Шомуродов келса, бу жамоа ҳужумини тўхтатиб бўлмай қолади
Туркия футболини ёритаётган нуфузли манбалардан trhaber.com.tr сайти Суперлигада мунтазам юқори ўринлар учун курашаётган “Трабзонспор” клуби чемпионатнинг энг кучли ҳужум тандемини ташкил қилишга уринаётганига эътибор қаратди.
“Трабзонспор” бир неча кун аввал Бельгиянинг “Стандарт” клубидан 18 ёшли марказий ҳужумчи Ренато Митонгони уч баравар қимматига сотиб олганига қарамай, олдинги чизиқни тажрибали тўпурар билан кучайтириш ғоясидан воз кечгани йўқ.
Аксинча, Фотиҳ Текке жамоаси ўтган мавсум тўпурари Элдор Шомуродовни “Истанбул Башакшеҳир” клубидан олиб келиш шартлари, трансфер қиймати, амалдаги шартнома хусусиятлари ҳақида маълумот тўпланаётгани хабар қилинмоқда.
Сўнгги маълумотларга қараганда, трабзонликлар ўзбек футболчисига жиддий қизиқаётгани бежиз эмас. Клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби янги мавсумда учта мусобақада муваффақиятли қатнашиш мақсадида жамоанинг нигериялик ҳужумчиси Поль Онуачуга муносиб ва кучли рақобатчи олиб келишни истаяпти. Ёш футболчи Ренато Митонго келажак учун сармоя сифатида баҳоланаётгани сабабли, жамоага дарҳол фойда келтира оладиган тажрибали ҳужумчини ҳам жалб қилиш режалаштирилган.
Элдор Шомуродовнинг Туркия Суперлигасидаги тажрибаси, жисмоний кучлилиги ва ҳужум чизиғининг турли позицияларида ҳаракат қила олиши “Трабзонспор”нинг унга қизиқиш билдиришига асосий омиллардан бири сифатида кўрсатилмоқда.
Агар трансфер амалга ошса, Элдор Шомуродов ва Поль Онуачунинг бир жамоада ўйнаши мураббийлар штабига ҳужум тактикасида кенг имкониятлар яратиши мумкин. Ҳар икки форвард ўтган мавсумда 22 тадан тўп киритиб, Суперлига “Олтин бутса”сига эга чиқди. Умумий ҳисобда жами 44 та гол урган Онуачу ва Шомуродовдан иборат тандем вужудга келса, рақиблар бу жамоа ҳужумини тўхтатиши осон бўлмайди.
Бироқ клуб раҳбарияти қанотлар, ярим ҳимоя ва ҳимоя чизиғини ҳам кучайтириш режалари мавжудлиги сабабли молиявий мувозанатни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.
Шу боис, Шомуродов трансфери бўйича якуний қарор футболчининг умумий трансфер қиймати ҳамда жамоани тарк этадиган футболчиларнинг ҳолати ҳисобга олинган ҳолда қабул қилиниши таъкидланмоқда.
Трансферлар бўйича турли манбаларда Элдор Шомуродовга Туркиядан ташқари хориж клубларидан ҳам чорловлар борлиги ёзилмоқда. Айни пайтга қадар 31 ёшли ўзбек форвардига Россия ва Саудия Арабистони клублари қизиқиш билдиргани ҳақида маълумотлар чиққан эди. Шундан келиб чиқиб, ёзги трансферлар ойнаси ёпилгунига қадар Шомуродов фаолиятида ўзгариш бўлиши мумкин.
Энди у Премьер-лигада ўйнайди! "Динамо" Самарқанд футболчи трансферини эълон қилди
Машҳур мураббий Шомуродовни танлади

Фикрлар