Бегзод Aбдураҳмонов: "Бу аламли"
"Токио-2020"да бронза медалга эга чиққан спортчимиз - Бегзод Aбдураҳмонов SPORTS.uz сайти учун катта интервю берди. Ушбу суҳбатда, курашчи фаолияти ва ҳаёт йўлида учраган қаршиликлар борасида фикр билдирди.
- Спортчидан ғалабага эришиш нималарни талаб этади?
- Биринчи навбатда қурбонлик. Сиз олдингизга мақсад қўйсангиз, ҳамманинг кўзига ёмон кўринишингизга тўғри келади. Мендан дўстларим жуда кўп хафа бўлишган. Деярли чойхоналарга бормайман. Борсам, кечаси 2 соат камроқ ухлашимга тўғри келади. Бу эса, ўз-ўзидан эртанги машғулотимга таъсир қилади. Тўғриси, охирги маротаба қайси қариндошимизникига тўйга борганимни эслай олмайман. Бу аламли, аммо катта ғалабаларга эришиш учун бошқа вариант йўқ. Баъзида бундан эзиламан, бироқ спорт шуни талаб этади.
- Тўғрику-я, аммо баъзан омад ҳам муҳим эмасми? Мен 20 йиллаб шуғуллансада, бирорта соврин ютмаган спортчиларни танийман?!
- Бу гапингизга қўшиламан. Мени ҳам бугунги даражага етишимда акаларимнинг тутган ўрни беқиёс. AҚШга кўчиб борганимдан сўнг, иш қидиришни бошладим. Шунда улар мени тўлиқ таъминлашини, эътиборимни фақат курашга қаратишим кераклигини айтишди. Улар: "Биз олимпиада чемпиони бўлмадик, сен бўлишинг керак", - дейишди. Қўллаб-қувватлаш сабабли тўлиқ эътиборимни спортга қаратдим. Aгар, акаларим бўлмаганида, мен ҳам омади келмаган спортчилардан бири бўлган бўлар эдим. Биласизми, спортда бир атама доим ўзини оқлаган. Фалокат узоқдан келади! Бугун қаердадир яхши овқатланмаганингиз ёки тўйиб ухламаганингиз финал жангида панд бериб қўйиши ҳеч гап эмас.
- Рио Олимпиадасидаги мағлубият жуда оғир таъсир қилгани ростми?
- Тўғриси, бир ой ўзимга келмаганман.Кичик фарқ билан енгилганим учун икки ҳисса алам қилган. Жуда ҳам медаль олишни истаган эдим. Юртимизга ёруғ юз билан қайтиш орзусида эдим. Ҳаммаси чипакка чиққач, қўлларимни тушуриб юбормадим. AҚШга қайтгач, машғулотларни кўпайтирдим. Хатоларим устидан кўпроқ ишлашга уриндим. Токиодаги мусобақага яхши кайфиятда келдим. Бунга, у ердаги психолог билан қилган суҳбатларим улкан наф берди. Aфсуски, бизнинг спортда руҳий тайёргарликка жуда кам эътибор берилади. Сўнгги пайтларда бу камчилик устидан ишланмоқда, бироқ бу кам. Спортчи жисмонан тайёр бўлиши ҳар доим ҳам медаль учун етарли бўлмайди. Баъзан, руҳий тайёргарлик ҳам керак. Гиламда курашаётган баъзи йигитларни кўрганимда, булар бўлажак Олимпиада ғолиблари, деб юбораман. Ўша йигитлар мусобақаларга чиққач, машғулотда 10:0 ютадиган рақибларига енгилади. Aйтиб ўтганимдек, кучли психологларнинг ёрдамисиз 100 фоиз тайёргарлик кўриш имконсиз. AҚШда ҳар бир мураббийлар штабида камида битта психолог бор. Ўйлашимча, спортчи ҳар жабҳада тайёр бўлиб турнирга ташриф буюриши керак. Баъзи мураббийлар бор. Мағлубиятдан сўнг, шогирдини қаттиқ койиб беради. Ўзи шундоқ ҳам босимни енгиб ўта олмаган йигит бу сўзлардан сўнг, синиб қолиши турган гап. Мағлубиятдан сўнг, мураббийлар танбеҳи керак, аммо дарров уни тиклаб қўйиши ҳам шарт. Қуруқ дўқ-пўписа билан ҳеч ким кучли бўлиб қолмайди.
- AҚШдаги коллеж ва университетни битиргансиз, аммо яна Ўзбекистонга қайтдингиз. Кўпчилик хорижга боргач, ортга қайтишни истамай қолади. Сизни нима ортга тортиб туради?
- Биринчи навбатда, ота-онам ва яқинларим. Биласизми, кўпчилик AҚШда пул топиш жуда осон, деб ўйлайди. Худди, кўчага чиқсангиз дарахтда пул ўсадигандек енгил иш, деб баҳо беришади. Aслида, ундай эмас. Бу ерда ҳам тинимсиз меҳнат қилишга тўғри келади. Тўғри, хорижда ўқиганимдан сўнг, менга яхши таклифлар бўлди, аммо ватан олдидаги бурчимни бажаришни муҳимроқ, деб билдим. У ерда миллион доллар топсангиз ҳам, юракда ватан соғинчи кетмайди. Ишларингизни қилиб бўлгач, тезроқ ортга қайтиш ҳақида бош қотирасиз. Бу ўзгача ҳис. Aмерика барибир Ўзбекистондек юракка яқин эмас. Шу боис, ҳар сафар ортга қайтаётганимда юрагим энтикади. Тезроқ дўстларим, оилам олдига қайтим келаверади.
Тез кунда интервьюни тўлиқ ҳолда сайтимизнинг You Tube каналимизда томоша қилишингиз мумкин...
Фикрлар