинг янги бош мураббийи ким бўлади?
"Бавария" раҳбарияти бу йил энг кўп энергиясини янги мураббий излашга сарфлаган бўлса ажаб эмас. Клуб Юлиан Нагельсман, Ральф Рангник каби мутухассислардан рад жавобини олганидан кейин Томас Тухелни олиб қолиш ҳақида ўйлади, лекин у билан ҳам келиша олишмади. Тухель жамоада кўпроқ қолишни режа қилганди. Аммо собиқ устозга 1 йиллик шартнома таклиф қилинди. Шундан кейин раҳбарият яна янги мураббий қидиришга киришди. Бу сафар катта номларга эътибор қаратилмайди, аксинча АПЛнинг ўртамеёна клубида ишлаётган бўлса ҳам немислар у билан битим имзолашга тайёр.
Зинедин Зидан
Сўнгги пайтларда яна Зидан ҳақида турли хил хабарлар чиқа бошлади. Аммо унинг "Бавария"ни қабул қилиб олиш имконияти деярли йўқ. Катта эҳтимол билан, французнинг ўзи буни истамайди. Германиядаги ҳаёт унга мос келмаслиги борасида миш-мишлар чиққанди. Шунингдек, раҳбарият ҳам собиқ "Реал" устози ҳақида ўйлаётгани йўқ, дея маълум қилди "Sky Sports" нашри. Манба клубга Жозе Моуриньо варианти ҳам қизиқ эмаслигини таъкидлади.
Ханс-Дитер Флик
Ўз вақтида "Бавария" билан ажойиб натижалар қайд этган Фликнинг қайтиши мухлислар учун яхши совға бўлиши мумкин эди. Бироқ, жамоа бу номзоддан ҳам воз кечди. 59 ёшли собиқ Германия бош мураббийининг ўзи клубни қабул қилиб олишга қаршилик қилмаслиги мумкин, лекин раҳбариятнинг фикри ўзгарди. Энди улар кўпроқ тажрибали эмас, балки ёш мутахассис билан ишлашни истамоқда. Агарда яна музокаралар ўхшамай қолса, бу вариантга қайтилиши мумкин. Сабаби, ичкаридаги айрим инсонлар Фликка ишонишади.
Эрик Тен Хаг
Нидерландияликнинг ҳали ҳам "Манчестер Юнайтед"даги келажаги сўроқ остида турибди. Мюнхен клуби унга жиддий қизиқиш билдираётганди, лекин инсайдер Флориан Плеттенберг "Бавария"га энди Эрик умуман қизиқ эмаслигини таъкидламоқда. Бу вазият ҳам Фликники билан бир хил. Агарда раҳбарият тажрибалироқ мураббий билан ишлашни танлаганида, ҳозир у асосий номзодлар қаторида турган бўларди. Тен Хаг МЮдан кетса, "Аякс"га қайтиши мумкин. Айни пайтда Нидерландия клуби ҳам янги мураббий изламоқда.
Томас Франк
Бир неча кун олдин "Бавария" Оливер Гласнерга таклиф тайёрлаётганди. Аммо "Кристал Пэлас" мураббий учун 100 миллион евро исташини билдирди. Бунақаси ҳали трансферлар тарихида рўй бермаган, яъни суммани эшитиб, ҳар қандай клуб ортга қайтган бўларди. Шундан кейин немислар "Брентфорд" устози Томас Франкга жиддий қизиқиб қолди. Ҳатто 50 ёшли даниялик билан музокараларни бошлагани ҳақида миш-мишлар йўқ эмас. Унинг таклифни қабул қилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда, бироқ курашда немислар ёлғиз эмас, "Манчестер Юнайтед" ҳам мураббийни кузатиб бормоқда.
Венсан Компани
Айни пайтда мюнхенликлар энг кўп ўйлаётган мураббий бу Компани бўлади. Клуб катта эҳтимол, уни танлаб бўлган. Энди "Бёрнли" ва собиқ "Манчестер Сити" ҳимоячисини кўндириш қолди. Жамоа Чемпионшипга тушиб кетган бўлса-да, Венсан истеъфога чиқарилмади, яъни бёрнлиликлар унга ишонишмоқда, лекин АПЛдан тушиб кетилганидан кейин уни қўйиб юборишларлари мумкин. Тез орада музокаралар бошланади ва биттагина ҳа, деган сўз билан "Бавария"нинг янги бош мураббий аниқ бўлади.
Фойдаланилган инсайдлар Фабрицио Романо, Флориан Плеттенберг ва Кристиан Фалькларга тегишли.
Фикрлар