Бахтиёр Ҳамидуллаев: Ўйинчилар билан жиддий гаплашамиз, футболни бундай ўйнаб бўлмайди

“Бунёдкор” – “Андижон” ўйини голларга бой тарзда ўтди ва унда мезбонлар 6:2 ҳисобида рақибини тор-мор келтирди. Учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида “Андижон” бош мураббийи Бахтиёр Ҳамидуллаев мағлубиятнинг сабабини қуйидагича изоҳлади:

- Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, бошида марказий ҳимоячиларимизнинг иккита қўпол хатолари эвазига голлар ўтказиб юбордик. Натижада футболчилар руҳан “синиб” қолишди. Шундан кейин ўзларига кела олишмади, деб ўйлайман. Аммо ҳисоб бу қадар йириклашиб кетишини ўзимиз ҳам кутмагандик. Ҳолбуки, бу баҳсга жиддий тайёргарлик кўргандик. Фақат учрашув бошидаги голлар туфайли йигитлар руҳан “синиб” қолишди.

- Иккита голдан кейин жавоб қайтардинглар-ку...

- Ҳа, бўлди. Барибир футболчиларимизга саволлар кўп. Буни қайта-қайта кўриб чиқамиз. Энди кўплаб ўйинчилар билан қаттиқ гаплашамиз, шекилли. Футболни бундай ўйнаб бўлмайди. Эски замоннинг футболи. Уларнинг хаёлларида шунақа футбол қолиб кетган кўринади. Бундай эски ўйинни футболчиларнинг мияларидан чиқаришга урингандик. Ўтган беллашувларда бошқача савияда ўйин кўрсатаётгандик. Бугун эса йигитлар негадир эски ҳолига қайтиб қолишди.

- Умумий маънода, бугун “Андижон”нинг куни эмас экан, десак бўладими?

- Бўлади. Иккинчи дарвозабонимизни майдонга туширганимизда у ҳам жароҳат олди ва ўрнига футболчимизни қўйишга мажбур бўлдик. Чиндан ҳам бугун “Андижон”нинг куни эмас экан.

- Элдор Адҳамов нега алмаштирилди?

- Голларда уни ҳам “ҳиссаси” бор. Ўтказилган голларнинг учтасини қайтарса бўларди. Чунки берилган зарбалар қаттиқ эмасди. Ҳимоячиларга қўшилиб, унинг ҳам хатоси бор.

- Иккинчи дарвозабоннинг соғлиги яхшими?

- Яхши. Оёғи синмабди, кейинги ўйинларга тайёргарлик кўради.

- “Андижон” бугун “Бунёдкор”нинг прессингига ва ҳужумларига тайёр эмасдек кўринди...

- “Бунёдкор”да ўйинга тайёргарлик кўриш учун биздан бир кун камроқ вақт бўлган. Бизда эса ҳаммаси жойида эди. Фақат ўша айтганимдек, ўйиннинг бошидаги иккита ўтказилган голдан кейин йигитлар “синиб” қолишди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар