Бахтиёр Ашурматов ОКМКни қандай кайфиятда тарк этди? Ёхуд собиқ мураббийнинг кетар чоғидаги жиддий гаплари
Ads

ОКМК клубида қандай ўзгариш юз берганини ҳамма билади. “Бунёдкор”ни бошқариб келган Миржалол Қосимов бундан буён ОКМК жамоасига устозлик қилади. Шу тариқа, олмалиқликларни Ўзбекистон Кубогини қўлга киритишига сабабчи бўлган Бахтиёр Ашурматовга чиқиш эшиклари кўрсатилди. Ушбу жамоани ёзда қабул қилиб олган Бахтиёр Аъзамовичнинг у ердаги фаолияти узоққа чўзилмади. Аммо у қисқа фурсат ичида ОКМКнинг тарихини ёзиб кетди. Шунга қарамай, унинг истеъфога чиқариб юборилгани кўпчиликни ажаблантирди. Ҳар ҳолда Ашурматов ОКМКда ёмон ишлагани йўқ. У Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди ва жамоани Осиё Чемпионлар лигаси плей-оффига олиб чиқди. Тўғри, чемпионатда жамоа у қадар ишончли қатнаша олмади ва Суперлигада қолиш учун плей-офф баҳсида иштирок этишига мажбур бўлди. Аммо муҳими Ашурматов ОКМКни Суперлигада сақлаб қолди. Кўпчиликни уни бошлаган ишини охирига етказиб қўйишини кутишганди. Ҳар ҳолда Бахтиёр Аъзамович ОКМК билан Чемпионлар лигасида иштирок этишга муносиб эди. Лекин ОКМК раҳбарияти Миржалол Қосимов номзодини маъқул кўрди. Айтиш мумкинки, футболимиз афсонаси чиндан ҳам мураббийлик фаолиятида айниқса, охирги йилларда ўзидан илиқ таассурот қолдирди. У мураккаб аҳволда қолган “Бунёдкор”ни муносиб тарзда бошқаргани кўпчиликка ёқди. Шу боис ОКМК ўз олдига катта мақсадларни қўяётгани боис янги марраларни бу сафар Қосимов билан забт этишни кўзлаб турибди. ОКМКдаги мураббий ўзгариши ҳақида клуб расмийлари ва Миржалол Қосимовнинг ўзи ҳам ўз фикрларини билдириб ўтишди. Аммо истеъфога чиқарилган Бахтиёр Ашурматовнинг бу борадаги муносабати қандай бўлгани ҳаммага ҳам қизиқ туюлса керак. Натижада амалдаги Кубок соҳиби билан жонли мулоқот олиб бордик.

“Олмалиқ футболида ўчмас из қолдира олдик”

Олмалиқлик мухлисларда барибир ушбу мураббий бошқача таассурот қолдиргани аниқ. Асосийси, ОКМК билан Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди ва жамоани Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичига олиб чиқди. Ҳаммаси ОКМК клубининг тарихида илк бор содир бўлди. Бироқ мана шундай муваффақиятларга эришган мураббийнинг истеъфога чиқариб юборилгани бироз тушунарсиз бўлди. Ушбу истеъфони шахсан ўзи қандай қабул қилган деб ўйлайсиз? Бунга энг яхши жавобни ўзидан эшитамиз.

- Бу йилги мавсум мен учун жуда ҳам қизиқарли ва кутилмаган ҳодисаларга бой бўлди. Мавсумни аввалига дўстим Улуғбек Бақоев билан бирга “Бухоро”да бошладим. Ёзда эса ОКМК жамоасини қабул қилиб олдим. Сўнг Ўзбекистон Кубогининг кутилмаганда жамоамиз томонидан қўлга киритилиши...Кейинчалик эса афсуски, “Истиқлол” билан Суперлигада қолиш учун ўтиш ўйинида иштирок этдик. Йил якунига кўра йилнинг энг яхшилари қаторига номзодимнинг қўйилиши, кейин эса мана бу истеъфо. Шунга қарамасдан биз жамоа билан биргаликда Олмалиқ футболида ўчмас из қолдира олдик. Олмалиқлик мухлисларга Осиё Чемпионлар лигаси ўйинларини кўриш имконини яратдик. ОКМК клубининг янги даражага кўтарилишига ўз ҳиссамизни қўша олдик. Бир нарсани очиқ тан олишим керакки, Осиё Чемпионлар лигасида мураббий сифатида қатнашишни катта ниятлар билан кутаётгандим. Бироқ клуб раҳбарияти билан гаплашганимиздан кейин шу қарорга келинди. Мен раҳбариятнинг қарорини тўғри тушундим. Аммо очиғини айтиш керак, уларнинг бу қарорини қабул қилиш мен учун оғир бўлди.

