“Байер” тўпурари даҳшатли аварияга учради

Германиянинг амалдаги чемпиони “Байер” ҳужумчиси Виктор Бонифасе даҳшатли автоҳалокатга учради. 23 ёшли футболчи 19 октябрь куни “Айнтрахт” дарвозасини ишғол қилиб, жамоасига ғалаба келтирган эди.

Маълумотларга қараганда, Бонифасе дўстлари билан машинада аэропортга кетаётган бўлган.  Ҳайдовчи чарчоқ туфайли машина бошқарувини йўқотган ва юк машинасига бориб урилган автомобиль ағдарилиб кетган.

Бонифасе йўловчи ўриндиғида бўлган. Машина тўлиқ пачоқланиб кетганига қарамай, ҳужумчи жиддий жароҳат олгани йўқ. Шифохонага етказилган Бонифасега тез тиббий ёрдам кўрсатилган. У қўли қонаётган суратини ўз ижтимоий тармоғига қўйиб, жиддий жароҳат олмаганини билдирди.

Виктор Бонифасе ўтган йили 34 та учрашувда 21 та гол ва 10 та ассист билан леверкузенликларнинг тарихда илк бор Германия чемпиони бўлишига катта ҳисса қўшган эди. Бу мавсум эса, нигериялик ҳужумчи еттита ўйинда бешта тўп киритди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!