Бахтиёр Ашурматовдан ўзгарган тақвим, мухлисларсиз футбол ва "Бунёдкор"ни қандай ютиш мумкинлиги ҳақида
Чемпионатнинг дастлабки учта туридан сўнг иккита ғалаба ва бир мағлубият қайд этган ҳолда турнир жадвалида учинчи ўринда бораётган “Қўқон-1912” жамоаси ҳам машғулотларга астойдил киришиб кетди.
Бахтиёр Ашурматов ушбу жамоада бош мураббий сифатида дебют мавсумини ўтказмоқда. У ҳам мухлислар олдида юзи ёруғ бўлишини ҳамда ўзига билдирилган ишончни оқлашни истайди. Шундай хоҳиш ва истакка қараб у ҳам яна машғулотларга жиддий киришган.
Олдинда эса қўқонликларни Тошкентда “Бунёдкор”га қарши оғир учрашув кутиб турибди. Ўз навбатида қўқонлик мухлислар ҳам севимли жамоасидан фақат ижобий натижалар кутаётгани ҳам ҳеч кимга сир бўлмаса керак.
Ашурматов эса мавжуд вазиятни яхши тушуниб турибди ва шуларни ҳисобга олган ҳолда Sports.uz сайти учун айрим муҳим жабҳалар бўйича ўзининг муносабатларини билдирди.
Тайёргарлик ҳақида
- 2,5 ой мобайнида карантин туфайли ўйинчилар ҳам, мухлислар ҳам футболсиз зерикиб қолишлари турган гап. Шу сабабли чемпионатимизни яна давом эттиришга рухсат берилгани барчани хурсанд қилгани аниқ. Биз Қўқонда машғулотларни бугундан бошладик. Тўғри, бунгача футболчиларимиз уй шароитида шуғулланиб туришди. Аммо, барибир жамоавий машғулотлардан фарқ қилади. 13 июнь куни “Бунёдкор” билан ўйнаймиз ва ўша учрашувгача жамоамизнинг жисмоний ҳолатини меъёрига келтириб олишимиз муҳим. Режамиз бўйича 1-6 июнь кунлари Қўқонда шуғулланамиз. Футболчиларга бир кун дам берилгач, 8 июндан Тошкентда тайёргарликни давом эттирамиз.
Ўртоқлик учрашуви ўтказиладими?
- Албатта, расмий учрашувга қадар битта ўртоқлик учрашувини ўтказишга ҳаракат қиламиз. Бу борада клублар билан музокаралар олиб боряпмиз. 5 июндан расман ўртоқлик учрашувларини ҳам ўтказишга рухсат берилади. Шу боис ўртоқлик ўйинини ўтказишга ҳам ҳаракат қиламиз. Деярли уч ой давомида жамоамиз ўйнагани йўқ. Агар расмий баҳсгача бироз бўлса ҳам ўйин ритмига эга бўла олсак, бу ўзимиз учун фойдали бўлади.
Футболчилар карантиндан қай ҳолатда қайтишди?
- Футболчиларимиз билан бунгача ҳам доимий равишда телефон орқали мулоқотда бўлиб турганмиз. Йигитлар уйдаги имкониятларига қараб якка тартибда шуғулланиб туришган. Футболчилар шу касбни танлашгани сабабли барибир ўз ишларига нисбатан жиддий ёндашишган. Умуман олганда, ўйинчиларимиз орасида ортиқча вазнга эга бўлиб қолганлари кўзга ташлангани йўқ. Футболчиларимиз уйларида индивидуал машғулотлар ўтказишгани билиниб турибди.
Уч ойлик танаффусдан кейинги
футболимиз ўз жозибасини йўқотмасмикин?
- Ҳаммаси кутилмаган ҳолат бўлди. Бутун дунёга келган пандемия оғир зарба бўлди. Афсуски, спортга ва хусусан футболга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Биз эса бундай вазиятдан чиқишга мажбурмиз. Балки айрим ҳамкасбларимиз 13 июнгача бўлган машғулотлар ўтказиш муддатини кам, дейиши мумкин. Лекин мен ПФЛ томонидан чиқарилган қарорни тўғри, деб ҳисоблайман. Барибир ўйиндан-ўйинга футболчиларимиз спорт формаларини тиклаб олишади. Тўғри, бу осон бўлмайди. Шунга қарамасдан, футболчилар мухлисларни хурсанд қиладиган ўйин кўрсатишлари керак бўлади. Чунки мухлислар ҳам футболни соғинган. Афсуски, ҳозирча ўйинларимиз ишқибозларсиз ўтади. Бу эса 50 фоизга футболимиз жозибасини йўқотади, дейишимиз мумкин. Айниқса, водийда мухлисларсиз футболни тасаввур қилиш жуда ҳам қийин. Томошабинларга телевизор орқали бўлса ҳам чиройли ўйин кўрсатиб беришимиз лозим. Тўғриси, охирги пайтларда футболимиздаги тезлик ва кескинлик борасида ҳам мухлисларимиз томонидан эътирозлар билдирилаётганди. Энди эса ўйинларни уларсиз ўтказишимиз янада қийин бўлиши мумкин. Масалан, ўз жамоам мисолида айтадиган бўлсам, стадионимизда ўтадиган беллашувларда ишқибозларимиз футболчиларимизга куч-қувват бағишлаб туришарди. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари билан ўйиннинг охиригача кучли иштиёқ билан ўйнашимизга туртки беришарди. Шу боис ишқибозларсиз ва уч ойлик танаффусдан кейинги футбол нисбатан жозибасизроқ бўлиши мумкин.
“Бунёдкор”га қарши ўйин хусусида
- Айни пайтда барча клублар жисмоний томондан бир хил ҳолатда, деб ўйлайман. “Бунёдкор” билан учрашувда ғалабага бўлган чанқоқлик ва иштиёқ қайси жамоада кўпроқ бўлса, шунингдек, жисмоний тайёргарлик қай бирида яхшироқ кўринса, ўша клуб ғалаба қозонади. Мухлисларимизга шуни ишонч билан айта оламанки, футболчиларимиз ғалаба учун охиригача курашишади. Бунга ишончим комил. Қандай ютиш мумкин? Бу масала бўйича шуни айтишим мумкинки, “Бунёдкор” билан учрашувгача рақибга қарши режалар ишлаб чиқамиз ва шунга қараб тайёргарлик кўрамиз. Лекин олдиндан бир нарса дейиш қийин. Ўша куни ким кучлироқ эканлигини ўйин кўрсатиб беради. Биз эса ҳам жисмонан, ҳам тактик тарафдан “Бунёдкор” билан учрашувга муносиб тайёргарлик кўришга ҳаракат қиламиз. Вадим Абрамов у ерда яхши жамоа тузган. Ўтган йили 3-ўринни қўлга киритди. Ўйлайманки, “Бунёдкор” – “Қўқон-1912” ўртасидаги учрашув чемпионатимизнинг қизиқарли ўйинларидан бири бўлади.
Фикрлар