“Очиғи, ОКМКда ишлашни хоҳловчилар кўплигини билмаган эканман”

Энди масалага янада чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди деганларидек, ОКМКда мураббий алмаштирилиши ҳақидаги ўзгариш олдиндан гапирилаётганди ва балки бу ҳақида Ашурматовнинг ўзи ҳам эшитган бўлса ажаб эмас. Умуман олганда, унинг клубдан истеъфога чиққани ҳақида айнан ким маълум қилган? Унинг жавоби эса янада қизиқ ва аҳамиятли бўлди.

- Ҳа, тўғри, шундай гап сўзлар бўлаётган эди, - дея гапни давом эттирди, Ашурматов. - Кубокни қўлга киритганимиздан кейин эса бундай миш-мишлар озгина ортга чекинганди. Аммо Суперлигада муваффақиятсиз қатнашганимиздан сўнг яна ўша гап-сўзлар пайдо бўлди. Бўлаётган бундай гап-сўзлар ва ишлар рост ёки ёлғонми, очиғи эшитиб ўзим ҳам ҳайрон бўлиб қолдим. Кимдир қўлини кўксига қўйиб ОКМКда ишлашга тайёрман деб борган, қайсидир мураббий ўз вакилини жўнатиб ишлашга тайёрмиз деган, яна қайсидир мураббий ишлаш хоҳишини билдирган. Очиғи, ОКМКда ишлашни хоҳловчилар шунчалик кўплигини билмаган эканман. Олдин мураббийлар ўртасида бир-бирига ўзаро ҳурмат бўларди. Илгари мутахассисга бирор жамоадан таклиф бўлса, у ерда мураббий ишлаб турган бўлса, ишлаётган жойига бориш мураббий учун ор ва уят ҳисобланарди. Таклиф қилган жамоа раҳбарига вақтинчалик рад жавобини бериб, олдин ҳозир ишлаётган мураббийнинг шартномаси тугасин ёки бўлмаса аввало узил-кесил истеъфога чиқаринглар, кейин бораман дейиларди. Ҳозир эса сумкасини кўтариб ўша ерда ишлашга тайёрмиз деб ўз номзодларини таклиф қилишяпти. Кимнидир ўрнига ҳар хил йўллар билан жойлашишга ҳаракат қилаётган инсонлар шу нарсани унутмаслиги керакки, ўша ишлаётган инсонни ҳам бола-чақаси, оиласи бор. Ишдан бўшаса яқин инсонлари ўз яқини учун хавотир олади, асабийлашади, унинг учун жон куйдиришади. Айтмоқчи бўлганим шуки, ўз оиласини боқиш учун ҳар хил қабих йўллардан фойдаланмаслик керак. Мураббий натижа кўрсата олмадими, унда уни ишдан бўшатишади. Ана ўшанда бўшаган ишга боравер, шунда ҳеч ким хафа бўлмайди ва омад тилайди.

“Қосимов билан бош мураббий бўлганидан сўнг гаплашмадим”

Ашурматовнинг ОКМКдаги ўрнини унинг ўзи жуда ҳурмат қиладиган мураббий – Миржалол Қосимов эгаллади. Қизиқ, ушбу мутахассис Бахтиёр Аъзамовичнинг ўрнини эгаллашдан аввал у билан бу масалада гаплашдимикин?

- Миржалол Қўшоқович Қосимов билан ОКМКга бош мураббий бўлганидан кейин гаплашганим йўқ. Охирги марта йил якунига бағишланган тақдирлаш маросимида кўришган эдик, - деди собиқ мураббий.

“Клубдан кетиш мен учун оғир бўлди”

Бахтиёр Ашурматовнинг дабдурустдан клубдан кетгани ўзи учун оғир зарба бўлди деяётганлар ҳам бўляпти. Хўш, бу масалада у қандай фикрда экан?

- Тўғриси, клубдан кетишим мен учун оғир бўлди. Чунки мураббий сифатида Осиё Чемпионлар лигасида қатнашиш, мураббийлик маҳоратимни ошириш, ўзбекистонлик мухлисларнинг меҳрини қозониш, Олмалиқда футболни ривожлантириш ва яхши жамоа тузиб Осиё Чемпионлар лигасида ҳам сенсация кўрсатиб, футболда имконсиз нарсанинг ўзи йўқлигини исботлаш учун ажойиб имконият эди. Лекин бу истеъфо мени янада кучлироқ бўлишга, ўз устимда кўпроқ ишлашимга, мураббий сифатида янада кучлироқ бўлишга ундайди.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
31/12/2018 13:11
Кумиков багажида олинган кубок.
Anjanlik
31/12/2018 14:45
100% qo‘wilaman..Ashurmatov murabbiy emas..Mirjalol gullatadi hali AGMKni...

Минбар

Барча блоглар