
Максим Шацких: "Рақиб мураббийи икки очко йўқотдик деганини эшитдим, у алдаяпти"
“Андижон” - “Ал-Халдия” (0:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида жамоамиз бош мураббийи Максим Шацких ва учрашувнинг энг яхши футболчиси Дониёр Абдуманнопов қатнашдилар.
Максим Шацких: - Ҳамма кўрди, бугун жамоамиз кўрсатган ўйини ва яратилган имкониятларни сарҳисоб қилиб, ғалабага мос ўйин кўрсатдик, деб бемалол айта оламан. Учрашувдан кейин кийим алмаштириш хонасида футболчиларга миннатдорчилик билдирдим. Иштиёқ, ўйинга бўлган муносабат, ғалабага бўлган чанқоқлик кўриниб турди ва шунинг учун миннатдорчилик билдирдим. Умуман олганда, биз етарлича вазиятлар ярата олдик. Бугун икки очко йўқотдик. Олдимизда чемпионатни иккита ўйини бор. Кейинги учрашувларда яхши натижалар кўрсатишни ният қиламиз. Энди учта ўйин ўйнадик. Ҳали гуруҳдан чиқишга имкониятларимиз бор.
Дониёр Абдуманнопов: -Ўйинга яхши тайёрлангандик. Учрашув биз ўйлагандек бўлди. Барча футболчилар ўйинга 100 фоиз тайёр эди. Мураббий айтганидек, икки очко йўқотдик. Мухлисларимизга қўллаб-қувватлашганига раҳмат.
- Максим Александрович, жамоа учта ўйинда ҳам гол ура олмади. Бунга қандай изоҳлайсиз?
Максим Шацких: - “Учта ўйинда гол ўтказмаганимизни ижобий тарафи ҳимоядаги ўйинни яхшилиги. “Шўртан”га 4 та гол ургандик, афсус, бу ерда гол ура олмадик. Умид қиламанки, ҳали уриладиган голларимиз олдинда.
- Иккинчи бўлимда кутилмаганда жамоа сардори Дамир Темиров ҳамда Дониёр Абдуманноповни алмаштирилиши нима билан боғлиқ?
Максим Шацких: - Улар жуда катта ҳажмдаги ишни бажаришди. Ўзлари ўйнаган дақиқаларда рақиб ҳимоячиларини саросимага солиб турди. Алмаштиришни иккита сабаби бор. Биринчиси, улар толиқиб қолишди. Мен футболчиларимни яхши биламан. Майдонда уларни қанақа ҳажмдаги ишни бажаришгани менга кўринди. Яна бир сабаби, кўрган бўлсанглар, рақиб ҳам унгача учта футболчини туширганди. Айнан майдон марказига футболчи туширилди. Шу боис марказни янада яхшироқ қилиш мақсадида марказга ўйинчи туширдик. Шу тариқа, ўйинни яна ўз қўлимизга олишга ҳаракат қилдик.
- “Андижон” жамоаси биринчи бўлимни 30-дақиқасигача ўйинни меҳмонларга бериб қўйди. Ундан кейин жамоа мослашди. Бу нима билан боғлиқ, тактиками ёки...
Максим Шацких: - 30-дақиқагача меҳмонлар кўпроқ тўпга эгалик қилди, дегани тўлиқ устунлик қилди, дегани эмас. Дарвозамиз олдида айтарли хавфли вазиятлар ярата олмадилар. Ўйин давомида бор-йўғи биттами, зарба беришди. Араб жамоаларига хос тарзда тўпни яхши назорат қилишади. Тўпни назорат қилиши бу жамоага қандайдир устунлик берди, дегани эмас. Биз ҳам тўпсиз ўйнашда яхши ҳаракат қиламиз. Олдиндан шунақа режамиз бор эди. Улар толиқишгач, қарши ҳужумларда тезкор ва тажовузкор ҳаракат қилишни ўйладик. Айтганимдек, тўпни назорат қилиш ҳар доим устунлик беради, дегани эмас. Ҳозирги футболда ҳамма тўпни назорат қила олади. Ҳимояда яхшироқ ўйнашга ҳаракат қилдик. Ҳатто, “Манчестер Сити” ҳам ҳимояга ўтиб ўйнашни ўрганяпти. Бу футболни ёзилмаган қоидаси. Рақиб 90 дақиқа давомида айтарли ҳужум яратмади. Рақиб мураббийи икки очко йўқотдик деб айтганини эшитдим. Лекин у алдаяпти. Чунки кўриниб турганди, улар дуранг учун келган. Ўйиндан кейин дурангдан хурсанд ҳам бўлишди.
- Рақиб жамоа сизда қандай таассурот қолдирди?
Дониёр Абдуманнопов: - Бу жамоани кўриб чиққандик. Бўйдор ҳимоячилари бор. Қарши ҳужумларда ҳам яхши ўйнашга ҳаракат қилдик. Биз ўйлагандек бўлди.
Фикрлар