
Бахтиёр Саттаров: Ҳужумчиларимизга омад етишмаяпти
А Про-лиганинг 2-турида "Шердор" жамоаси сафарда "Хоразм" (0:2)га қарши майдонга тушди. Учрашувдан сўнг самарқандликлар устози Бахтиёр Саттаров Sports.uz интернет порталига ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Қийин ўйин ўтказдик, - дея гап бошлади Саттаров. "Хоразм" ўз майдонида яхши ҳаракат қилди. Аммо, бизда уларга қараганда кўпроқ вазиятга эга бўлдик. Афсуски, гол уриш учун омадимиз чопмади. Дастлабки турда ҳам "Машъал" дарвозасини ишғол қила олмагандик. Вазиятлар яратилмоқда. Уларни фойдаланиш вақтида оқсаяпмиз. Йўл ҳам бизни бироз чарчатиб қўйди.
- "Шердор"нинг икки мағлубиятидан сўнг жамоа футболчиларининг руҳий томондан ҳолати қандай?
- Бу икки мағлубиятни бир-бири билан солиштириб бўлмайди. "Машъал"га қарши ўйинда биз жисмоний томонлама чарчоқ аломатлари сезилди. Шу туфайли 90+4-дақиқада гол олиб чиқдик. Унга қадар вазиятлар бўлди. Афсуски, фойдалана олмадик. Қолаверса, "Машъал" футболчилари ҳам яхши ўйнади. Муборакликлар таркиби жуда ёш бўлмасин, тан олиш керакки, уларда ғалабага бўлган ташналик мавжуд. "Машъал" футбол академияси юртимизда ўз ўрнига эга. Ҳозирги таркиби ҳам яхши ўйнади ва якунда ғалабани илиб кетишди. "Хоразм" билан ўйин борасида айтсам, омадимиз келмади. Шунингдек, стадион ҳолати ҳам яхши эмас. Тўғриси, бундай майдонда сифатли футбол ўйин намойиш қилишнинг имкони йўқ. Кейинги гал "Хоразм" билан ўйнайдиган бўлсак, бир неча кун аввал ташриф буюришга ҳаракат қиламиз. Ҳозир икки ўйинимизни кўриб чиқиб, ўзимизга хулоса чиқармоқдамиз. Камчиликларимиз кўп, уларни бартараф қилишимиз шарт. Ҳужумчиларимиз кўрсатаётган ўйинлардан қониқиш ҳосил қилмаяпман. Вазиятларни гол билан тугатиш вақтида омадимиз келмаяпти.
- Мавсум аввалида жамоа олиб борган селекция ишлари хусусида нималарни айта оласиз?
- Мен Самарқанд футболини ривожлантиришни истайман. Шу боисдан таркибга асосан вилоятимиздаги ёшларни таркибга жалб қилишга ҳаракат қилдим. Шунингдек, Дилшод Шарофетдинов, Илҳом Юнусов, Акмал Бозоровни ҳам жамоага қўшиб олмоқчи эдик. Чунки, улар тажрибали ва шундай футболчиларимиз таркибда бўлса, "Шердор"даги ёшларга фойдали бўларди. Афсуски, Шарофетдинов "Динамо"да маъмур сифатида иш бошлади. Юнусов ва Бозоров ҳам мавсумни жамоамизда бошлаши кутилаётганида, вазият ўзгариб кетди. Хуллас, селекция ишларидан қониқиш ҳосил қилдим дея оламан.
- Клуб ўз олдига қандай мақсадларни қўймоқда?
- Мен доимо аниқ мақсадларни кўзлаган ҳолда ишлайман. Шунингдек, раҳбариятимиз ҳам "Шердор" олдига мавсумни 1-ўринда тугатиш вазифасини қўйган. Ишонаманки, ушбу вазифани мавсум давомида амалга ошира оламиз.
- Кейинги турда "Шердор" мавсумни жуда яхши бошлаган "Истиқлол"га қарши ўйнайди. Бу ўйин борасида қандай фикрдасиз?
-Албатта, қийин ўйин бўлади. "Истиқлол" яхши жамоа. Бош мураббий ҳам ажойиб инсон, тажрибали мутахассис сифатида биламан. "Шердор" мазкур ўйинда мавсумдаги дастлабки ғалабасини қўлга киритиш учун ҳаракат қилади".
Фикрлар