Бектемир Абдуманнонов ва Шерзод Эсанов "Андижон" билан шартнома имзолади
“Андижон” жамоаси трансферларни амалга оширишда давом этади. Иқтидорли футболчилар – Шерзод Эсанов ва Бектемир Абдуманнонов янги мавсумда “Андижон” таркибида тўп сурадилар.
Мухлисларимизга яхши маълумки, Эсанов “Андижон”га 2022 йилги мавсумда қўшилган. Ўтган йили эса биринчи даврадан сўнг “Олимпик” клубига ижарага берилганди. Чемпионат тугагач, унинг шартномаси якунланди. Кўриб турганингиздек, Шерзод яна “Андижон”га қайтди ва янги битим имзоланди.
Эсанов 2003 йилнинг 1 февраль куни Навоийда таваллуд топган. “Чиғатой”да футбол билан шуғулланган. Айтиш лозимки, Эсанов ўтган йили юртимизда бўлиб ўтган U-20 Осиё чемпионатида терма жамоамиз сафида ғолибликни қўлга киритган.
Жамоанинг яна бир янги аъзоси – Бектемир Абдуманнонов 2002 йилнинг 12 июль куни Жиззах вилоятининг Бахмал туманида таваллуд топган. “Пахтакор” академиясида таҳсил олган ва 2019 йили биринчи лигада тўп сурган. 2020 ҳамда 2021 йилларда “Олимпик” шарафини ҳимоя қилган. Шундан сўнг “Металлург”га кўчиб ўтган ва 2023 йил охирига қадар бекободликлар учун тўп сурди.
Абдуманнонов “Андижон” билан шартнома имзолади ва энди бор эътиборини янги клубига қаратади.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар