Бахтиёр Ашурматов: "4:2 ҳисобидаги ғалабадан кейин ҳакамлар ҳақида гапириш нотўғри"
“Қўқон-1912” – “Пахтакор” (4:2) ўртасидаги ўйиндан кейин ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов иштирок этди.
- Бугунги байрам билан барча ўқитувчиларимиз ва устозларимизни табриклайман. Катта футболга қадам қўйишимда Баҳром ака Ҳакимов катта ҳиссасини қўшган. Шунингдек, Миржалол Қосимов, Александр Волков, Тачмурод Агамуродов, барча устозларимга раҳмат. Бугун футболчиларимиз томонидан бизга байрам улашилди. “Пахтакор”ни нимани эвазига ютишимиз мумкин эди? “Андижон”га қарши ўйинини кўриб чиққандик. Фақат катта хоҳиш, “Пахтакор” ўйинчиларидан кўпроқ югуриш, якка курашларда устунлик қилиш каби факторлар эвазига ютишимиз мумкин эди. Худога шукр, раҳбариятимиз ва мухлисларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлди. Жамоамиз чемпионатдаги энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди. Барча кўрсатмаларни аниқ бажаришди ва ҳаққоний ғалабага эришдик. Иккинчи бўлимда иккита гол ўтказиб юборганимиздан кейин ўйинда бурилиш бўлиши мумкин эди. Лекин футболчиларимиз ўзларида яна куч топа олдилар ва иккита муҳим голни урдик.
4:2 ҳисобида ютганимиздан кейин ҳакамлик ҳақида гапиришим жуда нотўғри бўлади. Айрим майда вазиятларда бизни фойдамизга ҳам, “Пахтакор” фойдасига ҳам хато қилган бўлиши мумкин. Лекин ҳакамни қайсидир жамоага ён босди, деб айтмаган бўлардим. Бугунги ўйинга ҳакамлик мос бўлди. “Пахтакор”га жанговар ўйин учун миннатдорчилик билдираман.
Руҳлантиришга келсак, ўйиндан олдин футболчиларимизга айтгандик, яъни, “Пахтакор” устидан охирги марта 2003 йили ғалаба қозонилган экан. Бугунги ўйин тарихий ва муҳим эди. Ўйинимиз ва таркибимиздан келиб чиқсак, 9-ўриндалигимиз мос эмас. “Андижон” ва “Машъал”га қарши йўқотилган очколар ўрнини энди юқори ўринлардаги жамоалар билан баҳсларда тўлдиришимиз кераклигини уқтирдик. Бугунги ғалабамизни муҳим факторларидан бири шуки, танлаган таркибимиздан бирорта футболчи ўйин темпидан тушиб қолмади. Бугун адашмадик. Ҳар бир футболчи яхши ўйнади. Аммо ҳамма ўйинчини ҳам майдонга туширишни иложи йўқ. Шунинг учун захирада қолиб кетган футболчилардан узр сўрайман, - дейди Ашурматов.
Фикрлар